Қандай қилиб ишдан бўшатишда касаба уюшмаси билан тўғри келишиш керак

preview

Ташкилот ходимини прогул учун ишдан бўшатмоқчи. Ишдан бўшатишга ходимларнинг вакиллик органидан розилик олиш зарурми, агар ходим томонидан меҳнат вазифаларининг бузилиши ҳолати - очиқ-ойдин бўлса? Ушбу тартиб-таомил қандай ўтказилади?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “Норма” эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

Қуйидагиларни келишиш зарур:


- Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида бу назарда тутилган бўлса, ходимни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг (ХВО) розилигини олиш зарур .

Агар бундай шарт мавжуд бўлса, иш берувчи қуйидагилар муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розиликни олиши керак:

  • технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги ;
  • ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши ;
  • ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги ;
  • ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ;
  • ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги ;
  • ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда .

Шу боис, ҳатто агар иш берувчи ходим томонидан меҳнат вазифаларининг бузилиши (прогул) тўлиқ тасдиқланган ва шубҳа уйғотмайди, деб ҳисобласа ҳам, барибир ХВО розилигини олиш зарур, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида бу назарда тутилган бўлса. 


ХВО розилиги талаб этилмайди:

Агар меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига асосан бекор қилинса:

  • корхонани тугатиш муносабати билан;
  • корхона раҳбари билан МКнинг 100-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳар қандай асос бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинса;
  • корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан (бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан) тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганда .
Эътибор беринг!
Жамоа шартномасида жамоа келишувига нисбатан ходимнинг аҳволи ёмонлашиши мумкин эмас. Шу боис, агар тармоқ ёки ҳудудий жамоа келишувларида иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ХВОнинг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розилик жамоа шартномасида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар олиниши шартдир 


Розилик олиш тартиб-таомили қандай ўтказилади

Ходимга эълон қилинган огоҳлантириш муддати ўтгунга қадар ХВОга иш берувчи ташаббусига асосан ходимни ишдан бўшатиш учун розилик олиш тўғрисида ёзма тақдимнома йўлланг.

Тақдимномани қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқи берилган шахснинг имзоси билан корхонанинг бланкасида расмийлаштиринг. Унда ишдан бўшатилаётган ходимнинг Ф.И.О. ва уни ишдан бўшатиш режалаштирилаётган МК моддасини кўрсатинг. Тақдимномага меҳнат шартномасини бекор қилиш учун сабаб бўлиб хизмат қилган барча ҳужжатлар ва материалларни илова қилинг, рўйхатга олинг ва имзо остида ХВОга беринг.

Мисол
ХВО қарори қабул қилиниши учун зарур ҳужжатлар
Ходим билан узрсиз сабабларга кўра прогулда ифодаланган ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун  МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига биноан меҳнат шартномаси бекор қилинмоқда.

ХВОга прогул ҳолати ва ходимнинг иш жойида ҳозир бўлмаслиги учун узрли сабаблар мавжуд эмаслигини тасдиқловчи барча материаллар ва ҳужжатларни беринг. Масалан:

  • ходимнинг иш жойида ҳозир эмаслиги тўғрисида далолатномалар;
  • видеокузатув камералардан маълумотлар;
  • ходимларнинг келиши/кетишини рўйхатга олиш китоби (журнали);
  • бевосита бошлиқнинг билдиргиси, ахбороти;
  • ходимнинг ёзма тушунтириш хати ёки ходимнинг тушунтириш хати беришни рад этганлиги тўғрисида далолатномалар;
  • агар ходим ишга келмаётган бўлса - ишга келиш зарурлиги ва ҳозир бўлмаганлиги юзасидан ёзма тушунтириш бериш тўғрисида ёзма хабарнома ва ҳ.к.

Бундан ташқари, вакиллик органи прогул унинг учун меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди бўйича бекор қилиш мумкин бўлган бир марта қўпол равишда бузиш рўйхатига ҳақиқатан киришига ишонч ҳосил қилииш учун ХВОга ички меҳнат тартиби қоидаларини (ИМТҚ) бериш зарур. Ушбу рўйхат эса айнан ИМТҚда белгиланади.

Бундан ташқари, ХВО ходим ҳозир бўлмаган давр ҳақиқатан прогул ҳисобланишини текшириши керак. Ахир ИМТҚ узрсиз сабабларга кўра айнан қанча вақт бўлмаганлиги - тўла иш куни, 3 соатдан ортиқ ва шу каби, прогул деб топилишини ҳам белгилайди .

ХВО ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи кўриб чиқиладиган кунни белгилайди. Гарчи МКда ходимни албатта бундай мажлисга таклиф этиш кўрсатилмаган бўлсада, ХВО унинг позициясини ҳам эшитиб, адолатли қарор қабул қилиши учун, бундай қилган маъқул.

Ходимга ХВО мажлисига таклиф тўғрисидаги хабарномани “ХВО чиқувчи ҳужжатлари” китобида рўйхатга олинг ва ходимга имзо қўйдириб топширинг. Агар у ишга келмаётган бўлса, унга Т-2-сон шахсий варақасида кўрсатилган манзил бўйича почта хабарномасини жўнатиш мумкин. Хабарнома меҳнат шартномасини бекор қилиш учун сабаб бўлиб хизмат қилган асосий ҳужжатларга илова қилинади.

Агар ходим ХВО мажлисига таклиф тўғрисидаги хабарномани олишни рад этса, бу ҳақда далолатнома тузинг. Бу ходим йиғилиш ўтказиладиган жой, кун ва вақт тўғрисида ўз вақтида ва лозим даражада хабардор қилинганлиги тўғрисида ХВО учун исбот-далил бўлади.

ХВО мажлисида, унинг аъзолари ва ходимдан ташқари, ХВОга тўғри қарор қабул қилишга ёрдам берадиган бошқа ходимлар ҳам ҳозир бўлишлари мумкин: юрисконсульт, кадрлар хизмати ходими, бухгалтер ва бошқалар.

Мажлис якунларини ХВО баённома билан расмийлаштиради. Баённоманинг хулоса қисмида “розилик бериш” (“розилик бермаслик”) ибораси бўлиши керак.

Тақдимнома олинган кундан эътиборан 10 кун ичида ХВО меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахсга ёзма қарор ва ХВО мажлиси баённомасидан кўчирмани йўллайди. Баённомадан кўчирма ходимнинг илтимосига биноан унга ҳам берилади.

ХВОнинг қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан 1 ой давомида юридик кучга эга бўлади. Яъни иш берувчи ХВОнинг ходимни ишдан бўшатишга розилик бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмасдан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.

 

Эътибор беринг!
Агар ХВО меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бермаслик тўғрисида қарор қабул қилса, ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмас.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиб-таомили тўғрисида бу ерда батафсил ўқинг.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /ru/publish/doc/text170543_qanday_qilib_ishdan_bushatishda_kasaba_uyushmasi_bilan_tugri_kelishish_kerak