Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзбекистонда ишловчи ходим чет элда бўлганида солиқлар қандай тўланади
Компаниянинг масофадан ишлайдиган ходими ўз вазифаларини бажаришни давом эттирган ҳолда узоқ муддатга чет элга чиқиб кетди. Бундай вазиятда ЖШДС ва ижтимоий солиқни ушлаб қолишда нимадир ўзгарадими? Buxgalter.uz солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВАдан саволга жавоб беришни илтимос қилди:
- Ўзбекистон фуқароси чет элда 6 ойдан кўпроқ вақт бўлган ҳолда, Ўзбекистон корхонасида масофадан туриб ишлай оладими?
- Ҳа, ишлай олади. Ҳеч ким унинг шу тарзда масофадан туриб ишлаш ҳуқуқини чеклашга ҳақли эмас. Энг асосийси, бундай шартлар меҳнат шартномасининг ҳар икки томони: ходим ва иш берувчини қаноатлантирсин.
- Бунда солиқ солиш тартиби ўзгарадими?
- Қўлланилиши солиқ мақомига боғлиқ бўлган солиқ ставкалари ўзгариши мумкин.
СК меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар бўйича қуйидаги солиқ ставкаларини назарда тутади:
- резидентлар учун - 12%;
- норезидентлар учун - 20%.
Ҳатто агар ходим - Ўзбекистон фуқароси бўлса, унинг солиқ мақоми солиқ даври (календарь йил) мобайнида ўзгариши мумкин. Шу боис иш берувчи ЖШДС ҳисоблаб чиқариш учун, ҳеч бўлмаганда, йил якунлари бўйича ушбу жиҳатни аниқлаштириши зарур. Ва агар календарь йил мобайнида ходимнинг солиқ мақоми “резидентдан” “норезидентга” ўзгарган бўлса, ЖШДСни қайта ҳисоблаш ва солиқ суммасини қўшимча ушлаб қолиш зарур. Ходимга даромад тўланадиган ҳар санада унинг солиқ мақомини аниқлаш янада тўғрироқ бўлади.
СКнинг 30-моддасига асосан тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет 12 ойлик давр давомида жами 183 календарь кундан кўпроқ мамлакатда ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этилади.
Ҳисобот йилида Ўзбекистон фуқароси 10 мартдан 31 октябрга қадар мамлакат ҳудудида бўлмаган (кетиш ва келиш кунларининг ҳисоби юритилмаган ҳолда). Бунда у ўзининг меҳнат вазифаларини масофадан бажарган.
Йил якуни бўйича унинг Ўзбекистонда бўлиши қуйидагини ташкил этди:
366 кун – 236 кун = 130 кун.
Шу тариқа, солиқ даври якуни бўйича ходим резидент ҳисобланмаган. Ҳисобот даври учун ундан ЖШДС 20% ставка бўйича ушлаб қолиниши керак бўлган.
- Амалиётда ушбу масала қандай ҳал қилинади?
- Солиққа оид қонунчилик нуқтаи назаридан жисмоний шахснинг солиқ резидентлигини аниқлаш масаласи нимаси биландир янги ҳисобланмайди. Бироқ амалиётда бухгалтерия хизмати ходимлари Ўзбекистон фуқароларига нисбатан уларнинг солиқ мақомига аҳамият беришмайди. Гарчи аслида жисмоний шахснинг фуқаролиги охирги навбатда, солиқ мақоми - биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак.
СКнинг 30-моддасида солиқ мақомини аниқлаш алгоритми келтирилган. Жумладан, ҳатто агар жисмоний шахс тегишли солиқ даврида мамлакатда жами 183 кундан кам бўлиб, бироқ ушбу туриш муддати унинг бошқа бирор-бир давлатда турган муддатидан кўпроқ бўлса ҳам, у Ўзбекистоннинг солиқ резиденти деб эътироф этилади.
Жисмоний шахснинг Ўзбекистонда ҳақиқатан бўлиб туриши даври унинг қисқа муддатли (6 ойдан кам) даволаниш ёки ўқиш учун ундан ташқарига чиққан даврида узилмайди .
Ўзбекистонда ҳақиқатан қанча вақт бўлганлигидан қатъи назар, чет элда хизматни ўтаётган Ўзбекистоннинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек мамлакатдан ташқарида ишлаш учун хизмат сафарига юборилган давлат ҳокимияти органларининг ходимлари Ўзбекистоннинг солиқ резидентлари деб эътироф этилади .
Солиқ мақомини аниқлаш учун ходим ва иш берувчи уни тасдиқлаш усулини белгилаб олишлари керак.
СКга асосан Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганлик чет давлатларнинг давлат чегараларини кесиб ўтганлик (чегара назорати) тўғрисида шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга қўйиладиган белги асосида аниқланади .
17 март куни Иродахон АББОСХОНОВАнинг “Ҳаммаси норезидентларга солиқ солиш ҳақида” номли уч ҳафталик ўқув курси бошланади. Сизни унда иштирок этишга таклиф қиламиз!
Ҳавола бўйича курснинг мазмуни билан танишиш ва унга ёзилиш мумкин.
Масофадан ишловчиларни қандай тўғри расмийлаштириш ва ундан чиқиш ҳақида бу ерда ва бу ерда батафсил ўқинг.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади