Полезное для бухгалтера в декабре:
7-сон Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти: Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот
Ҳисоботларда пул маблағлари ва уларнинг ҳаракатлари, эквивалент таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни 7-сон Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти талабларига кўра қандай акс эттирилиши хусусида ACCA, FMVA (CFI), MBA, МҲХС Фонди экспертлар қўмитаси аъзоси Жавлон Умаров buxgalter.uz учун маълумот берди.
Пул маблағлари ҳаракати ҳисоботи молиявий ҳисоботнинг умумлашган даромад, молиявий ҳолат ва капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботлар қаторидаги асосий ҳисоботларидан бири ҳисобланади. У ҳисобот даврида пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни, ҳисобот давридаги пул оқимларини операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятлар бўйича таснифлаш орқали ёритиб беради.
Хўш, пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари нима?
7-сон БҲХС (6-банди) пул маблағларини "нақд пул ва талаб қилиб олгунча депозитлар" деб таърифлайди. Пул маблағларининг эквиваленти эса "қисқа муддатли, белгиланган суммадаги пул маблағларига осон айлантириладиган ва қийматининг ўзгариши жиҳатидан аҳамиятсиз даражадаги рискка эга бўлган юқори ликвидли инвестициялар" деб таърифланган.
Демак, пул маблағлари эквивалентининг сўндириш муддати 3 ойдан кам бўлиши керак. Бу ҳисобот кунидан бошлаб 3 ой эмас, балки шартнома ёки харид кунидан бошлаб инвестициянинг умумий муддатидир. Шунинг учун, агар ташкилотнинг 6 ойлик омонатга инвестицияси бўлса, бу пул маблағларининг эквиваленти сифатида таснифланмайди.
Пул маблағларининг эквивалентлари қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
- Банкдаги омонатлар
- Депозит сертификатлари
- Пул бозоридаги молиявий инструментлар
- Корпоратив облигациялар
- Давлат облигациялари
- Евробондлар
- Банк овердрафтлари
Ташкилот пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботида “Пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари” таркибига банк овердрафтдаги кредит балансни қўшса ҳам, одатда уни молиявий ҳисоботдаги “Пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари” қаторига кирита олмайди. Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда банкнинг овердрафт суммаси жорий мажбуриятлар сифатида кўрсатилиши керак. Бундай ҳолатни ташкилот молиявий ҳисоботга изоҳларда ёритиб бериши керак.
Инвестицияларни (масалан, бондлар, облигациялар, депозит сертификатлари) пул маблағлари эквиваленти сифатида кўрсатиш учун, бу инвестицияларни ташкилот истаган вақтда аҳамиятли жаримасиз (масалан, эрта ёки муддатидан олдин сўндириш учун олинадиган жарималар каби) пул маблағларига айлантира олиши мумкин бўлиши керак.
Aгар ташкилотнинг қисқа муддатли омонати катта кредит-рискка (яъни контрагент мажбуриятини ёпа олмаслик рискига) дучор қилса, ушбу омонатни пул маблағлари эквиваленти ичига қўшиб бўлмайди.
Стандартнинг 7-бандида ҳеч қандай инвестициялар (капиталга, акцияларга, уставдаги улушга эга бўлганда) пул эквиваленти сифатида таснифланмаслиги таъкидланган. Бунинг сабаби шундаки, уларда одатда қиймат ўзгариши риски юқори.
Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот
Юқорида айтиб ўтилганидек, пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот - ташкилотнинг ҳисобот даври давомида пул оқимини кўрсатадиган ва тушунтирадиган жадвалдир. Ушбу жадвални қуйидаги учта тоифадаги пул оқимларига бўлиш керак:
1.Операцион фаолият;
2.Инвестиция фаолияти;
3.Молиявий фаолият.
Операцион фаолиятдан келадиган пул оқимларига нималар киради?
7-сон БҲХС, 6-банди операцион фаолиятни "ташкилотнинг асосий даромад келтирувчи фаолияти, ҳамда инвестиция фаолияти ва молиявий фаолиятдан ташқари бошқа фаолият турлари" деб таърифлайди.
