Полезное для бухгалтера в декабре:
Алкоголь сотишга муддатсиз рухсатнома учун йиғим қандай тўланади
2020 йил 1 августдан бошлаб чакана савдо корхоналари ва умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун рухсат берувчи гувоҳнома чекланмаган муддатга берилади . Солиқ органлари томонидан тадбиркорларга йиғимни ҳар ойда 5-санага қадар тўлаш талаби билан хат йўлланди. Бундай муддатлар ҳеч бир НҲҲда айтиб ўтилмаган, бинобарин тўлов муддати ўтказиб юборилган тақдирда пеня тўланиши керак... Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни шарҳлаб берди:
- “СКнинг 16-моддасида айтилишича, йиғим деганда бюджет тизимига СКда ёки бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган мажбурий тўлов тушунилади. Бироқ бугунги кунда бош солиқ ҳужжатида фақат битта йиғим – автотранспорт йиғими айтиб ўтилган.
Алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқи учун йиғим ҳозирги кунда фақат ЎРҚ-589-сон Қонунда зикр қилинган. Ушбу қонун билан мазкур тўловнинг ставкалари ўрнатилган бўлиб, у ягона ҳисобвараққа келиб тушиб, келгусида маблағлар бюджет билан Давлат хизматлари агентлиги ўртасида тақсимланиши айтилган. Бошқа бу ҳақда қонун ҳужжатларида бир оғиз ҳам сўз айтилмаган, бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун бу ўта даражада камдир.
Назаримда, бугун қонун чиқарувчи органларда ушбу муаммони ҳал қилиш билан шуғулланиш учун иккита салмоқли сабаб мавжуд. Булар:
1) қонун ҳужжатларидаги яққол камчиликни бартараф этиш;
2) 23.07.2020 йилдаги ПФ-6033-сон Фармоннинг нормаси қандай ишлашини ёзиш.
Янги норма пайдо бўлгунга қадар ҳаммаси содда тарзда бўлган. Рухсат берувчи гувоҳнома бериш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати нусхаси баён қилинган муддатга мувофиқ рухсатнома олиш учун зарур бўлган мажбурий ҳужжатлар рўйхатига киради . Рухсатноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ҳамма янгидан йиғим тўлашган ва янги муддатга рухсатнома олишган. Рухсатномани узайтириш ёки янги рухсатнома олиш зарурати унинг ёрдамида йиғим тўланиши тўлиқлигини назорат қилинадиган дастак бўлган. Бундай тартиб кўп йиллик амалиёт натижасида шаклланганлиги боис, ҳеч ким қонун ҳужжатларидаги камчиликларга унча эътибор бермаган. Тўлов муддати тўғрисидаги масала долзарб бўлмаган.
Бугунги кунда вазият ўзгарган. Эски қоидалар ўрнига ПФ-6033-сон Фармон билан белгиланган янги норма келди. У қандай қўлланилади? Ушбу тўловнинг маъмуриятчилиги қандай таъминланади. Ушбу саволга жавоб излаш асносида ҳамма (аксарият қисми – солиқ органлари ходимлари) қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мурожаат қила бошлашди. Уларда эса ушбу саволларга жавоб мавжуд эмас.
Таъкидлаб ўтаман: энди рухсатнома – муддатсиз, бироқ бунда қандайдир тарзда йиғим тўланилишини таъминлаш зарур. Эски дастак энди ишламайди, янгиси эса – ҳали яратилмаган.
Солиқ органлари томонидан йўлланган хат муаллифлари воқеалар ривожидан бироз ўзиб кетишди. Дастлаб аниқ регламент яратиш, шундан кейин эса унинг асосида ишлаш зарур.
Солиқ органларининг йиғимни ҳар ойда 5-санага қадар тўлаш тўғрисидаги талаби – мантиқли ва кейинчалик тасдиқланадиган нормалар асосида ётадиган вариант сифатида кўриб чиқилиши мумкин. Бироқ айни кунда у ҳуқуқий асосга эга эмас. Солиқ тўловчи қандай йўл тутиши лозимлигини фақат унинг ўзи ҳал қилиши лозим. У талабга бўйсуниши мумкин, шунчаки уни эътиборга олиб, ўзи лозим билган йўлни тутиши ҳам мумкин.
Қачонки ПФ-6033-сон Фармон нормасини инобатга оладиган норматив база яратилса, қуйидагиларни унутмаслик зарур:
- 20.07.2020 йилдаги ПФ-6029-сон Фармон тўғрисида. Ушбу ҳужжатга асосан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинган;
- амалдаги муддатли рухсатномага эга корхоналар ушбу йиғимни рухсатноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар даврга тўлаб бўлганликлари тўғрисида.
- Хатда кўрсатилган талаблар бажарилмаганлиги учун жаримага тортишлари мумкинми?
- Шубҳасиз, йўқ. Такрорлайман: ушбу талаб ҳозирча ҳеч қандай норматив асосга эга эмас. Солиқчиларда унинг қатъий бажарилишини талаб қилиш учун асос мавжуд эмас.
Эътиборингизни шунга жалб қилмоқчиманки, бугунги кунда Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларини бузганлик учун жаримага тортишлари мумкин. Уларга риоя қилинмаганлиги учун юридик шахсларга алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солинади. Ушбу юридик шахсларнинг тегишли ходимлари эса белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар. Мазкур норма 2019 йилда қайта кўриб чиқилган ва 2019 йил 13 декабрдаги ПФ-5894-сон таҳририда амал қилади. Бироқ ушбу жарима ҳақида Солиқ кодексида ҳеч нима дейилмаган.
Алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш қоидалари бузилишини олдини олиш ва уларни бузганлик учун жазо имкониятини норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда инобатга олиш шарт. Мазкур масалани тартибга солувчи ягона ҳужжат бўлиши шарт. Ушбу нормалар учун “Қоидалар” – жуда тор ҳужжат, уларни – солиқ ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда ёзиш лозим.
Ва, албатта, алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги нормани ПФ-6033-сон Фармонни инобатга олган ҳолда киритиш зарур”.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади