Реклама акцияларининг солиқ оқибатлари

preview

Савдо корхонаси ўз харидорларига товарларни бепул берган ҳолда реклама акциясини ўтказмоқда. Ушбу тадбирлар мижозларнинг содиқлигини ошириш ва янги мижозларни жалб қилишга йўналтирилган. Бунда юзага келадиган солиқ оқибатлари ҳақида ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ гапириб берди:


- Солиқ оқибатлари товарларни бепул бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ёки оқламаслигига боғлиқ.

Товарларни бепул бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг шундай фаолият билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса  .

Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашининг муҳим шарти - бундай сарфларни лозим даражада ҳужжат билан расмийлаштириш. Уларнинг рўйхатини солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсатида акс эттиринг, реклама акциясини ўтказиш тартибини эса - буйруқ ёки бошқа локал ҳужжат билан мустаҳкамланг.

Товарларни беришни тегишли бирламчи ҳужжатлар (қабул қилиш-топшириш далолатномаси, тарқатиш қайдномаси, ТМЗни ҳисобдан чиқариш далолатномаси ва ҳ.к.) билан тасдиқланг. Бунда ўз позициянгизни солиқ органлари, зарурат бўлганда эса - суд олдида ҳимоя қилишга тайёр бўлинг.


ҚҚС

Агар товарларни бепул бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, товарлар ҚҚСсиз берилади, сабаби уларнинг қиймати реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди . Бунда “кирувчи” ҚҚСни сиз барча шартларга мувофиқ келганда ҳисобга олишингиз мумкин, сабаби бундай бериш ҚҚСдан озод этилган айланма ҳисобланмайди .

Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаган бепул бериш - бу ҚҚС солинадиган товарларни реализация қилиш бўйича айланма . Солиқ базаси товарларнинг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади . Уни аниқлаш тартиби махсус Низом билан тасдиқланган. Бу ҳолда ҚҚСни кўрсатган ҳолда, бироқ тўловсиз ҳисобварақ-фактура расмийлаштиринг. “Кирувчи” ҚҚС барча шартларга мувофиқ келган тақдирда ҳисобга олинади.


ЖШДС

Агар сиз товарларни (масалан, майда брендланган ёки бошқа маҳсулотларни - кепкалар, футболкалар, кружкалар ва ҳ.к.) жисмоний шахсларнинг чекланмаган доирасига берсангиз, бу жисмоний шахснинг даромади бўлмайди, сабаби аниқ даромад олувчини аниқлашнинг имкони бўлмайди.

Аниқ олувчи қайд этиладиган товарларни беришда (масалан, сиз автомобиль, пул маблағлари, маиший техника ва ҳ.к.ни ҳадя қиласиз), жисмоний шахс моддий наф тарзидаги даромадни олади . Ушбу даромадга сизнинг корхонангизда тўлов манбаи сифатида солиқ солинади .

Агар жисмоний шахс-олувчи сизнинг корхонангизнинг ходими бўлмаса, унинг ёзма аризасига биноан сиз ЖШДСни ушлаб қолмасликка ҳақлисиз. Бу ҳолда даромадлар тўғрисида солиқ органларига хабар бериш, жисмоний шахс эса даромадлар тўғрисидаги декларацияни топшириши лозим.


Фойда солиғи

Товарларни бепул беришда уларнинг қиймати корхонанинг харажатларига киритилади. Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда ушбу харажатлар чегирилади, агар улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа ва ҳужжат билан тасдиқланса . Акс ҳолда бу - чегирилмайдиган харажатлар .

Агар корхонанинг харажати жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади деб эътироф этилса, у чегирилмайди .

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text168287_reklama_akciyalarining_soliq_oqibatlari