Полезное для бухгалтера в декабре:
“Ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшаш ҳақида 10 та саволга жавоб
Ишдан бўшашнинг энг кенг тарқалган тури – ходимнинг ўз хоҳишига кўра кетиши ҳисобланади. Бу борада ўқувчиларимизда пайдо бўладиган саволларга buxgalter.uz илтимосига кўра меҳнат ҳуқуқлари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб беради:
– Умумий қоидага кўра, ходим меҳнат шартномасини иш берувчини 2 ҳафта аввал огоҳлантирган ҳолда бекор қилиши мумкин. Ушбу муддат тугаганидан сўнг ходим ишни тўхтатиш ҳуқуқига эга, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериб, у билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур .
1. Ходим иш берувчидан огоҳлантириш муддати тугагунича меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳаққи борми? Яъни, 2 ҳафтадан кейин эмас, балки, масалан, бир ҳафтадан, уч кундан кейин ва ҳоказо?
Ўрнатилган 2 ҳафталик муддатни қисқартириш фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра амалга оширилиши мумкин . Бироқ, бу қоидадан истисно бор. Агар ходим объектив сабабларга кўра ишни давом эттира олмаса, иш берувчи ходим сўраган муддатда меҳнат шартномасини тугатиши лозим . Таълим муассасасига ўқишга қабул қилиниш, пенсияга чиқиш, сайланма лавозимга сайланиш, ходимнинг саломатлиги ҳолати, оила аъзоси бўлган ногирон инсонни парваришлаш зарурати, эрининг ҳарбий хизматни ўташ учун бошқа ҳудудга юборилиши ва бошқа сабаблар шулар жумласидан. МК 99-моддасининг 5-қисмида ходимнинг ушбу корхонада ишини давом эттириши мумкин эмаслигини асословчи вазиятларнинг фақат таҳминий рўйхати келтирилган.
2. Ходим меҳнат шартномасини тугатиш ҳақидаги аризани шахсан эмас, балки хатда почта орқали юбориши мумкинми?
Ҳа, мумкин. Бундай ҳолатда 2 ҳафталик огоҳлантириш муддати корхона томонидан ходимнинг аризаси олингандан сўнг, кейинги кундан бошлаб ҳисобланади.
3. Ходим меҳнат шартномасини тугатиш ҳақидаги аризани мансабдор шахслардан қайси бирига топширишга ҳақли?
Ходим бевосита корхона раҳбарига, унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, кадрлар бўлимига, девонхонага, ўзининг бевосита бошлиғига ва бошқа ваколатли шахсга ариза бериши мумкин. . Ўз навбатида ариза берилган мансабдор шахслар уни корхона раҳбари ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахсга етказиши лозим.
4. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ариза неча нусхада бўлиши керак?
Ходим аризани ҳам бир, ҳам икки нусхада беришга ҳақли. Кейинги ҳолда аризани қабул қилиб олган ходим иккинчи нусхага қўл қўйиб, уни ходимга бериши керак. Биринчи нусхани корхона раҳбари ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бошқа ваколатли шахсга имкон қадар тезроқ етказиши керак.
5. Ходим меҳнат таътилида бўлганида ёки касаллиги туфайли вақтинча ишламаётган пайтда ариза беришга ҳақлими?
Ходим ўзининг меҳнат муносабатларини тўхтатиш ҳақидаги истаги тўғрисида нафақат иш даврида огоҳлантиришга ҳақли. Бу меҳнат таътили пайтида ҳам амалга оширилиши мумкин, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик пайтида ҳам.
6. Агар ходим ўз аризасида меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини кўрсатмаган бўлса, иш берувчи қачон ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши керак?
Агар ходимнинг аризасида аризани бериш санаси кўрсатилган бўлсаю, меҳнат шартномасини тугатишнинг аниқ санаси кўрсатилмаган бўлса, унда ходим билан меҳнат шартномаси икки ҳафталик огоҳлантириш муддати тугаган куни бекор қилинади.
7. Агар ходим синов муддатида бўлса, лекин ўз хоҳиши билан ишдан бўшашни истаса, иш берувчини қанча кун аввал бу ҳақида огоҳлантириши керак: 3 кун аввалми ёки 2 ҳафта аввалми?
Агар ходимга ишга олиш пайтида дастлабки синов белгиланган бўлса, унда дастлабки синов муддати тугагунича ходим иш берувчини 3 кун аввал ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини тўхтатишга ҳақли .
8. Ходим меҳнат шартномасини тугатиш тўғрисидаги аризасини бергандан сўнг уни қайтариб олиши мумкинми? Агар ходим ишдан бўшаш фикридан қайтган бўлса, иш берувчи ходим талабига биноан у берган аризани қайтаришга мажбурми?
Огоҳлантириш муддати мобайнида ходим берган аризасини қайтариб олишга ҳақли. Масалан, агар ходим 2 июнь куни меҳнат шартномасини 16 июнь куни бекор қилиш ҳақида ариза берган бўлса, у ўз аризасини мана шу икки ҳафта мобайнида қайтариб олиши мумкин. Агар ходим 2 июнь куни иш берувчи билан, дейлик, 3 июнь куни (яъни, эртаси куниёқ) ишдан бўшаш ҳақида келишувга эришган бўлса, у аризасини фақат 3 июнь куни кечгача қайтариб олиши мумкин.
Иш берувчи аризанинг ўзини ходимга қайтариши шарт эмас. У фақат ходимнинг аризани қайтариб олиши ҳақидаги баёнотидан сўнг ишдан бўшаш ҳақидаги аризанинг қайтариб олинган ёки бекор қилингани ҳақида буйруқ чиқариши керак, холос.
9. Огоҳлантириш даври тугайдиган кунда ходим касал бўлиб қолса нима қилиш керак?
Иш берувчи огоҳлантириш даври тугайдиган кунда, ҳаттоки агар бу даврда ходим касал бўлиб қолиб, огоҳлантириш даври тугаган кунда ҳам касал бўлишда давом этган бўлса ҳам ходим билан шартномани бекор қилишга мажбур. Ахир иш берувчини огоҳлантириш даврига ҳар қандай даврлар киритилади. Ходимнинг меҳнат таътилида бўлиб туриши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги, у томонидан давлат ёки жамоатчилик мажбуриятларининг бажарилиши даври ҳам шулар жумласидан.
Бироқ, шуни ҳам назарда тутингки, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа ходимга фақат агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатлари даврида пайдо бўлган бўлсагина, берилади, синов даври ва ишдан бўшаш куни шулар жумласидан рўйхатга олинган. Шу боисдан, агар ходим огоҳлантириш муддатида ёки ҳаттоки унинг охирги кунида касал бўлиб қолган бўлсада, у томонидан касаллик варақаси тақдим қилинганда, ходим иш берувчи билан шартнома бекор қилиб бўлинганига қарамай, бутун касаллик даврига нафақа олишга ҳақли.
10. Агар ходим 2 ҳафта мобайнида ишдан бўшаш варақасини имзоламай, моддий бойликларни топширмаган бўлса, иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга мажбурми?
Ҳа, мажбур. Огоҳлантириш муддати тугаган кунда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан ҳар хил сабабларга кўра (ходим моддий бойликларни топширмади ёки ишдан бўшаш варақасини имзоламади, унинг ўрнига ходим топа олишмади, у ётоқхонани бўшатмади, муайян ишни тугатмади, ҳисоботлар топширилмади ва ҳ.к..) бош тортиш қонунни бузиш ҳисобланади. Агар иш берувчида ходимга нисбатан эътирозлар бўлса, у даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли.