Полезное для бухгалтера в ноябре:
«Кечикаётган» ЭҲФ муаммосини контрагент билан тузилган шартномада ҳал этиш мумкин
Бугунги кунда барча бухгалтерлар электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимидан қандай фойдаланишни яхши биладилар. Интернет, ЭРИ – буларнинг ҳаммаси уларда мавжуд. Электрон ҳужжат айланиши тизимининг кўпгина операторлари мижозларга қулай бўлиши учун мобил иловаларни ишлаб чиқдилар ва ишга туширдилар. Шундай экан, нима учун ўз вақтида тақдим этилмаган ва имзоланмаган ҳисобварақ-фактуралар муаммоси ҳамон ҳал этилмаяпти? Buxgalter.uz ўқувчилар ва экспертлар билан биргаликда ушбу масалага ечим топишга уриниб кўрди.
Тан олиш керак: ЭҲФ тизимига аввалги қоғоз шаклидаги тизимда мавжуд бўлган асосий муаммо - ҳисобварақ-фактураларни ўз вақтида тақдим этмаслик ва имзоламаслик «мерос» бўлиб ўтди. Таҳририят Телеграм-канали ўқувчиларининг фақат 10%идагина ЭҲФ юзасидан ҳеч қандай муаммолар мавжуд эмас:
Жавоб варианти |
Овозлар сони |
Умумий овозлардаги улуши |
Ҳеч қандай муаммо йўқ |
67 |
10% |
Контрагентлар ЭҲФни имзолашни чўзиб юборяптилар |
346 |
53%
|
Контрагентлар юклаб жўнатиш пайтида дарҳол ЭҲФни тақдим этмаяптилар |
234 |
35%
|
Бошқа муаммолар ёки қийинчиликлар |
178 |
27%
|
Вазиятни қуйидаги шарҳлар қўшимча изоҳлайди:
- Diana Ismagilova: «Фактура.уз» хизматларидан фойдаланаман. Контрагентим бошқа оператор хизматларидан фойдаланадиган бўлса, ҳар доим ҳам менга юбораётган ЭҲФни кўра олмайман. Буни ёки «Солиқ.уз» сайтида қайта текширишим, ёхуд «Фактура.уз»да ҳужжатларни мунтазам синхронизация қилишим керак.
- Маҳмуда: «Баъзида шундай муаммолар бўладики, бир турдаги ҳисобварақ-фактуралар бир неча марта жўнатилади. Шундай ҳам бўладики, мен ўз кабинетимда ЭҲФни бекор қилган ҳолда янгисини тақдим этаман, лекин контрагентда у сақланиб тураверади. Натижада унда мен юборган ЭҲФлар сони 2 та бўлади. Корхона бошқа оператор орқали тизимга кириб, қабул қилинган ҳисобварақ-фактураларни бекор қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу ҳам нотўғри. Ушбу ҳисобварақ-фактура ҚҚС реестрига киритилган ва барча ҳисоботларда акс эттирилган бўлади».
- Elena: «Харидорлар бир неча ойлаб ЭҲФ тасдиқламайдилар. Энди биз электрон ҳисобварақ-фактурани тақдим этяпмиз ҳамда қоғоз версиясини ҳам юборяпмиз. Яъни икки шаклда жўнатяпмиз. Буни мижозлар талаб қилишмоқда. Бошқа муаммоларга ҳам тўқнаш келяпмиз. Етказиб берувчилар ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишни чўзиб юборяптилар. Ҳисобварақ-фактураларда изоҳ қолдириш имконияти мавжуд эмас. ЭҲФда бажарилган ишлар далолатномасига таҳрир киритишнинг имкони йўқ. Барча жумлалар яхлит матн бўлиб чиқади. Бир вақтнинг ўзида ҳисобварақ-фактурани ва бажарилган ишлар далолатномасини шакллантиришнинг иложи йўқ».
