Полезное для бухгалтера в ноябре:
Товарлар номенклатураси: «колбаса» ёки «kolbasa»?
Онлайн-кассаларга ўтганимиз сабабли товарлар номенклатураси билан ишлашга бўлган муносабат ўзгармоқда. Тадбиркорлар ушбу масалага янада масъулият билан ёндаша бошладилар. Бунда турли савдо шохобчаларининг касса техникасига киритилган товарлар рўйхатини солиштирадиган бўлсак, – биргина товар турлича қайд этилганини кўрамиз. Баъзиларида ахборот кирилл ёзувида, бошқасида лотин ёзувида киритилган бўлиши, товар ҳар хил кетма-кетликда тавсифланган бўлиши мумкин. Бу нормал ҳолатми? Бирмунча вақт ўтгач ҳаммасини ягона стандартга бирлаштиришга тўғри келмайдими? Онлайн-кассаларга энди ўтаётганлар қандай йўл тутишлари керак?
Buxgalter.uz «Марон» МЧЖ мутахассиси Рустам ЁҚУБОВ ва «Гаровтараққиёт НКМ» МЧЖ муассиси Владимир ГИБЕЛЬ билан биргаликда ушбу саволларга жавоб беришга уриниб кўрди.
Ўзбекистонда товарлар номини чекда кўрсатиш талаби 2011 йилдаёқ жорий этилган, бироқ қатъий назорат ўрнатилмаган эди. У товарлар ҳисоби тўлиқ автоматлаштирилган тарзда юритиладиган йирик дўконлар ва тармоқ супермаркетларидагина ишлаган. Бироқ аксарият тадбиркорлар ишларини осонлаштириб, товар номи ўрнига товар гуруҳи номини ёзганлар. Масалан, «Қайнатиб пиширилган «Парҳезбоп» колбаса, ишлаб чиқарувчи «ХХХ» МЧЖ, вазни» деб ёзиш ўрнига жўнгина «колбаса» деб ёзиб қўяқолганлар. Дўкон ассортиментида ўнлаб тури мавжуд бўлса, айнан қайси товар сотилганини аниқлаб бўлмас эди…
Онлайн-НКМ тизимига товар номини уни идентификациялаш имконини берадиган тарзда киритиш керак. Бироқ бу бошқа муаммога олиб келди: ягона регламент мавжуд бўлмаган шароитда идентификациялашни қандай таъминлаш мумкин?
Аслида битта товарни олиб, у сотилаётган онлайн-НКМ ўрнатилган дўконларни айланиб чиқиб, кассада штрих-коди ўқилганда у биргина ном билан қайд этилган бўлиши керак. Ушбу натижага эришиш мақсадида барча учун ягона стандартлар қабул қилинган бўлиши керак. Бироқ улар мавжуд эмас.
Доим шундай бўлиб қоладими? Яқин орада вазият ўзгарса керак. Автоматлаштирилган солиқ назорати тизимлари, товарлар маркировкаланиши ва уларнинг ҳаракатланиши устидан назоратнинг жорий этилиши ҳар битта номенклатура бирлиги бир хил ёзилишини талаб этади. Кўп сонли товарлар номларини онлайн-кассага, ҳисоб юритувчи дастурга ва бошқаларга киритиш чоғида қандай қилиб хатога йўл қўймаслик мумкин, деган савол долзарб тус олади.
Масаланинг мақбул ечими – товарларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш, у товарларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан киритиладиган маълумотлар асосида шакллантирилади. Бу савдо ташкилотларига жуда қўл келади, бундан буён ўз маълумотлар базаларини шакллантиришларига ҳожат қолмайди.
Аслида бу ғоя янгилик эмас, ҳатто онлайн-кассалар бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган. 23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚда айтилишича, онлайн-кассалар халқаро «GS1» тизими ҳамда мантиқий бирликлар ҳисобини стандартлаштирувчи ва штрих-код берувчи бошқа глобал тизимлар орқали товарлар рўйхати ва кодларини шакллантириш ва янгилаш имконини қўллаб-қувватлаши керак.
Бугунги кунда онлайн-НКМ ва виртуал кассалар реестрга киритилишидан олдин «GS1» билан интеграциялаша олиши синалади. Намуна бу синовдан ўтмаса, реестрга киритилмайди. У ҳолда нима учун бу имконият бозорда амалда қўлланмаяпти?
