Мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадни аниқлаш тартиби

19.03.2021
author avatar

Умид Хамроев

МВ департаменти директорининг биринчи ўринбосари
author avatar

Дилором САИДОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– молиявий ижаранинг оператив ижарадан фарқи;
– молиявий ижара бўйича даромадлар;
– оператив ижара бўйича даромадлар;
– ижаранинг бозор ставкалари;
– коммунал хизматлар қийматини қоплаш.

 

Молиявий ижара оператив ижарадан нимаси билан фарқ қилади

Ижара даромадини айланмадан олинадиган солиққа тортишдан олдин, бу молиявий ёки оператив ижара эканлигини аниқланг. Солиқ базаси шунга боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз

Эслатиб ўтамиз Молиявий ижара бу - мулкни шартномага биноан ўн икки ойдан ортиқ муддатга эгалик қилиш ва фойдаланишга беришдир . Бунда, молиявий ижара шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:

  • молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, молиявий ижара объекти ижарага олувчининг мулкига ўтади;
  • молиявий ижара шартномасининг муддати объект хизмат муддатининг 80 фоизидан ортиқ бўлса ёки объектнинг молиявий ижара шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг 20 фоизидан камроғини ташкил қилади;
  • молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, ижарага олувчи молиявий ижара объектини ушбу ҳуқуқ сотилиш кунидаги бозор қийматидан анча паст нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • молиявий ижара шартномаси амал қиладиган давр учун ижара тўловларининг дисконтланган жорий қиймати , молиявий ижара объектини ижарага бериш пайтидаги жорий қийматининг 90 фоизидан ортиқ бўлади.

Агар ижара шартномаси шартлари юқоридаги талабларнинг биттасига ҳам тўғри келмаса, бу оператив ижара ҳисобланади.

Оператив ижара – бу мулкни сотиб олиш ҳуқуқисиз фойдаланиш учун беришдир. Оператив ижарага беришнинг асосий шарти шундаки – ижарага берувчи ўз мулкини сотиш мақсадини кўзламайди. У объектни оператив ижарага бериш жараёнида ҳам, кейин ҳам эгаси бўлиб қолади.

Молиявий ижара даромадини қандай аниқлаш мумкин 

Молиявий ижарада ижарага берувчининг ижара объекти қийматини ижарага олувчи қоплаб беради. Тўловлар қисмларга бўлиб амалга оширилади. Агар молиявий ижара тугаганидан кейин объект ижарага олувчининг мулкига ўтказилса, тўловлар унинг қийматини тўлиқ қоплаган бўлади. Бундан ташқари, ижарага берувчига фоизли даромад тўланади. У айланмадан олинадиган солиқ объекти ҳисобланади.

Ижара тўлови = Ижара объекти қийматини қоплаш суммаси + Ижарага берувчининг фоизли даромади.

 

Молиявий ижарадан даромад = Ижара тўлови – Ижара объекти қийматини қоплаш суммаси.

 

Фоизли даромадни аниқлаш учун, ижара объекти қийматини қоплаш суммасини ижара тўлови суммасидан чиқариб ташланг. Фоизли даромадни ижара тўлови жадвалига мувофиқ ижаранинг бутун муддати давомида қисмларга бўлиб солиқ солинадиган даромадга қўшинг.

Мисол
Молиявий ижара даромадларини ижарага берувчи томонидан аниқлаш
Шартномага асосан 120 000 минг сўмлик экскаватор молиявий ижарага берилган. Фоизли даромад 24 000 минг сўмни ташкил қилади. Шартномага асосан ижара тўловининг умумий суммаси – 144 000 минг сўм. Ижара муддати – 20 ой. Тўловлар жадвали хар ойда тенг миқдордаги 7 200 минг сўм тўловни назарда тутади. (144 000 : 20).
Молиявий ижара объекти қийматини қоплаш бўйича хар ойлик ижара тўлови – 6 000 минг сўм (120 000 : 20) ва ижарага берувчининг фоизли даромади – 1 200 минг сўм. (24 000 : 20).
Ижарага берувчининг бухгалтериясида экскаватор қиймати узоқ муддатли дебиторлик қарздорлик сифатида акс эттирилади (120 000 минг сўм.). Ижарачи уни ижара тўловлари жадвалига мувофиқ тўлайди.
Фоизли даромад (24 000 минг сўм.) экскаваторни чиқиб кетиш пайтига эмас, балки ижара тўловлари жадвалига мувофиқ қисмларга бўлинган ҳолда тан олинади. Шундай қилиб, 1 200 минг сўм 20 ой давомида хар ойда ижарага берувчининг даромадига киритилади.

Агар молиявий ижара объектининг қоплаш қиймати, баланс қийматидан юқори бўлса, ижарага берувчида фоизли даромаддан ташқари ижара объекти чиқиб кетишидан қўшимча даромад юзага келади

Мисол
Лизингга берувчи томонидан лизинг объекти чиқиб кетишидан қўшимча даромадни аниқлаш
Лизинг корхонаси ишлаб чиқариш корхонасига лизингга бериш учун қиймати 600 000 минг сўмлик технологик ускуна сотиб олди. Объект лизинг олувчига 720 000 минг сўм қийматда берилди.
Лизингга берувчи учун – бу актив, узоқ муддатли дебитор қарздорлик. Лизинг шартномаси 5 йил муддатга тузилган.
Йиллик фоиз ставкаси – 10 фоиз, шартномага асосан фоизли даромад 360 000 минг сўмни ташкил этади (720 000 х 10 % х 5).
Жадвалда хар ойлик ижара тўловлари 18 000 минг сўмдан кўзда тутилган.
Шартноманинг бутун даври учун ижара тўловининг умумий суммаси 1 080 000 минг сўмни ташкил этади., шу жумладан:
  • 600 000 минг сўм – лизинг объектини қоплаш суммаси;
  • 360 000 минг сўм – фоизли даромад;
  • 120 000 минг сўм. – кечиктирилган даромад.
Лизинг объекти қийматини қоплаш суммаси (бизнинг мисолда – 600 000 минг сўм), лизинг тўловлари таркибидаги ижарага берувчи (лизингга берувчи) томонидан олинганда, ялпи тушумга киритилмайди. Айланмадан олиндиган солиқни ҳисоблашда солиққа тортиладиган объектга фоизли даромадни (360 000 минг сўм) ва кечиктирилган даромад билан боғлиқ (120 000 минг сўм) даромад суммасини киритиш зарур.

Оператив ижара даромадини қандай аниқлаш мумкин

Агар сиз мулкни оператив ижарага берсангиз, шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб, даромадингизни аниқланг.

Ижарага берувчи даромади = Ижара тўлови

 

Мисол
Оператив ижарадан даромадни аниқланг
Оператив ижара шартномасига кўра, ижара тўловининг умумий суммаси 7 200 минг сўмга тенг. Ижара муддати 12 ойни ташкил этади. Яъни хар ойига 600 минг сўмдан (7 200 : 12).
Шу тариқа, 600 минг сўм миқдоридаги ижара тўлови, ижарага берувчининг бошқа даромадлари таркибига хар ойда, 12 ой давомида киритилади.
Ижарага олувчига ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирганда, унда шартномага асосан ижара тўловини акс эттиринг.
Эътибор беринг
Кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлар шартнома бўйича ижара тўлови миқдоридан келиб чиқиб айланмадан олинадиган солиққа тортилади.

2012 йилдан 2019 йилгача юридик шахслар учун тартиб белгиланди, унга мувофиқ кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлар шартномада белгиланган ижара тўловидан келиб чиққан ҳолда, лекин давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг минимал ставкаларидан кам бўлмаган миқдорларда солиққа тортилган.

