Полезное для бухгалтера в ноябре:
Умумий овқатланиш корхоналари солиқлар бўйича преференцияларни қандай қўллайдилар
Пандемия шароитларида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 2021 йил 1 сентябрдан 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод қилинди. Шунингдек, уларга мавжуд қарзлар бўйича кечиктириш тақдим этилди . Ушбу преференциялар бўйича саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди:
- Умумий овқатланиш корхоналари ушбу солиқлар бўйича имтиёзларни қўллаш учун мол-мулк ва ер солиқлари бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китоблар тақдим этишлари зарурми?
- Солиқ даври мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарганлиги муносабати билан умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган бўнак маълумотномасини тақдим этишга ҳақли . Ер солиғи бўйича эса улар бир ой муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишлари шарт .
Солиқ органлари мазкур озод этиш тақдим этилиши муносабати билан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартибини солиқ тўловчилар эътиборига етказади.
- Корхона умумий овқатланишдан ташқари бошқа фаолият турлари билан ҳам шуғулланади. Мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этиш тарзидаги имтиёз қандай қўлланилади?
- Солиқ тўловчи томонидан мол-мулк (ер) солиғини тўлаш назарда тутилмаган фаолият турлари амалга оширилган тақдирда, солиқ базаси :
- солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган мол-мулк (ер участкаси) ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш асосида;
ёки
- солиқ тўланиши назарда тутилган фаолиятдан олинадиган соф тушумнинг жами соф тушум ҳажмидаги улушига қараб (алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишнинг имкони бўлмаса) аниқланади.
- Умумий овқатланиш корхоналарига айрим солиқлар бўйича қарзни сўндиришни кечиктириш тақдим этилган. Ундан фойдаланиш учун қандайдир ҳужжатларни тақдим этиш зарурми?
- Умумий овқатланиш корхоналари:
- 2021 йил 15 август ҳолатига кўра айланадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича қарздорликни;
- 2021 йил 15 август ҳолатига кўра барча солиқлар бўйича жарима ва пеняларни кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқига эга бўлишди.
Кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш қарздорликни 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар фоизларни ундирмасдан тенг миқдорларда сўндиришни назарда тутади. Бунда солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги солиқ органларини - сиз ушбу ҳуқуқдан фойдаланаётганлигингиз ҳақида хабардор қилиш зарур. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилиш шарт эмас.