Бўлим тугатилаётганда ходимлар бошқа бўлинмага қай тартибда ўтказилади

preview

Компанияда бўлимлардан бири тугатиляпти. Директор ходимларни, уларнинг лавозими, меҳнат вазифалари ва меҳнат шароитларини сақлаган ҳолда, бошқа бўлинмаларга ўтказишга қарор қилди. Мазкур тартиб-таомилни қандай қилиб тўғри ташкил этиш мумкин, бунда ходимларнинг розилиги қанчалик муҳимлиги борасида “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА батафсил маълумот берди.

 

– Бўлим иш берувчининг штат жадвалини ўзгартириш тўғрисидаги буйруғига асосида тугатилмоқда.

Агар барча қисқартирилаётган лавозимлар бошқа бўлинмага аввалги шароитларда ўтказилаётган бўлса, ушбу ҳолатдаги “ўтказиш” ходимларнинг бир бўлимдан бошқа бўлимга кўчирилишини англатади, бироқ бошқа доимий иш жойига ўтказилиши билан боғлиқ эмас.

Бошқа доимий ишга ўтказиш – бу ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартириш, бошқа мутахассислик, малака ва лавозим бўйича топшириқ беришдир. Келтирилган мисолда  эса ходимларнинг меҳнат вазифалари сақлаб қолинади. Фақат иш ўрни ўзгаради. Демак, иш берувчи МКнинг 91-моддаси “Иш жойини ўзгартириш”ни қўллаши лозим, чунки:

  • янги бўлимда ходимлар аввалги тугатилган бўлимда ишлаган ўша мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишлайдилар;
  • ходимларнинг аввалги функционал мажбуриятлари ва аввалги меҳнат шароитлари сақлаб қолинади (меҳнатга ҳақ тўлаш, иш ва дам олиш тартиби ва бошқалар).

Иш жойи ўзгаришини расмийлаштириш учун, энг аввало, ходимларнинг меҳнат шартномаларини “кўтаринг”. Шартномада аниқ иш жойи кўрсатилганми ёки йўқми, аниқлаштириш зарур.

 

Меҳнат шартномасида шартлашилмаган  иш жойи ўзгарган тақдирда

“Иш жойи” билан “иш ўрни” тушунчаларини чалкаштирманг. Иш жойи – бу ходим ишга қабул қилинадиган корхона ёки унинг бўлинмаси. Иш ўрни – бу ходим ўз меҳнат вазифаларини  амалга оширадиган муайян ўрин (хона, цех, бошқариладиган транспорт воситаси ва бошқалар).

Иш жойи меҳнат шартномасида кўрсатилиши шарт   аниқ иш ўрнини кўрсатиш масаласи эса томонлар келишуви асосида белгиланади.

Қоида тариқасида, амалиётда иш берувчи меҳнат шартномасида одатда ходим ташкилотга маълум бир лавозимга ишга қабул қилиниши қайд этилади, аниқ иш ўрни кўрсатилмайди. Бундай ҳолатда ходимнинг унинг розилигисиз шу жойда жойлашган бошқа ихтиёрий иш ўрнига ўтказиш мумкин  Яъни шартномада шартлашилган мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича иш топшириш, бунда меҳнат вазифалари ва муайян меҳнат шароитлари сақлаб қолинади. Бундай топшириқ бошқа ишга ўтказиш ҳисобланмайди, ходим янги иш ўрнидаги мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши меҳнат интизоми бузилиши ҳисобланади. Уни МК 181-моддасига мувофиқ интизомий жавобгарликка тортиш мумкин.

Диққат!
Меҳнат шартномасида кўрсатилмаган иш жойига ўзгартириш меҳнат шароитларининг ўзгариши ҳисобланмайди ва ходимнинг розилиги талаб этилмайди

 

Масалан
МШда кўрсатилмаган иш жойига ўзгартириш

Ходим ҳайдовчи сифатида ишга олинди, аммо унга маълум автомашина бириктирилмаган.

Шунинг учун ходим иш берувчининг топшириғига кўра ҳайдовчилик  вазифасини ташкилотнинг  енгил автомашинасида бажариши лозим

Меҳнат кодекси МШда келишилмаган иш жойига ўзгартиришни расмийлаштириш тартибини белгиламайди. Шу сабабли амалда иш берувчилар ходимнинг иш жойини ўзгартириш тўғрисида оғзаки топшириқ беради ёки буни алоҳида буйруқ билан расмийлаштиради ҳамда ходимни тилхат асосида таништириб чиқади

Шу тариқа, бўлимлардан бири тугатилганда, агар меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, иш берувчи шунчаки ходимларнинг иш жойини ўзгартириш тўғрисида топшириқ беради.

 

Меҳнат шартномасида кўрсатилган иш жойи ўзгарган тақдирда

МШга мувофиқ агар ходим аниқ бир бўлимга қабул қилинса, унинг иш жойини ўзгартириш учун ходимнинг розилиги талаб этилади МК 91-м.

 

Масалан
МШда келишилган иш жойини ўзгартириш
Ходим унинг МШда кўрсатилган ишлаб чиқариш-техника бўлимига (ПТО) муҳандис лавозимига ишга олинди. Яъни меҳнат шартномасида ходим қабул қилинган ташкилий тузилма тўғридан-тўғри кўрсатилган. Шу сабаб, бошқа бўлимга ўтказиш фақат ходимнинг розилиги билан амалга оширилади.

Бунинг учун ходим билан меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш тўғрисида келишув тузилади. Унга асосан, янги иш жойини белгилаш тўғрисида буйруқ чиқарилади. МК 96-м. 7-қ.  Ходим буйруқ билан тилхат асосида таништирилади. Иш жойининг ўзгариши тўғрисидаги қайд қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига киритилмайди.

 

Ходим рози бўлмаган тақдирда

Ходим меҳнат шароитлари ёмонлашишидан (ойлик маоши пасайиши, ҳар йилги асосий таътил давомийлиги қисқариши, иш вақти тартиби ўзгариши ва бошқалар) хавотирга тушиши мумкин.

МШда қайд этилган иш жойининг ўзгариши меҳнат шароитларининг ўзгариши ҳисобланади. . Демак, иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шароитларини ўзгартириш тартибини белгилаб берувчи МКнинг 89- моддаси талабларига асосан иш кўради. Хусусан, иш берувчи бўладиган ўзгаришлар тўғрисида ходимни  камида 2 ой олдин тилхат асосида огоҳлантириши шарт. Ходим янги меҳнат шароитларида ишлашдан бош тортган тақдирда, у билан меҳнат шартномаси МКнинг 89-м. 4-қисмига мувофиқ, ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш орқали тугатилиши мумкин. .

 

ЯММТда қандай расмийлаштирилади

Бўлинманинг тугатилиши ва ходимларнинг бошқа бўлимга ўтказилиши юзасидан маълумотни Ягона миллий меҳнат тизимида қайд этиш ёдингиздан кўтарилмасин. Буни қандай амалга ошириш ҳақида эса “бу ерда” ўқинг.


Бошқа ишга ўтиш Бошқа ишга ўтиш Бошқа ишга ўтиш /ru/publish/doc/text172135_bulim_tugatilaetganda_hodimlar_boshqa_bulinmaga_qay_tartibda_utkaziladi