Аутсорсинг компаниясини танлашда нималарни инобатга олиш лозим

preview

Бухгалтерияни аутсорсингга топшириб, ҳисоб ва ҳисобот ҳақида бошқа қайғурмаслик фикри ҳар қандай раҳбарнинг хаёлига бир марта бўлса ҳам келган бўлса керак. Ўз кадрларини ўқитишга ва ўқиган, таълим олиш жараёнида бошқа ишга кетиш ҳақида ўйлаб қолганларни ушлаб қолишга уриниш керак эмас. Қонун ҳужжатларига қандайдир ўзгартиришлар киритилса ёки улар тўлақонли тартибга солинмаган бўлса, бундан хавотирга тушмайсиз. Аутсорсер компания ҳар қандай ҳолатда ҳамма ишни маромида бажаришни зиммасига олади, ҳисоб юритиш ва солиқларга оид барча қоидалар ва талабларни билиш – унинг вазифаси. Бошқа томондан, бу унчалик осон иш эмас…

Бухгалтерия компанияси мижози пул тўлаб муаммо сотиб олмаслиги учун аутсорсинг ҳақида нималарни билиши керак? Қай бири қимматга тушади – аутсорсинг хизматларими ёки штатдаги малакали бухгалтерми? Умуман, бу ҳақда ўйлаш ўринлими? Барибир унга мурожаат қилишга қарор қилган бўлсангиз, уни қандай танлаш лозим?


«Норма» МЧЖ тажрибаси

– «Муайян функцияларнинг бир қисмини аутсорсинг шартларида чет ташкилотга топширишга тайёрмисиз» деган саволни ўзимизга бериб кўрдик. «Норма» кадрлар агентликлари билан аутсорсинг шартларида ишлашга бир неча бор уриниб кўрган. Бироқ, афсуски, уларнинг иш сифати қаноатлантирмай, охир-оқибат кадрларга оид масалаларни мустақил равишда ҳал қилишга тўғри келган. 

Сифатли хизматларни етказиб берувчини танлаш жуда мушкул. Бу бухгалтерия ҳисобига оид хизматларга ҳам тааллуқли. Бозорда бухгалтерия хизматларини кўрсатувчи фирмалар талайгина. Тўғри, улар орасида юқори савияли ва малакали компаниялар бор. Ҳаммаси ҳам шундай эмас – муаммо ана шунда.

Бу компанияда кимлар ишлашига қаранг. Уларнинг сертификатлари борми? Компания ходимларни ўқитишга қанча ҳажмда ва қандай мунтазамлик билан маблағ сарфлайди? Унинг мижозлари кимлар? У бозорда қанчадан буён фаолият юритмоқда? Уни кимлар ташкил этган? Унинг муассислари кимлар, тажрибалари борми? Энг муҳими: фирма қанчалик арзон хизматларни таклиф этса, хавфсизлигингиз учун таҳдид шунча ошади.

Аутсорсер демпинг қилса, демак, ўз ходимларига кам ҳақ тўлайди. Ходимлари бундай шароитда ишлаётган бўлсалар, унча малакали эмас эканлар.

Хуллас, корхонага қай бири қимматга тушади – аутсорсинг хизматларими ёки штатдаги малакали бухгалтерми? Аутсорсерлар билан ишлаётганда қандай қилиб хавфдан сақланиш мумкин? 


«Yaran Consulting» МЧЖ компанияси ҳаммуассиси Евгения СОН:

– «Кичик бизнес барча жараёнлар – бошланғич ҳужжатларни шакллантиришдан тортиб молиявий ҳисоботларни тузишгача аутсорсга топшириши мумкин. Йирик компаниялар, одатда, жараёнларнинг фақат бир қисми – иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш, кадрлар, инвентаризацияни топширадилар.

Бухгалтерия хизматлари қиймати, табиийки, ҳужжат айланиши ҳажмига боғлиқ бўлади. Шу сабабли ҳужжат айланиши катта бўлмаган, бироқ пул айланмаси катта бўлган компаниялар учун аутсорсинг фойдали.