GS1 билан ишлай олмаслигимизнинг сабаби нимада
Ўзбекистоннинг кўпгина энг йирик савдо ҳамкорлари халқаро GS1 ташкилоти стандартларини қўллайдилар. Унинг товарлар ва уларга берилган штрих-кодлар ҳақидаги маълумотлар базаларидаги ахборотни бевосита онлайн-кассалар ва бухгалтерия дастурларига киритиш мумкин. Бироқ бунга тўсқинлик қилувчи бир қатор сабаблар мавжуд. Уларнинг энг асосийларини ажратиб кўрсатамиз:
- Бундай тизимларда қўлланиладиган товарларнинг номлари жуда узун, чекда товарлар номи белгилари сони эса чекланган (чекни ўқий олиш учун) ва НКМнинг турли моделлари учун ҳар хил. Натижада касса GS1 маълумотлар базасида кўрсатилганидек товарнинг тўлиқ номини қоғозга чиқара олмайди. Бинобарин, қайси товар сотилганини тушунишнинг имкони бўлмайди.
- Ўзбекистонда тасдиқланган онлайн-НКМ ва виртуал кассаларда қўлланиладиган фискал модуль етарли ички хотира ҳажмига эга эмас.
- Амалдаги талаблар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг маълумотлар базасига ташқи дастурлар ёрдамида ахборот киритишни ман этади.
Бошқа исталган мавжуд тизимлар билан интеграциялашга уринишда номувофиқликлар юзага келади.
Хулоса чиқарамиз
GS1 билан боғлиқ ғоя мақбул бўлса ҳам, онлайн-НКМ, электрон ҳисобварақ-фактуралар, товарлар маркировкаланиши ва товарларнинг ҳаракати ҳисобга олинишини жорий этиш учун масъул орган сифатида ДСҚ томонидан саъй-ҳаракат талаб қилади. Тизимлар ўзаро нормал ҳамкорлик қилишига имкон берувчи ишларни амалга ошириш керак бўлади.
Вазиятдан чиқишнинг бошқа йўли – республикада назорат-касса техникасининг ягона серверини яратиш. Бу мавжуд маълумотлар базаларидан бири билан интеграциялашишдан кўра мураккаб ва қийин масала. Бироқ бу ички бозордаги барча товарларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш имконини беради.
Бундай серверни яратаётганда тадбиркорлар товарларини хорижий бозорларга олиб чиқишини қийинлаштирмаслик учун экспорт қилувчи мамлакатларда қабул қилинган товарларни идентификациялаш тизимлари ва стандартларини намуна қилиб олиш лозим. Онлайн-НКМ, электрон ҳисобварақ-фактуралар, товарларнинг маркировкаланиши, шунингдек товарлар ҳаракатланишини назорат қилиш тизимини жорий этиш жараёнлари эндигина бошланган айни дамда бунга киришган маъқул.
Стандартсиз қандай ишлаш мумкин?
Ҳозирча тадбиркорларнинг товарларни онлайн-кассага киритишни ўзлаштиришдан бошқа иложлари йўқ. Бунда ТХМ (ёки – 943-сон ВМҚда қўлланилган атамадан келиб чиқсак, ТХКМ) ходимлари ёрдам беришлари мумкин. Онлайн-НКМ ёки виртуал касса ўрнатаётганда улар дастлабки созлаш ва кассирларингизни техника билан ишлашга ўргатишда ёрдам берадилар. Бунда яқин орада қоидалар ўзгариши ва товарларни янгитдан – қабул қилинган стандартларга мувофиқ киритишга тайёр бўлиш керак.
Масъул давлат органи имкон қадар яқин орада:
- товарлар ҳаракатланиши ҳисобини автоматлаштирилган тарзда юритиш тизимларини жорий этиш бўйича техник регламентларни қайта кўриб чиқиши, бунда уларнинг бир-бирига мослигига алоҳида эътибор бериши;
- товарларни маркировкалашга доир ягона талабларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши;
- товарларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш масаласини ҳал этиши керак, бу товарлар номлари билан ишлашни анча осонлаштиради ва хатога йўл қўйиш эҳтимолини камайтиради.
Олег ГАЕВОЙ.