Ким апрелда чораклик молиявий ҳисоботни топшириши керак

preview

2021 йил I чорак учун чораклик молиявий ҳисобот тақдим этишнинг  “апрель ойи” ҳисоботлари саналари яқинламоқда (26 апрель - сўнгги сана, сабаби 24-25 апрель дам олиш кунларига тўғри келади). Ҳамма бухгалтерлар ҳам, мисол учун, агар 2020 йил учун айланма 1 млрд сўмдан ошган ва корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган бўлса, у “топшириши” керак ёки керак эмаслигини аниқ тушунмайди. Катта айланмаларда у кичик корхона мақомини йўқотадими? ННТ чораклик молиявий ҳисоботни топширадими? Buxgalter.uz ушбу масалаларни аниқлаштиришга ёрдам беради.


Демак, кичик корхоналар тоифасига киритиш учун мезонлар - ИФУТ ва ходимларнинг ўртача йиллик сони . Агар корхона 2020 йил якунлари бўйича ўзининг асосий фаолият тури (ИФУТ) бўйича кичик корхона ёки микрофирма мезонига тўғри келса, у молиявий ҳисоботни солиқ органларига фақат 2020 йил якунлари бўйича тақдим этади .

Эътибор беринг!
My.soliq.uz да шахсий кабинетда ахборот хабарларини кузатиб боринг. Афтидан, апрелнинг дастлабки кунларида Давстатқўм 2020 йил учун статистика ҳисоботлари натижалари бўйича берилган ИФУТ кодлари тўғрисида хабардор қилади. Сизга ИФУТ кодини ўзгартиришгани ёки йўқлигини stat.uz да “КТЯДР” хизмати ёрдамида ҳам текшириш мумкин.

Барча қолган хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботни 2021 йил I чорак учун топширади.

Молиявий ҳисобот Қоидаларга мувофиқ тўлдирилади. 2021 йил I чорак учун солиқ органларига чораклик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатлари :

  • жорий йилнинг 25 апрелига қадар - кичик корхоналарга мансуб бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар;
Эътибор беринг!
24 ва 25 апрель дам олиш кунларига тўғри келади, шу боис ҳисобот тақдим этишнинг сўнгги куни 26 апрелга кўчирилади .
  • жорий йилнинг 11 майига қадар (ҳисобот даври якунлангандан кейин 40 кун давомида) - вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар ва давлат мулкини бошқарувчи бошқа органлар.
Эътибор беринг!
Юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилотлари чораклик молиявий ҳисобот топширмайдилар, балки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни йилда бир марта - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 мартига қадар тақдим этадилар. Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар ва чет эл фирмаларининг ваколатхоналари ҳам молиявий ҳисоботларни йилда бир марта тақдим этидилар - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай.

Чораклик молиявий ҳисобот қуйидагилардан иборат :

  • бухгалтерия баланси - 1-сон шакл;
  • молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот - 2-сон шакл.


ННТ чораклик молиявий ҳисобот топшириши керакми

Келинг, аниқлаштириб олайлик.

Фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган (тижоратчи ташкилот) ёки фойда олишни ана шундай мақсад қилиб олмаган ташкилот (тижоратчи бўлмаган ташкилот) юридик шахс бўлиши мумкин . “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, фаолияти ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган тадбиркорлик субъекти микрофирма ва кичик корхона бўлиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ)- жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Шу тариқа, нотижорат ташкилот ходимларнинг ҳар қандай сонида микрофирма ёки кичик корхона сифатида малакаланиши мумкин эмас. Тегишинча, Кичик тадбиркорлик субъектларига мансуб ташкилотлар таснифлагичи  ННТга татбиқ этилмайди .

Бунда ННТ - бухгалтерия ҳисоби субъектлари  ва молиявий ҳисоботни белгиланган тартибда тақдим этишлари керак.

Хулоса: барча ННТ ходимларнинг сонидан қатъи назар 2021 йил I чорак учун молиявий ҳисоботни жорий йилнинг 25 апрелига қадар тақдим этишлари керак .

Эътибор беринг!
МҲХС бўйича молиявий ҳисобот тартиби ва шакллантириш ҳақида бизнинг тавсияларимизда - бу ерда қаранг.

Татьяна ЛИМАРЕВА,

buxgalter.uz эксперти

Молиявий ҳисобот Молиявий ҳисобот Молиявий ҳисобот /ru/publish/doc/text168508_kim_aprelda_choraklik_moliyaviy_hisobotni_topshirishi_kerak