Интизомий жазо чораларини қўллашда йўл қўйиладиган 5 та хато

preview

Амалиётда иш берувчилар томонидан ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари нотўғри қўлланилган ҳолатлар кўп учрайди. Buxgalter.uz илтимосига биноан «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА энг кўп тарқалган хатоликлар ва улар иш берувчи учун қандай оқибатларни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди:

1-хато. Ходим ишга маст ҳолда келганлиги учун унга қатъий ҳайфсан эълон қилинди ва бу буйруқ билан расмийлаштирилди

– МК 181-м. 2-қ. нормалари бузилган. МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандларига мувофиқ иш берувчи меҳнат интизомини бузган ходимга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чораларидан бирини қўллашга ҳақли: ҳайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш. Ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа чораларни қўллаш тақиқланади.

Қатъий ҳайфсан рухсат этилган жазо чоралари жумласига киритилмаган. Ҳайфсан эълон қилиш мумкин («қатъий» тушунчасини қўлламаган ҳолда).

Шунингдек «огоҳлантириш», «танбеҳ бериш», «тартибга чақириш» каби интизомий жазо чоралари мавжуд эмас.

Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.

Қандай тўғрилаш мумкин?

Ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кундан эътиборан бир ойдан ўтмаган бўлса, МКнинг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги аввалги буйруқ бекор қилиниши ва янги буйруқ чиқарилиши лозим.


2-хато. Ходим ишга кечикканлиги учун оғзаки танбеҳ берилди ва бу ҳолат такрорланадиган бўлса ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилди. Ишга кечикиш ҳолати такрорланганидан кейин ходим меҳнат интизомини мунтазам бузганлиги учун ишдан бўшатилди

– МК 100-м. 2-қ. 3-б. ва 182-м. нормалари бузилган. Биринчи ҳуқуқбузарлик бўйича – интизомий жазо қўлланилганлиги ҳужжат билан расмийлаштирилмаган. Тегишли равишда, ходим ножўя хатти-ҳаракат содир этмаган ҳисобланади. Мазкур ҳолатда иккинчи марта ишга кечикиб келиш мунтазам равишда меҳнат интизомини бузиш деб эътироф этиш учун асос бўла олмайди.

Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши ёки у (илгари ноқонуний равишда бирор ходимни ишдан бўшатганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса) ЖКнинг 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ходим даъво аризаси билан судга мурожаат қиладиган бўлса, ишдан бўшатиш ноқонуний деб тан олинади ва ходим ишга тикланади, иш берувчининг зиммасига эса ходимга етказилган зарарни қоплаш юклатилади:

  • мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;
  • ишдан бўшатилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлаш;
  • маънавий зарар учун компенсация тўлаш .

Ходимнинг илтимосига кўра суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин .

Қандай тўғрилаш мумкин?

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинади ва ходим ишга тикланади.

Охирги марта ишга кечикиб келинган пайтдан эътиборан 1 ой ўтмаган бўлса, ушбу ҳуқуқбузарлик ҳужжатлар билан расмийлаштирилади ва интизомий жазо чораси қўлланилади. Ходим томонидан интизомий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этиладиган ножўя хатти-ҳаракатлар меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш деб ҳисобланади.


3-хато. Иш берувчи ходимдан меҳнат интизомини бузганлиги учун тилхат ёзишни талаб қилмаган ва буйруқни расмийлаштираётганда унинг иш ҳақидан жаримани ушлаб қолган

– МК 182-м. нормалари бузилган. Ходимдан тилхат ёзиш талаб этилмаган , буйруқ расмийлаштирилмаган.

Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.

Қандай тўғрилаш мумкин?

Ходимдан тилхат олинади (агар у тилхат ёзишни рад қилса – далолатнома тузилади)  ва буйруқ расмийлаштирилади .


4-хато. Ходим илгари прогул учун бир неча марта интизомий жазога тортилган, охирги прогул учун ундан жарима ундирилган ва меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатилган

– МК 182-м. 4-қ. нормалари бузилган. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун фақат битта интизомий жазо қўлланилиши мумкин.

Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.

Қандай тўғрилаш мумкин?

Ходимга жарима суммаси қайтарилади. Ишдан бўшатиш эса ўз кучида қолади.

5-хато. Иш берувчи ходимга ножўя хатти-ҳаракати учун бу ҳолат аниқлангандан кейин 2 ой ўтгач ҳайфсан эълон қилди. Ходим бу вақт ичида ишда бўлган: унга касаллик варақаси очилмаган, таътилга чиқмаган

– МК 182-м. 5-қ. нормалари бузилган. Интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, бир ой ўтгандан кейин қўлланилиши мумкин эмас.

Айбдор мансабдор шахсга МЖТКнинг 49-моддаси бўйича жарима солиниши мумкин.

Қандай тўғрилаш мумкин?

Буйруқ бекор қилинади. 


Меҳнат низолари Меҳнат низолари Меҳнат низолари /ru/publish/doc/text166146_intizomiy_jazo_choralarini_qullashda_yul_quyiladigan_5_ta_hato