Операцион фаолиятдан олинган пул оқими қуйидаги маълумотни бериши мумкин:
- Aгар операцион фаолиятнинг пул оқимлари ижобий бўлса, бу ташкилот ўзининг операцион фаолиятини сақлаб туриши ва ҳаттоки инвестиция фаолияти (асосий воситалар сотиб олиш, облигацияларга инвестиция киритиш) ёки молиявий фаолият (дивиденд тўлаш, кредитларни тўлаш) учун зарур пул маблағларини ажрата олиши мумкинлигини билдиради.
- Aгар операцион фаолиятнинг пул оқимлари салбий бўлса, бу ташкилот операцион фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун инвестиция фаолиятидан (масалан, инвестициялардан тушган дивиденд даромадлари, инвестицияларни сотиш) ёки молиявий фаолиятдан (масалан, кредит олиш) қўшимча пул маблағлари талаб қилиниши кераклигини англатиши мумкин.
Операцион фаолиятнинг пул оқимлари тўғридан-тўғри (бевосита) ёки билвосита усул ёрдамида тайёрланиши мумкин. Ҳисобот қай усулда тайёрланган бўлишига қатъи назар, ҳар бир сарлавҳа остида (операцион, инвестицион, молиялаштириш) кўрсатилган жами суммаларга таъсир кўрсатмаслиги керак.
7-сон БҲХС қуйидагиларни операцион фаолиятнинг пул оқимлари сифатида мисол келтирган:
- Товарларни сотиш ва хизматларни кўрсатишдан пул маблағларининг келиб тушиши;
- Роялти, хизмат ҳақлари, воситачилик ҳақлари ва бошқа тушум кўринишида пул маблағларининг келиб тушиши;
- Етказиб берувчиларга товарлар ва хизматлар учун пул маблағларининг тўлови;
- Ходимларга ва ходимлар номидан пул маблағларининг тўлови;
- Суғурта ташкилотининг мукофотлар ва даъволар, аннуитетлар ҳамда суғурта полиси билан боғлиқ бошқа тўловлар бўйича пул маблағларининг келиб тушиши ва пул маблағларининг тўлови;
- Молиявий ёки инвестиция фаолиятига аниқ тегишли бўлмаган фойда солиғи бўйича пул маблағларининг тўлови ёки уларнинг қайтарилиши;
- Дилинг ёки савдо мақсадларида тузилган шартномалар бўйича пул маблағларининг келиб тушиши ва пул маблағларининг тўлови.
Инвестиция фаолияти
7-сон БҲХС 6-банди инвестиция фаолиятини "узоқ муддатли активларнинг ва пул маблағлари эквивалентларига кирмайдиган бошқа инвестицияларнинг харид қилиниши ва ҳисобдан чиқарилиши" деб белгилайди. Инвестиция фаолиятига қуйидаги пул оқимлари киради:
- Aсосий воситалар, номоддий активлар ва инвестиция объектларини ҳарид қилиш учун тўловлар;
- Aсосий воситалар, номоддий активлар ва инвестиция объектларини сотишдан тушган пул оқими.
- Бошқа ташкилотларнинг улушига бўлган ёки облигациялар, бондларни ҳарид қилиш учун тўловлар;
- Бошқа ташкилотларнинг улушига бўлган инвестицияларни ёки облигациялар,бондларни сотишдан келиб тушадиган маблағлар;
- Инвестициялардан олинган дивидендлар.
- Шўъба корхона ҳарид қилиш учун бўлган соф тўловлар (бу ерда шўъба корхонани сотиб олиш учун кетган пул маблағлардан, шўъба корхонанинг бизга кириб келган вақтидаги пул маблағлари олиб ташланиши керак);
- Шўъба корхона сотилгандан келган соф тушум.
Молиявий фаолият
7-сон БҲХС 6-банди молиявий фаолиятни «ташкилотнинг киритилган капитали ва қарз маблағларининг миқдори ва таркибидаги ўзгаришларга олиб келадиган фаолият» деб таърифлайди. Қуйидагилар молиявий фаолиятнинг ичига киради:
- Қарзга олинган пул маблағлари тушуми ва уларни тўлашдаги чиқимлар (пул маблағлари эквиваленти таркибига киритилган овердрафтдан ташқари);
- Aкциялар ва бошқа улушли инструментларни чиқаришдан тушган пул маблағлари;
- Шўба корхоналардаги назорат қилинмайдиган қўшимча улушларни сотиб олиш ва уларни сотишдан тушган пул маблағлар;
- Тўланган дивидендлар;
- Ижарачи томонидан узоқ муддатли ижара бўйича тўловлар.