Сайёр солиқ текшируви сизга огоҳлантиришсиз келади

preview

Замонавий солиқ назорати шундай тузилганки, корхона тўғри ишлаганда унинг кўзга кўринмайдиган ҳозирлигини умуман сезмаслик мумкиндек туюлади. Бироқ ҳар қандай бухгалтер бунга ишониш қийинлигини яхши билади. Шунингдек  “Риск-таҳлил” натижалари бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфи ҳар қандай корхонада  мавжуд бўлиши ҳам маълум.

 

Ҳозир ушбу дастурий маҳсулот: “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” деб номланади. Унинг ишининг моҳияти ва тамойиллари ўзгармаган. Унутманг, солиқчилар ўз олдиларига сизда имкон қадар кўпроқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва қўшимча солиқлар ҳисоблаш бўйича асосий мақсадни қўймайди. Уларнинг мақсади - сизга хатоларсиз ишлашга кўмаклашиш, деб ҳисоблаймиз.

Солиқ кодекси сайёр солиқ текшируви каби солиқ назорати турини назарда тутади. Фақат солиқ органи унинг ташаббускори бўлиши мумкин.

Сайёр текширув 10 кундан кўп давом этиши мумкин эмас. Унинг асносида инспекторлар солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида айрим мажбуриятларини, шунингдек солиққа оид қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларининг бажарилишини текширадилар.

Аслида, сайёр текширувда ҳисоб ҳужжатлари, ТМБ ва пул маблағларининг ҳаракати таҳлил қилинади. Сизнинг солиқ тўловчи сифатида фаолиятингиз билан боғлиқ бошқа маълумот ҳам текширилиши мумкин. Бироқ инспекторлар сайёр текширув натижалари бўйича қўшимча солиқлар ва мажбурий йиғимлар ҳисоблай олишмайди.

Сайёр текширув чоғида инспекторлар профилактика тадбирларини,  хронометраж кўздан кечиришни, назорат-касса техникаси қўлланилишини текширишни ва ҳ.к. ўтказишлари мумкин.

Текширув уни тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган санадан бошланади ва сизга сайёр солиқ текшируви далолатномаси топширилган кунда якунланади.

Сайёр текширувни тайинлаш тўғрисида сизни огоҳлантиришмайди. Бироқ уни асоссиз - фақат солиқ органи шуни хоҳлагани учун тайинлаш ҳам мумкин эмас. Уни ташаббуси учун жиддий асослар зарур.

Илгари Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда уни тайинлаш учун асос бўлиб хизмат қилган тўртта асосий мезон кўрсатилганди. Янги Низом ушбу рўйхатни кенгайтирди ва аниқлаштирди.


Сайёр солиқ текшируви тайинланиши мумкин, агар:

  • солиқ хавфини бошқариш тизими солиқ тўловчи томонидан солиққа оид қонунчиликнинг бузилишини содир этиш хавфини аниқланганда;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг солиқ ёхуд валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари келиб тушанда;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг товарлар ва xизматларнинг нарxини асоссиз ошириб юбориш ҳолатлари тўғрисида мурожаатлари келиб тушганда;
  • йўловчиларни енгил автотранспорт воситалари билан ташиш бўйича ноқонуний тадбиркорлик фаолияти тўғрисида мурожаатлар келиб тушганда;
  • оммавий ахборот воситаларида солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
  • ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда;
  • валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш жараёнида солиқ органи юборган сўровномага солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаган ёхуд тўлиқ тақдим этилмаганда;
  • суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда;
  • "Солиқ ҳамкор" тизими орқали солиқ тўловчилар томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилмаганлиги, шу жумладан - улар томонидан назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишида ҳуқуқбузарликлар тўғрисида мурожаат қелиб тушганда .
Эътибор беринг!

Қуйидагилар орқали ўз паспорт маълумотлари ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда "Солиқ ҳамкор" тизими орқали ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш мумкин:

  • «Soliq» мобиль иловада "Солиқ ҳамкор" бўлими;
  •  @soliq_hamkor_bot телеграм-боти;
  • my.soliq.uz портали.

Сайёр солиқ текширувида солиқ инспекторлари ўтказишлари мумкин бўлган тадбирлар тўлдирилди:

  • ер қаъридан фойдаланувчи солиқ тўловчилар томонидан ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмини текшириш;
  • банклар томонидан солиқ тўловчиларнинг тўлов топшириқномалари ва солиқ органларининг инкассо топшириқномалари ўз вақтида бажарилишини текшириш;
  • валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилишини текшириш.

Агар илгари сайёр текширувда қўшимча солиқлар ва йиғимлар ҳисоблаш амалга оширилмаслиги шартланган бўлса, янги тартибда битта истисно пайдо бўлди. Хронометраж кўздан кечириш натижаси камерал текширувни ўтказишда солиқлар ва йиғимларни қўшимча ҳисоблаш учун асос бўлиши мумкин. Яъни сайёр текширув натижалари камерал текширув учун фойдаланилади.

Элеонора МАЗУРОВА, «Норма» эксперти, адвокат,

Альберт САФИН, «Норма» эксперти, юрист

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text168494_sayer_soliq_tekshiruvi_sizga_ogohlantirishsiz_keladi