Профессионал аутсорсинг компанияларидаги  ички аудиторлар ва катта бухгалтерлар жуда юқори малака даражасига эга, мижозлари турли соҳа вакиллари бўлгани учун ностандарт вазифаларни ечишларига тўғри келади. Худди шундай тажриба ва малакага эга бўлган штатдаги бухгалтер корхонага анча қимматга тушади. Аутсорсер штатида турли малакали мутахассислар – стажёрлардан тортиб ички аудиторларгача бўлгани учун унда хизматлар қийматини мақбуллаштириш имкони ҳам бор. Бу юкламаларни қайта тақсимлаш ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради. Унча қийин бўлмаган кундалик жараёнларни бошловчи мутахассис, ўта мураккабларини юқори даражали профессионал бошқаради.

Мижоз учун аутсорсинг қиймати конструктор ўйинида қисмларни йиққандек баҳоланади: ҳар бир хизмат турининг миқдор кўрсаткичларига қараб ўз қиймати бўлади.

Аутсорсингга ўтишдан аввал қуйидагиларни амалга оширишни тавсия этаман:

  • аутсорсинг компаниясидан нималарни кутаётганингизни ёзиб, режаларингизни муҳокама қилинг ва уларни шартномада қайд этинг;
  • ўз тарафингиздан мувофиқлаштирувчи – аутсорсер билан фаол ишлайдиган – ҳужжатларни топширадиган, фаолият юзасидан тушунтиришлар берадиган масъул шахсни тайинланг;
  • аутсорсерга топшираётган ҳужжатларингиз рўйхатини тузинг.

Аутсорсинг компаниясини танлаётганда:

  • компаниянинг амалдаги мижозларидан тавсиялар олинг;
  • бухгалтерия хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномани диққат билан (!) ўқиб чиқинг, «Хизмат турлари», «Сир сақлаш», «Жавобгарликни тақсимлаш», «Солиқ хизматида буюртмачининг манфаатларини ҳимоя қилиш» бўлимларига эътибор беринг;
  • ходимларнинг профессионал тайёргарлиги: сертификатларга эгалиги, малака ошириш курсларидан ўтганлигига эътибор беринг;
  • кенг ҳамкорлик тармоғи бир-бирига боғлиқ соҳаларда яхши мутахассислар: юристлар, маркетологлар, ТИФ мутахассислари ва бошқаларнинг хизматларидан фойдаланиш, бунда уларни излашга вақт сарфламаслик имконини беради».

 

«Perfect Balance» раҳбари ва асосчиси Мунивер УМЕРОВА : 

– «Сифатли аутсорсинг хизматларига тўланадиган ҳақ штатдаги бухгалтернинг иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак. Бунга асосли сабаблар бор: ҳар бир соҳа бўйича юқори малакали мутахассисларни топиш ва ушлаб қолиш мушкул; штатдаги ходимларга муносиб иш ҳақи ва солиқлар; малака оширишга сарфланадиган харажатлар; бино учун ижара тўлови ва ҳ.к. Шу тариқа ҳар ой тўланадиган ҳақ штатдаги малакали бухгалтернинг иш ҳақига тенглашиб қолади. 

Бунда сифатли аутсорсингнинг кўп ижобий жиҳатлари бор: 

  • бухгалтерия ҳисоби профессионал даражада юритилади;
  • сиз топширган вазифа устида бирйўла бир нечта профессионал ишлайди. Натижада барча масалалар тезроқ ҳал қилинади, хатога йўл қўйиш эҳтимоли эса камроқ бўлади; 
  • қўшимча хизматлар. Бухгалтерия функцияларидан ташқари, аутсорсинг компанияси кадрлар ҳисобини юритиши, ТИФ, солиқ солиш, маъмурийлаштириш, ҳисоб юритишни йўлга қўйиш ва бизнес-жараёнларни автоматлаштириш бўйича маслаҳатлар бериши мумкин; 
  • тўғри расмийлаштирилган шартномада текширувчилар томонидан мижозга солинган пеня ва жарималар қисмида ижрочининг жавобгарлиги назарда тутилади;
  • иш берувчи меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, таътил пули, декрет пули тўлаши, ижтимоий пакетлар тақдим этиши, иш жойларини жиҳозлаши, ёзув-чизув товарларини харид қилиши, интернет улаб бериши, малака ошириш курслари ҳақини тўлаши керак эмас.

