Полезное для бухгалтера в декабре:
Хусусий нотариус ДСИ билан муносабатларни қандай йўлга қўйиши лозим
Хусусий амалиёт юритиш ҳуқуқига эга бўлган нотариуслар қуйидаги муаммоларга тўқнаш келдилар: улар ходимларига иш ҳақи ҳисоблай ва тўлай олмаяптилар. Юнусобод туман ДСИ бош солиқ инспектори Низомиддин СУЛТОНОВ ушбу масалани ҳал этиш учун идоранинг ахборот тизимини мослаштириш ва йўриқномаларда хусусий нотариуслар тизим билан қандай ишлашлари қайд этилиши лозим деб ҳисоблайди:
«СКнинг 126-моддасига мувофиқ нотариуслар солиқ органларида ҳисобга туриши лозим. Улар якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобрақамига эга бўлган ҳолда бизга мурожаат қиладилар. Ушбу ҳисобрақамни улар банк ходимларининг тавсияларига кўра олганлар. Банк ахборот тизими ва солиқ органларининг ахборот тизими ўзаро боғлиқдир, бунда якка тартибдаги тадбиркор ўзича иш ҳақини ҳисоблай ва тўлай олмайди. Хусусан, унда ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботи шакллари очилмайди.
Хусусий тадбиркор қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органларига иш ҳақи тўғрисида ҳисобот бермайди. Нотариус эса ёрдамчиларга, стажёрларга ва идоранинг бошқа ходимларига иш ҳақи тўлаши шарт.
2010 йилда бекор қилингунига қадар мамлакатда тўпланган хусусий нотариат иш тажрибасига тўхталадиган бўлсак, хусусий нотариуслар доимо алоҳида ҳисобда турган. Улар нодавлат нотижорат хўжалик субъектлари бўлган. Булар юридик шахс ҳам, хусусий тадбиркор ҳам эмас. Бунда улар ходимларни ишга қабул қилишлари, уларга иш ҳақи ва бошқа мукофотларни қонунчиликка риоя этган ҳолда тўлиқ миқдорда тўлашлари мумкин бўлган.
Нима қилиш керак?
Юзага келган вазиятдан чиқиш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
1) хусусий нотариусларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш, уларга солиқ солиш ва солиқ ҳисоботлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш;
2) қонун ҳужжатларига зарур тузатишларни киритиш;
3) банк ва солиқ органларининг мавжуд ахборот тизимларини янги ишлаб чиқилган низомга мослаштириш.
Нотариус бир туманда яшаб, бошқа туманда фаолият юритадиган ҳолатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. У қайси туманда ҳисобга туриши ва қайси солиқ органига ҳисоботларни топшириши керак?
Бугунги кунда ушбу масалани ҳал этишда белгиловчи омил яшаш жойига боғлиқ ҳолдаги СТИР ҳисобланади. Ҳозирда хусусий нотариус солиқ органларида ҳисобга қўйиш юзасидан якка тартибдаги тадбиркорларга тенглаштирилганлиги сабабли солиқларни ҳам прописка қилинган жойи бўйича тўлайди. Бироқ офис бошқа ҳудудий солиқ инспекцияси зонасида жойлашганда, кейинчалик хусусий нотариал идоранинг ҳақиқатда жойлашган жойи бўйича солиқ тўланмаяпти, қабилида тушунмовчиликлар юзага келмайдими?».
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.