“Касаллик таътили”да ҳайфсан олиш мумкинми?

preview

Компания ходими узрли сабабларсиз прогул қилди, шундан кейин бир кундан сўнг эса “касаллик таътили”га чиқди. Директор уни интизомий жавобгарликка тортмоқчи. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш мумкинлигини buxgalter.uz учун махсус “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:


- МКнинг 181-моддасига асосан ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракат учун унга ҳайфсан эълон қилиш, жаримага тортиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин. Ходимга нисбатан беморлик даврида ҳайфсан ёки жарима каби интизомий жазоларни қўллашга қонунда тўғридан-тўғри чеклов мавжуд эмас. Шу билан бирга ходимни вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно. Меҳнат интизомини бузганлик учун меҳнат шартномасини бекор қилиш - бу МКнинг 100-моддаси 3-4-бандларига биноан (ходим томонидан меҳнат вазифаларини мунтазам ва бир марта қўпол равишда бузиш) иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишдир. Шу тариқа, “касаллик таътили” вақтида фақат ҳайфсан эълон қилиш ёки жаримага тортиш мумкин.

Бунда иш берувчи ходимни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби тўғрисидаги қонуннинг барча талабларини бажариши шарт.

Жумладан, интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши , агар ходим уни беришдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузилиши лозим. Тегишинча, савол туғилади - агар ходим ишда бўлмаса (“касаллик таътили”да) иш берувчи “тушунтириш хати”ни қандай тарзда олиши лозим?

Албатта, ходимга у томондан содир этилган интизомий ножўя хатти-ҳаракат бўйича ёзма тушунтириш тақдим этиш таклифи билан хат (шу жумладан электрон шаклда) йўллаш мумкин. Ёки - “тушунтириш хати” олиш ёки тушунтириш беришдан бош тортганлик тўғрисида далолатнома тузиш учун иш берувчининг вакилини унга юбориш мумкин. Бироқ ходим касалхонада бўлиши ёки беморлик туфайли ёзма тушунтириш беришга жисмонан қодир бўлмаслиги мумкин. Шу боис унинг ишга чиқишини кутган маъқул. Бунинг устига, жазо ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб қўлланиладиган бир ой муддатга вақтинча қобилиятсизлик даври кирмайди .

Агарда ходим “тушунтириш хати”ни тақдим этгандан кейин “касаллик таътили”ни расмийлаштирган бўлса ёки сизда бош тортганлик тўғрисида далолатнома мавжуд бўлса, ҳайфсан ёки жарима тарзида интизомий жазога тортиш тўғрисида буйруқни расмийлаштиришга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Бироқ бу ерда ходимни буйруқ билан таништириш юзасидан муаммо юзага келади, сабаби қонун иш берувчига уни ходимга тилхат олиб эълон қилиш мажбуриятини юклайди . Ходимга интизомий жазо қўллаш тартиб-таомили уни буйруқ билан таништирилганда ёки танишишдан бош тортиш тўғрисида далолатнома тузилганда тугал ҳисобланади. Шу боис, агар интизомий жазога тортиш тўғрисидаги буйруқ ходимнинг вақтинча қобилиятсизлик даврида чиқарилган бўлса, уни буйруқ билан у ишга чиққандан кейин таништиринг.

Ва унутманг: ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса - содир этилган кундан бошлаб 2 йил ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Жиноий иш бўйича иш юритилган давр бу муддатга кирмайди .


Меҳнат низолари Меҳнат низолари Меҳнат низолари /ru/publish/doc/text166151_kasallik_tatilida_hayfsan_olish_mumkinmi