Шартнома тузилмаган бўлса, қарзни қандай ундириш мумкин

preview

«Товар учун 100% олдиндан тўлов ўтказгандик, етказиб беришларини 3 ойдан ортиқ вақтдан буён кутаяпмиз, лекин ундан ҳанузгача дарак йўқ. Бу муддати ўтган дебиторлик қарзи деб ҳисобланадими? Шартнома тузилмаган, бироқ солиштириш далолатномаси мавжуд бўлса, ушбу маблағларни қандай қайтариб олиш мумкин»?

Харидорда муддати ўтган дебиторлик қарзи бўлиши мумкинми, бундай мураккаб вазиятдан қандай қилиб минимал йўқотишлар билан чиқиш мумкин деган саволга юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ жавоб берди.


Харидорда муддати ўтган дебиторлик қарзи бўлмайди

– Президентнинг 12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармони 2-б. айтилишича: «Товарлар амалда жўнатилган, ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган кундан бошлаб тўқсон кун ўтгандан кейин, етказиб берилган товарлар, кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар учун маблағлар келиб тушмаганлиги муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи деб ҳисоблансин, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно».

Норма аниқ ва лўнда баён этилган. Ундан қуйидаги маъно англашилади: товарлар билан олди-сотди қилиш (уларни етказиб бериш), ишларни бажариш ёки хизматларни кўрсатиш шартномалари бўйича сотувчи (етказиб берувчи), пудратчи ва ижрочида муддати ўтган дебиторлик қарзи юзага келиши мумкин.

Қарама-қарши тарафда (харидор, буюртмачи), яъни ўша шартномалар бўйича тўловчида юзага келадиган дебиторлик қарзи муддати ўтган деб ҳисобланмайди.

Дебиторлик қарзи

муддати ўтган деб ҳисобланади

муддати ўтган деб ҳисобланмайди

товарларни юклаб жўнатган, ишларни бажарган ёки хизматларни кўрсатган, бироқ 90 кун давомида ҳақини олмаган бўлсангиз

товарлар, ишлар ёки хизматлар ҳақини тўлаган, бироқ ҳақиқатда уларни олмаган бўлсангиз

Вақтни инобатга олсак, мантиқ кўзга ташланади. Ушбу норма киритилган 1995 йилда бозорда давлат иштирокидаги субъектлар улуши катта бўлган, бугунгиларидан фарқланувчи солиқ солиш қоидалари амал қилган. Тўлов қобилиятига эга бўлмаган истеъмолчиларга қанча кам етказиб берилса, бюджет учун шунча яхши, солиқ тушумлари шунча барқарор бўлган.

Ушбу мавзу бўйича тавсия этамиз: «Муддати ўтган дебиторлик қарзи  учун жаримани бекор қилиш вақти келди».

Шу тариқа, товарлар (ишлар, хизматлар) учун олдиндан тўлов тўлаш натижасида юзага келган дебиторлик қарзи Бухгалтерия балансининг (1-сон шакл) 260-«Маҳсулот етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар (4300)» сатрида акс эттирилади, бироқ 211-сатрда муддати ўтган сифатида кўрсатилмайди. «Маҳсулот етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар» моддаси бўйича (260-сатр) қонун ҳужжатларига мувофиқ, муддати бир йилдан кам бўлган бўлғуси ҳисоб-китоблар бўйича бошқа корхоналарга тўланган бўнаклар суммаси кўрсатилади . Молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби ва муддатлари – бу ерда.

Айрим амалдорлар нормани кенг талқин қилиб, уни норманинг ўзида тўғридан-тўғри назарда  тутилмаган муносабатларга нисбатан қўллайдилар. Хусусан, берилган пайтидан бошлаб 90 кундан ортиқ вақт ўтган етказиб берувчилар ва пудратчиларга бўнак суммаларини муддати ўтган дебиторлик қарзи деб тан олишни талаб қиладилар. 

Муддати ўтган дебиторлик қарзи учун БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима белгиланган, у корхонанинг мансабдор шахсларидан ундирилади . Мазкур тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий судлар  ёки иқтисодий низони кўриб чиқиш давомида ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, иқтисодий судлар кўриб чиқади .

Бироқ хусусий ташкилотда муддати ўтган дебиторлик қарзи юзага келган бўлса, 2019 йил 1 январдан санкциялар қўлланмайди . Яъни ташкилот устав капиталида давлат улуши бўлмаса ёки у 50%дан камни ташкил этса, ҳар қандай ҳолатда жарима солмасликлари керак. Таъсис ҳужжатларида муассислар таркиби ва устав капитали ҳақидаги маълумотлар бўлади.

Ёдингизда бўлсин, давлат, шу жумладан – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларда қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар сизнинг фойдангизга талқин қилиниши керак .

Шартномасиз қандай қилиб ундириш мумкин?

Қонун талабларига кўра юридик шахслар ўртасидаги битимлар ёзма шаклда тузилиши керак . Одатда, мажбуриятлар юзага келиши учун асослардан бири – шартнома тузилади . Унда битим предмети (сони, сифати, ассортименти, нархи) юзасидан келишувлар, бажариш тартиби ва муддатлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳажми, низоларни ҳал қилиш тартиби ва бошқа муҳим шартлар қайд этилади .

Буларнинг баридан шартнома, шубҳасиз, муҳим ҳужжат экани келиб чиқади. У тузилмаса, манфаатларингизни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш имкони сезиларли даражада камаяди, бироқ уни буткул истисно этмайди. Хатти-ҳаракатларингиз мантиғи ва изчиллигига мавжуд вазиятларга боғлиқ бўлади.

1-вазият
Шартнома тузилган, бироқ йўқолган
Уни тиклаш мумкин. Контрагентга мурожаат қилинг, йўқолгани ўрнига қўшимча нусхасини расмийлаштиришни сўранг:
  • ҳужжатни ўзингиз тузган бўлсангиз – базадан унинг электрон вариантини топиб, қоғозга чиқаринг, ўз тарафингиздан расмийлаштиринг ҳамда вазиятга изоҳ берилган илова хат билан контрагентга юборинг;
  • шартномани улар тузган бўлсалар, аввалбошдан имзоланган ҳужжат нусхасини ҳам илова қилишларини сўраб, улар айнан бир хиллигига тўлиқ ишонч ҳосил қилинг.
Бундай усулда ҳужжатни тиклаб бўлмаслиги – контрагент қайта ташкил этилган, бошқарув органлари таркиби ва тузилмаси ўзгарган, уларнинг номидан шартномаларни имзолаган ходим ишдан бўшаган бўлиши ва ҳ.к. мумкин. Бу ҳолда уларда сақланаётган асл нусхани сўраб олиб, ундан нусха олинг ва уни нотариусда тасдиқлатинг  . Харажатларингиз: давлат божи – ҳар бир саҳифа учун БҲМнинг 2%и, ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча хатти-ҳаракатлар учун тўлов – нотариус кўрсатган суммада.
Биронта вариант иш бермаган бўлса ҳам, шартномани бекор қилиш ва тўланган маблағларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.
Унда қўлингиздаги шартнома нусхаси йўқолганини кўрсатинг ва жавобгардан шартномани талаб қилиб олиш ҳақидаги илтимосномани илова қилинг . Кўрсатилган суммани тасдиқлаш учун тўлов топшириқномаси ва қўлингиздаги ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси нусхаларини тақдим этинг.
Бунда мурожаат қилиш пайтидаги жарима санкциялари суммасини «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-м. бўйича ҳисоблаш, ишни судда кўриш чоғида эса шартнома шартлари билан танишиш ва қайта ҳисоб-китоб қилиб, даъво талаблари миқдорини ўзгартириш мумкин .
Даъво аризаси берганда шартномани бекор қилишни талаб қилганлик учун давлат божи БҲМнинг 10 баравари ва ундириладиган сумманинг 2%ини (бироқ камида БҲМнинг 1 бараварини) ташкил этади.Даъво аризасининг баҳоси ошганда давлат божининг етишмаётган суммаси қўшимча тўланади, бироқ камайганда қайта ҳисоб-китоб қилинмайди .
Ташкилотингизда шартномаларни бут сақлаш учун масъул бўлган ходимни интизомий жавобгарликка тортиш мумкин . Бунда МКнинг 182, 183-моддаларида қайд этилган тартиб ва муддатларга риоя этинг.
2-вазият
Шартнома тузилмаган, бироқ олдиндан ўзаро хат ёзишганлар
Қонунга кўра хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва уларнинг хоҳиш-иродаси мазмунини белгиловчи бошқа ҳужжатларни айирбошлаш ёзма шаклда битим тузишга тенглаштирилади .
Сизнинг ҳолатда контрагентнинг хати, масалан, у таклиф этаётган товарлар ассортименти, нархлар прейскуранти, етказиб бериш тартиби ва шартлари кўрсатилган тижорат таклифининг ўзи етарли. У оферта деб ҳисобланади , сиз тўлаган тўлов эса – унинг акцепти .
Ишбилармонлик ёзишмаларида етказиб бериш муддатлари, одатда, кўрсатилмайди. Шу сабабли ФКнинг 242-м. қоидасини қўлланг: контрагентга ўз мажбуриятларини бажариши (тўланган суммадаги товарни етказиб бериши) учун ёзма талабнома йўлланг, у 7 кунлик муддат ичида бажарилмаса, – судга мурожаат қилинг.
Бу ҳолда шартномани бекор қилиш ҳақида талаб қўйилмайди, сабаби у тузилмаган. «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-м. асосида пеня ҳисобланади.
Иш берувчи сифатида битимларни кузатиш ва шартномаларни тузиш учун масъул ходимни (масалан, шартнома бўлими менежери) интизомий жазога тортишингиз мумкин.
3-вазият
Шартнома тузилмаган, ёзишмалар мавжуд эмас
Бу – асоссиз бойишга мисол. Сиз пул ўтказган ташкилотнинг (олувчи) уларга асоси йўқ, уларни сизга қайтариши керак . Ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномасини имзолаган олувчи маблағларни олганлик далилини тасдиқлаган. Ушбу ҳужжат даъво талабларингиз учун асос бўлиб хизмат қилади.
Асоссиз пул бойликлари суммасига бировнинг маблағларидан фойдаланганлик учун фоиз ҳисоблашга ҳақлисиз . Фоизлар миқдори юридик шахс жойлашган жойда мавжуд бўлган банк фоизи ҳисоб ставкаси билан белгиланади . Яъни Марказий банкнинг асосий ставкасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади. Жорий йилнинг 15 апрелидан у йиллик 15%ни ташкил этади. Фоизларни ундириш мумкин бўлган давр – олувчи судга даъво аризасини тақдим этгунча пул маблағларини олиш ёки жамғариш асоссиз эканлиги ҳақида билган ёки билиши керак бўлган вақтдан бошлаб .
Мисол
Бировнинг маблағларидан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаш
Асоссиз бойиш суммаси – 1 000 000 сўм. Маблағлардан фойдаланиш даври – 2020 йил 1 февралдан 15 майгача. Фоиз ставкаси: 2020 йил 1 февралдан 14 апрелгача (74 кун) – йиллик 16%; 2020 йил 15 апрелдан 15 майгача (31 кун) –  йиллик 15%. Тўланиши лозим бўлган фоизларни ҳисоблашда йилдаги кунлар 360 кунга тенг деб қабул қилинади (ОХСПнинг 15.06.2007 йилдаги 163-сон қарори 8-б.). Пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади: (1 000 000 х 16% : 360 х 74) + (1 000 000 х 15% : 360 х 31) = 45 805,56 сўм.

Суд томонидан қабул қилинган пул маблағларини ундириш ҳақидаги қарор қонуний кучга кирганидан кейин ижрога қаратилади . Бунинг учун суд ижро варақаси – суд қарорини мажбурий ижро эттириш учун ҳуқуқингизни тасдиқловчи ҳужжатни беради . Олинган ижро варақасини Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига тақдим этинг. Давлат ижрочиси ва қарздор ўртасидаги кейинги муносабатлар «Суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун доирасида йўлга қўйилади.

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /ru/publish/doc/text159999_shartnoma_tuzilmagan_bulsa_qarzni_qanday_undirish_mumkin