Салбий жиҳатлари:

  • компаниянинг ички тизимини муайян даражада қайта қуриш талаб этилади;
  • бухгалтер билан масофадан туриб мулоқот қилинади;
  • аутсорсинг ҳужжатларни мунтазам етказиб беришни тақозо этади.

Аутсорсинг компаниясини танлаётганда қуйидаги муҳим жиҳатларга эътибор қаратишни тавсия этаман:

  1. Иш тажрибаси. Компания аутсорсинг бозорида камида бир неча йилдан буён фаолият юритаётган бўлиши керак.
  2. Штатида бухгалтерларнинг борлиги. 
  3. Ташкилот раҳбарлари малака даражасини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги.
  4. Барқарор офис, «жонли» сайт мавжудлиги.
  5. Иккала тараф имзолайдиган шартнома имкон қадар батафсил тузилган – ҳамкорлик қилиш шартлари аниқ қайд этилган бўлиши керак.
  6. Умуман компания нуфузи. Унинг иши ҳақидаги ижобий фикр-мулоҳазалар». 

 

«Balans plus» МЧЖ директори ва муассиси Ольга ИГАМРАТОВА:

– «Кичик ва ҳатто микро-корхоналар учун аутсорсинг энг мақбул вариантдир. Бухгалтерия ҳисобини юритишга киришадиган штатдаги бухгалтерлар қатъий белгиланган иш ҳақи тўлашни талаб қиладилар ва камида 5 млн сўм сўрайдилар. Кичик корхоналар штатда бундай юкни кўтаришга тайёр эмаслар – айниқса пандемия шароитида бунга етарли маблағлари йўқ. Уларга аутсорсинг арзонроқ тушади, сабаби кўпгина (шу жумладан кичик) корхоналарнинг бухгалтерия ҳисобини юритадиган компанияларда ҳаммаси бир маромга солиб олинган бўлади.

Аутсорсерларнинг хизматларидан йирик компаниялар ва ҳатто хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналари ҳам фойдаланадилар. Тўғри, уларнинг ёндашуви ва талаблари бошқача бўлади. Улар учун биринчи навбатда аутсорсернинг ўзи ва айрим мутахассисларининг иш тажрибаси муҳим аҳамиятга эга.

Тариф сиёсатида мижозга хизмат кўрсатиш ва шартномадаги ишлар ҳажмини бажариш учун сарфлайдиган вақтимиздан келиб чиқилади. Ушбу хизматлар – нархи қатъий белгиланган бир буханка нон эмас, шу сабабли уларнинг нархлари келишилади.

Аутсорсинг компаниясини танлаётганда қуйидагиларни амалга оширишни тавсия этаман:

1. Аутсорсер қўлида қанча ходим ишлашини аниқлаш. Баъзан штатда 3 киши ишласа ҳам, 50 та мижоз тўплаб оладилар. Бу ҳолда хизматчилар фирмаларнинг номи ва улар раҳбарларининг исмини чалкаштириб юборганликлари боис хизмат сифати паст, зўр-базўр бажарилган бўлади.

2. Умуман бизнес-жараён қандай йўлга қўйилганини аниқлаш.

Масалан, айрим аутсорсинг компанияларида битта ходим фақат банк ишлари билан шуғулланади, бошқа ҳеч нима қилмайди ва кўрмайди. Бошқаси – фақат иш ҳақини ҳисоблайди, учинчиси – етказиб берувчилар билан ишлайди. Бундай йўсинда ишлаш ҳам самара бермайди. Мутахассис кенг дунёқарашга эга бўлиши керак».

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /ru/publish/doc/text162044_autsorsing_kompaniyasini_tanlashda_nimalarni_inobatga_olish_lozim