- Б@гира: «Ҳисобварақ-фактураларни ўтган сана билан тақдим этиш имкониятига чек қўйиш лозим. Энергетиклар, газчилар ва сувсоздан ҳисобварақ-фактуралар келишини кутиб ҳисоботлар топширишни сўнгги санагача чўзиш, ушбу ташкилотлардан ҳужжатлар келмагач, ҳисоботларни уларсиз топшириш - бу иш эмас! Улардан қанча илтимос қилинмасин – барибир бефойда. Нега улар бундай қилади? Нима сабабдан улар ўзларини «катта тутадилар»?».
- Sanjar: «ЭҲФ шаклини ва воситачилик товарларини реализация қилиш механизмини зудлик билан тасдиқлаш лозим».
- Agnessa: «ЭҲФ коммунал хизматларни қоплаш учун ҳисобварақ-фактураларни қабул қилмайди. Хизматлар ҚҚС билан келиб тушади, фирма эса ҚҚС тўловчи эмас. Ҳисобварақ-фактураларни тўлдираётганимизда тизим ҚҚС тўловчиси бўлмаган ижарага берувчи фирманинг ҚҚС рўйхат рақамини талаб этаяпти, ижарага олувчи эса тўловчи ҳисобланади. Унга ҚҚСни қоплаш учун ҳисобварақ-фактура тақдим этилади. Бир марта ҳам жўната олмадик».
- Akmal: «Темирйўлчилар жуда кеч жўнатадилар, 10-санагача чўзиб юборадилар. Уларни 5-санагача юбориш мажбуриятини қонунан белгилаш лозим. Бундай қилинмаса, ойлик ҳисоботлар ёпилишини узоқ кутишга тўғри келади».
- Ravil: «ЭҲА операторлари ўртасида синхронлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Бир операторнинг шахсий кабинетида ЭҲФни тузиш/имзолаш/бекор қилишда, ушбу фактура бошқа операторларда тузилмайди/имзоланмайди/бекор қилинмайди».
- Natali Natali: «Контрагент ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди. У ижарачи. Қоплаш учун ҳисобварақ-фактурани ҚҚС билан тақдим эта олмайди».
- Nigora M: «Давлат ташкилотлари умуман ЭҲФ билан ишлашмаяпти».
- Zulfiya: «Давлат тузилмалари ҳисобварақ-фактураларни ўз вақтида тақдим этишга шошилмаяпти. Яқин кунларда қандайдир ўзгаришлар бўладими? Тез орада ўтиш даври тугайди. Кейин нима бўлади?».
Нима қилиш керак?
Бу савол билан buxgalter.uz экспертлар, солиқ маслаҳатчилари Татьяна БЕЛОУСОВА ва Гулнора ЭРГАШЕВАга мурожаат қилди. Улар ушбу муаммоларни фақат қуйидагиларни такомиллаштириш орқали тубдан ҳал этиш мумкин деб ҳисоблайдилар:
- умуман олганда, ЭҲФ ва ЭҲА тизими техник базасини такомиллаштириш. Бу роуминг-оператор ва ЭҲА операторларининг вазифасидир. Бу вазифани улар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳал этишлари лозим.
- норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.
Айни пайтда бухгалтер қандай йўл тутиши керак?
Татьяна БЕЛОУСОВА, солиқ маслаҳатчиси, «Norma» компанияси экспертлар гуруҳи раҳбари:
«Бугунги кунда контрагент ЭҲФ тақдим этиш ёки имзолашни ортга сураётган вазиятларда унга қўнғироқ қилиб, «Ҳурматли…. Илтимос...» сўзларини айтиб ҳисобварақ-фактурани тақдим этишини ёки имзолашини сўрашдан бошқа йўл қолмаяпти. Бу кўп вазиятларда қўл келиши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бу жиҳатлар тартибга солинмаган, бинобарин, контрагентга амалда бу тарафдан таъсир ўтказишнинг иложи йўқ.
ЭҲФнинг қоғоз шаклини расмийлаштириш, умуман олганда, ҳеч нарсани ҳал этмайди. Бу ҳисобварақ-фактуралар узоқ масофага ташиладиган товарларнинг кузатув ҳужжатлари сифатида қўлланилганда, қоғоз шакли қўл келиши мумкин. Қоғозга чиқарилган ва шартнома тарафлари томонидан тасдиқланган ҳисобварақ-фактура юкхат ўрнини боса олади.
Ҳозир ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш ва имзолаш муддатларига оид муаммоларни ҳал этиш назарда тутилган ҳужжатни қабул қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Вариант сифатида, агар контрагент ЭҲФ тақдим этилган кундан бошлаб 5 кун ичида ҳисобварақ-фактурани имзоламаса, ЭҲФ имзоланган деб ҳисобланиши ҳақидаги нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Бундай ҳужжатда коммунал, транспорт, узоқ муддатли шартномалар бўйича хизматларни етказиб берувчилар томонидан ЭҲФ расмийлаштириш муддатларига алоҳида эътибор қаратилиши лозим».
Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси:
«Товар олинганда ёки хизматлар кўрсатилганда ЭҲФни тақдим этиш – бу Солиқ кодексида белгиланган мажбурият. Бу ўз вақтида амалга оширилмаса, бухгалтерияда бетартиблик бошланади, солиқ органлари тегишли далиллар аниқланганда солиқлар камайтирилган деган гумонга бориши мумкин. Шу боис кўпчилик бухгалтерлар буни ўз вақтида амалга оширишга ҳаракат қиладилар.
Контрагентлар тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни кўриб чиқиш жараёнини чўзиб юборишларига оид муаммолар кўлами ортиб бормоқда. Бунинг бир қатор сабаблари мавжуд бўлиши мумкин: электр энергия, Интернет йўқлиги, бошқа муаммоларни ҳал этиш билан банд бўлиб вақт топилмаётганлиги, компьютер бузилганлиги, компьютер билан ишлаш кўникмалари мавжуд эмаслиги ва бошқалар. Асосий сабаби эса, қонун ҳужжатларимизнинг ҳеч бирида ЭҲФни имзолаш мажбурияти тартибга солинмаганлигидир.
Контрагент томонидан имзоланмаган ЭҲФни ҳужжат деб ҳисоблаш мумкинми? Ҳа, «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бу бир томонлама имзоланган ҳужжат ҳисобланади. Бироқ ҳужжатда келишилган сифатдаги товар ёки хизматлар олинганлигини тасдиқловчи иккинчи тарафнинг имзоси ҳам бўлиши лозим. Моҳиятига кўра, тақдим этилган ва контрагент томонидан имзоланмаган ЭҲФ тўлиқ расмийлаштирилмаган «муаллақ» ҳужжатга айланади.
Қонун чиқарувчи органлар томонидан ушбу жараён тартибга солиниши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тегишли нормалар билан белгиланиши энг мақбул вариант ҳисобланади. Контрагент ЭҲФни, масалан, 5 кун мобайнида имзоламаса, у ушбу ҳисобварақ-фактура бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ҳақидаги нормани киритиш таклифи вариант сифатида кўриб чиқилмоқда. Бироқ, ушбу ташаббус кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бир томондан, бу интизомни ўрнатса, бошқа томондан тадбиркорни ҳисобга олиш ҳуқуқидан маҳрум этиши қанчалик тўғри бўлар экан?
Яна ҳал этилиши керак бўлган бошқа бир қанча низоли масалалар ҳам бор. Шу жумладан узоқ муддатли шартномаларга доир муаммолар мавжуд. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишнинг таклиф этилаётган ҳисоб-китоб усули ҳисобварақ-фактурани шунчаки расмиятчилик учун тақдим этиладиган ҳужжатга айлантириб қўйиши мумкин. Мазкур усулда ҳисобварақ-фактура ҳар ойда тақдим этилиши назарда тутилади. Бироқ, масалан, қурилиш компанияси билан шартнома биноларни тайёр ҳолда топшириш шарти билан тузилган бўлса, бажарилган ишлар ҳажми қандай аниқланади? Бу усул мажбурий тартибда қўлланилиши белгиланса, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари анча чеклаб қўйилиши мумкин.
Норма ижодкорлиги ишлари давом этаётган пайтда бухгалтер нима қилиши керак? Ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш ва имзолаш шартларини шартномада алоҳида бандда қайд этишни тавсия қиламан.
Шартномада аниқ муддатларни кўрсатинг. Шунда тарафларда бир-бирига даъво билдириш учун асос пайдо бўлади».
Олег ГАЕВОЙ.