“Аниқлаштирилган ҳисобот”ни топширишда энди жариманинг олдини олиб бўлмайдими?

preview

ДСҚ яна бир бор тадбиркорларга 1 мартдан бошлаб Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда назарда тутилган ЭҲФни тақдим этиш муддатларини бузганлик учун СКнинг 223-моддаси асосида жаримага тортишлари ҳақида эслаб ўтди. Солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА бундай амалиёт муаммолар билан боғланган деб ҳисоблайди. Buxgalter.uz илтимосига биноан эксперт унинг фикрига кўра  юзага келган вазиятдан қандай чиқиш мумкинлиги ҳақида гапириб берди:

– Бу янгилик “аниқлаштирилган ҳисобот”ни қайта топширишга бўлган ҳуқуқни қўллаш муаммосини ҳал қилмайди. СКнинг 83-моддаси 4-қисмида шундай дейилган: агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.

Бироқ агар солиқ тўловчида ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда тақдим этишнинг техник имконияти мавжуд бўлмаса, ушбу норма ишламайди. Яъни - бу солиқ тўловчи ЭҲФни 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-иловада назарда тутилган муддатда тақдим этмаганлигини (қатор субъектив ва объектив сабабларга кўра) аниқлаган ҳоллар. Бундан ташқари, хабарномада солиқчилар СКнинг 223-моддаси нормаларини қўллаш билан таҳдид қилишмоқда. 1 мартдан кейин олдинги даврлар учун ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришга техник чекловнинг қандай бекор қилинишига тайёргарлик кўришмоқда. Демак - солиқ тўловчиларга ҚҚС бўйича солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолати эътироф этилган сумманинг 20%игача миқдорда жарима солишади.

Эътиборингизни шунга қаратишни истардимки, СКнинг 157-моддаси 1-қисмига асосан солиқ аудити натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар, шу жумладан  СКнинг 223 ёки 224-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар СКнинг 158 ва 159-моддаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.  Бу шуни англатадики, СКнинг 223-моддасида назарда тутилган жаримани фақат солиқ аудити ёки сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қўллаш мумкин. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича мазкур норма қўлланилмайди!

Солиқ тўловчиларнинг солиқ ҳисоботини тузатиш қисмида ҳуқуқлари бузилмаслиги ва СКнинг 83-моддаси 4-қисмида назарда тутилган норма нафақат солиқ тўловчилар, балки солиқ органлари томонидан ҳам ижро этилиши учун, менинг назаримда, НҲҲга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши зарур. Буни қуйидаги усуллардан бири ёрдамида амалга ошириш мумкин:

1) СКнинг 83-моддасига ушбу норма ҚҚС ҳисоб-китобларини қайта топшириш ҳолларига дахл қилмаслиги ҳақида қўшимча киритиш;

2) Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш тартиби тўғрисида низомни СКнинг 83-моддаси 4-қисмида назарда тутилган норма қўлланилган тақдирда белгиланган муддатлардан кейин ҳисобварақ-фактурани тақдим этишга рухсат берадиган норма билан тўлдириш. Бунда бу ҳолда контрагент ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги шарти ўринли бўлади”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text167671_aniqlashtirilgan_hisobotni_topshirishda_endi_jarimaning_oldini_olib_bulmaydimi