Полезное для бухгалтера в декабре:
10-сон МҲХСШҚ шарҳи: "Оралиқ молиявий ҳисобот ва қадрсизланиш"
Республикамизда молиявий ҳисоботларни МҲХС талаблари даражасида, барча қоидаларга асосан тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан саналади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ташаббусига кўра солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур соҳа мутахассислари томонидан МҲХС қоидалари хусусида маълумотлар бериб борилади. Buxgalter.uz шу йўналишдаги туркум мақолаларни чоп этади. Бугун МҲХС бўйича эксперт Назарбек Мадиримов "Оралиқ молиявий ҳисобот ва қадрсизланиш” хусусида тушунтириш беради
Молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлари - бу ташқи фойдаланувчиларга иқтисодий қарорларни қабул қилиш учун муҳим бўлган, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш қоидаларини белгилайдиган стандарт ва шарҳлар мажмуасидир. Стандартлар халқаро нотижорат ташкилоти, яъни МҲХС фонди томонидан ишлаб чикилади. Ўз навбатида фонд 2 та қисмдан иборат булиб, МҲХС Кенгаши ва МҲХС шарҳи бўйича Қўмитадан ташкил топган.
Стандарт қоидаларини тўғри талқин қилиш, баъзи бир алоҳида ҳолатларда қоидаларни қўллашда изоҳлар бериш мақсадида, ҳозирги кунгача МХҲС шарҳи бўйича Қўмита (кейинги ўринларда–МҲХСШҚ) томонидан 23 та стандартларга шарҳлар ишлаб чиқилган. Шулардан ҳозирги кунда ўзбек тилига таржима қилиниб, муҳокамага қўйилган шарҳлардан биттаси - бу 10-сон МҲХСШҚ Шарҳи "Оралиқ молиявий ҳисобот ва қадрсизланиш"дир.
Ушбу шарҳ 34-сон БҲХС “Оралиқ молиявий ҳисобот” талаблари ва бошқа стандартлар талаблари ўртасидаги тушунмовчиликларга, баҳс-мунозараларга бархам беришни, яъни гудвилл ва баъзи молиявий активлар қийматининг қадрсизланишидан кўрилган зарарларни молиявий ҳисоботларда тан олиниши ва қайта тикланиши масалаларини кўриб чиқади.
Бу шарҳни батафсилроқ кўриб чиқадиган бўлсак, 36-сон БҲХС “Активларнинг қадрсизланиши”га кўра, ташкилот учун ўтган йиллик даврда тан олинган гудвил қийматининг қадрсизланишидан кўрилган зарарни бу йилда қайта тиклаш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган. 3-сон МҲХС "Бизнесни бирлаштириш"га мувофиқ, гудвил - бу бизнесни бирлаштириш натижасида сотиб олинган бошқа активлардан келиб чикадиган келажакдаги иқтисодий нафларни акс эттирувчи, алоҳида идентификацияланмайдиган ёки алоҳида тан олинмайдиган активдир. Ушбу активга эскириш ҳисобланмайди, балки 36-сон БҲХС талабига асосан, ҳар йили гудвил қийматининг қадрсизланиши текширилади. Шунингдек, 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш”га мувофиқ, улушли инструментларга ва бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинадиган молиявий активларга қилинган инвестициялар қийматининг қадрсизланишидан кўрилган зарарлар кейинги йиллик даврларда қайта тикланиши мумкин эмаслиги ҳам таъкидлаб ўтилган эди (ҳозирда ушбу стандарт 9-сон МҲХС эълон қилинганлиги сабабли ўз кучини йўқотган).
Бироқ, 34-сон БҲХС талабларидан келиб чикадиган бўлсак, ўтган оралиқ даврда тан олинган қадрсизланишдан кўрилган зарар кейинги оралиқ даврда қайта тикланиши мумкин. Бундай қадрсизланишдан кўрилган зарар, агарда кейинги оралиқ давр охирида қадрсизланиш баҳоланганда, ҳеч қандай зарар тан олинмаса ёки кичикроқ зарар тан олинган бўлса, қайта тикланиши мумкин. Бундан ташқари, 34-сон БҲХСга асосан, ҳисоботларни оралиқ тақдим қилишлар сони унинг йиллик ҳисобот натижаларига таъсир қилмаслиги ҳам таъкидлаб ўтилган.
Юқоридаги номутаносибликларга барҳам бериш мақсадида, 2006 йил ноябрь ойида МҲХСШҚ томонидан 10-сон МҲХСШҚ Шарҳи " Оралиқ молиявий ҳисобот ва қадрсизланиш" ишлаб чиқилди ва ушбу шарҳ хулосасига кўра,
- Ташкилот ўтган оралиқ даврда тан олинган гудвил, улушли инструментларга ва бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинадиган молиявий активларга қилинган инвестициялар қийматининг қадрсизланишидан кўрилган зарарлар қайта тикланиши мумкин эмас;
- Ташкилот ушбу консенсусни 34-сон БҲХС билан бошқа стандартлар ўртасида низоли ҳолатлар юзага келиши мумкин бўлган бошқа соҳаларга ўхшаш тарзда қўлламаслиги лозим.
2014 йил июль ойида 9-сон МҲХС эълон қилинганлиги сабабли, ушбу шарҳга бир қанча ўзгартиришлар киритилиб, бир қанча бандлари чиқариб ташланди. Бунинг натижасида, ҳозирги кунда ушбу шарҳ улушли инструментлар ва бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинадиган молиявий активларга тадбиқ қилинмасдан, фақатгина гудвилга нисбатан қўлланиладиган бўлди, яъни шарҳ ташкилот ўтган оралиқ даврда фақатгина гудвил бўйича тан олинган қадрсизланиш зарарини қайта тикламаслиги зарурлигига изоҳ бериб ўтадиган бўлди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, молиявий ҳисоботларни МҲХС талабларига мос равишда тайёрлашда, стандарт қоидаларини тўғри талқин қилишда, баҳс-мунозарали ҳолатларнинг олдини олишда МҲХСШҚ шарҳлари муҳим аҳамият касб этади ва Ўзбекистонда МҲХСни жорий этищда, ташкилотларга молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида тайёрлашда кўмакдош вазифасини бажаради.