2020 йилдан бошлаб ижара тўловлари суммаси тасдиқланган минимал ставкаларда ҳисоблаб чиқилганидан кам бўлиши мумкин. Бу сизнинг корхонангиз асоссиз равишда паст ёки юқори ижара тўловларини белгилаши мумкин дегани эмас. Улар бозор нархларига мос келиши керак. Солиқ хизмати ходимлари нархларни назорат қилиши ва нархлар бозор нархларидан катта фарқ қиладиган бўлса, улар солиқларни қайта ҳисоблаш ҳуқуқига эгадирлар 

Ижара ставкаларини бозор нархлари даражаларидан паст қўлланилиши қонун бузилишига олиб келмайди. Аммо сиз буни асослаб беришингизга тўғри келади – масалан, таъмирланмаганлиги, ноқулай жойлашгани ва бошқалар. Агар сизнинг келтирган важларингиз ишонарли бўлмаса, солиқ хизмати ходимлари бозор ставкаларидан келиб чиқиб қўшимча солиқларни ҳисоблашлари мумкин.

Вазият
Корхона чакана савдо хоналари учун ижара ставкасини ойига 5 минг сўм қилиб белгилади. Шу билан бирга, бу туманда ўртача бозор ставкаси 50 минг сўмни ташкил қилади. Корхона амалдаги қонунларни бузмаяптими?
– Йўқ, бузмаяпти. Корхона ўз товарлари(хизматлари) учун нархларни мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Яна бир нарса шундаки, паст ижара ставкаси қўлланилиб ҳисобланган даромад, айланмадан олинадиган солиқни ва солиқ базасини сезиларли даражада камайтиради. Шунинг учун, солиқ органлари бозор ставкаларидан келиб чиқиб, солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилишлари учун сезиларли даражада хатар мавжуд .
Buxgalter.uz тавсия қилади
Солиқ органлари томонидан битимлар бўйича солиқ базасига тузатиш киритилишининг олдини олиш учун, бозор нархларидан фарқ қиладиганлари бўйича корхонанинг нарх сиёсатида нарх қоидаларини йўлга қўйинг. Бу текширувларда жуда мухим етарли далилга айланиши мумкин. Айнан у, сизнинг нархларингиз бўйича назорат қилувчи органлардан келиб чиқадиган саволларга жавобни ўз ичига олган бўлади.

Коммунал хизмат учун қоплаш суммаларини даромадга киритиш керакми 

Кўпинча, ижара шартномаси шартларига кўра, ижарага олувчи ижара тўловини тўлашдан ташқари, ижарага берувчига коммунал хизматлари ва алоқа хизматлари қийматини ҳам қоплайди. Қопланган сумма ижарага берувчига даромад ҳисобланмайди. Шунинг учун мулкни оператив ижарага беришда фақат ижара тўлови суммасини айланмадан олинадиган солиққа тортинг. 

Мисол
Коммунал хизматлар учун қопланган тўловларни ижарага берувчининг солиқ солинадиган даромадига қўшмаслик
Айланмадан солиқ тўловчи ҳисобланган ижарага берувчи офис хоналарини ижарага беради. Ижара шартномасига мувофиқ, коммунал ва алоқа хизматлари ижарага олувчи томонидан ҳақиқий истеъмол бўйича алоҳида қопланади.
Ой учун тақдим қилинган ҳисобварақ-фактурага биноан:
  • ижара тўлови миқдори 1 200 минг сўмни ташкил этади.,
  • коммунал ва алоқа хизматларининг қопланган суммаси – 460 минг сўм.,
  • шу жумладан ҚҚС – 60 минг сўм.
Ижарага берувчи учун ижарачи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар (460 минг сўм), харажат ҳисобланмайди, уни қопланиши эса даромад ҳисобланмайди. Коммунал хизматлари қийматини, у уларни етказиб берувчидан ижарачига қайта ўтказади Шундай қилиб, ойлик ижара тўлови 1 200 минг сўм – ижара муддати давомида ижарага берувчининг даромадига қўшилади. Ижарага олувчи ижарага берувчига қоплаб берадиган 460 минг сўм солиқ базасига киритилмайди.

 


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал