Имтиҳонлар ёки малака ошириш учун тўлов жисмоний шахснинг даромади ҳисобланадими

preview

Кўпинча кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш доирасида корхона ходимларни хориждаги ёки республиканинг бошқа ҳудудларидаги ўқув юртларига ўқишга юборади. Ёки - дипломлар (сертификатлар) олиш учун имтиҳонлар топширишга ҳақ тўлашади. Қандай шартларда корхона томонидан малака ошириш мақсадларида ходимнинг ўқиши учун ҳақ тўланиши ходимнинг даромади ҳисобланмайди? Бунда ўқув юртлари қандай талабларга жавоб бериши керак? “Норма” ушбу саволларга Молия вазирлиги ва ДСҚда жавоб олди:

Мана бешта кенг тарқалган вазият:

1. Хусусий клиника ўзининг тиббиёт ходимларини хорижий клиникада малакасини ошириш учун Германияга юборади. Уларнинг ўқиши учун хорижий клиника билан тўғридан-тўғри тузилган шартномага биноан ҳақ тўланади.

2. Хусусий клиника ходимини малака ошириш учун Германияга юборади. Ходим ўқиш учун ўзи ҳақ тўлайди, бироқ корхонадан ушбу харажатларни қоплашни илтимос қилади

3. Хусусий клиника Ўзбекистон Врачлар малакасини ошириш институтига ўз ходимлари учун малака ошириш курслари учун ҳақ тўлади.

4. Тўқимачилик корхонаси (Наманган ш.) ходимларини бошқа тўқимачилик корхонасига (Тошкент ш.)  юборди ва уларнинг моделлаштириш бўйича семинарда иштирок этишлари учун ҳақ тўлади.

5.  Корхона ходимини Ўзбекистон ўқув юртига малака ошириш курсларига юборди.  Бунда имтиҳон Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган хорижий муассаса томонидан ташкил этилади. Ходим ўз маблағларидан имтиҳонда иштирок этиш учун ҳақ тўлади ва иш берувчидан харажатларни қоплашни илтимос қилди.

Қандай шартларда ходимнинг малакасини ошириш учун амалга оширилган тўлов келтирилган мисолларда унинг даромади бўлмайди?


Молия вазирлигининг жавоби:

- СКнинг 369-моддаси 2-қисми 13-бандига мувофиқ солиқ агентларининг СКнинг 386-моддасида кўрсатилган жисмоний шахс фойдасига амалга ошириладиган ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди.

Шу муносабат билан юридик шахснинг ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек тегишли ҳужжатни олиш учун имтиҳонларни топшириш билан боғлиқ харажатлари 07.06.2019 йилдаги 470-сон ВМҚга илова бўлган Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 7-банди талабларига риоя қилиш шарти билан Ўзбекистон ҳудудида малака оширадиган ва қайта тайёрлашдан ўтадиган жисмоний шахснинг даромадлари ҳисобланмайди. 

Юридик шахснинг хорижда ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек тегишли ҳужжатни олиш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарида имтиҳонлар топшириш учун, шу жумладан -стажировка йўли билан, харажатлари ҳам жисмоний шахснинг даромадига киритилмайди, агар ходимларни ўқишга юбориш раҳбарнинг буйруғи билан расмийлаштирилган бўлса.

Жавобнинг аслига қаранг.


ДСҚнинг жавоби:

– СКнинг 369-моддаси 2-қисми 13-бандига асосан солиқ агентларининг СКнинг 386-моддасида кўрсатилган жисмоний шахс фойдасига амалга ошириладиган ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди.

СКнинг 376-моддаси 1-қисми 1-бандининг 5-хатбошисига мувофиқ

солиқ тўловчи томонидан моддий наф тарзида олинган даромадлар, агар ушбу Кодекс 369-моддасининг иккинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қуйидагилардан иборат: солиқ агенти томонидан солиқ тўловчи манфаатларини кўзлаб, товарлар (хизматлар), мулкий ҳуқуқлар ҳақини тўлаш, шу жумладан - юридик шахснинг солиқ тўловчи даромади бўлган бошқа харажатлари.

23.09.2020 йилдаги “Таълим тўғрисида”ги ЎРҚ-637-сон Қонуннинг 13-моддасига асосан “кадрларни қайта тайёрлаш таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлайди.

Кадрлар малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари ва муддатлари тегишли давлат таълим талаблари билан белгиланади”.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда:

  • кадрларни қайта тайёрлаш таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлайди;
  • кадрлар малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларни чуқурлаштиради ҳамда янгилаб боради, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига кўмаклашади;
  • агар кўрсатилган вазиятларда кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш амалга оширилса, солиқ агентларининг ходимлар фойдасига амалга оширилган харажатлари ушбу ходимларнинг даромади сифатида қаралмайди.

 Жавобнинг аслига қаранг.

Эътибор беринг!
ЖШДС солиш объектини ва унинг солиқ базасини қандай аниқлаш ҳақида Молия вазирлиги ва “Норма” мутахассисларининг қўшма тавсияларида ўқинг.

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text167450_imtihonlar_eki_malaka_oshirish_uchun_tulov_jismoniy_shahsning_daromadi_hisoblanadimi