Полезное для бухгалтера в декабре:
Суд ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклади. Нима қилиш керак?
Собиқ ходим ўзини ноқонуний тарзда ишдан бўшатилган деб ҳисоблаб, уни аввалги иш жойига тиклаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Суд томонидан ушбу даъво қаноатлантирилди. Бунда иш берувчи қандай йўл тутиши кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан «Норма» компанияси эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтириб берди:
Ҳал қилув қарори кучга кирмаган бўлса, уни ижро этиш лозимми?
– Қоидага кўра, суднинг ҳал қилув қарори ходимнинг фойдасига чиқарилганидан кейин кўпчилик иш берувчилар қандай йўл тутиш кераклигини билишмайди. Баъзида улар суднинг ҳал қилув қарори кучга кирмаган бўлса уни ижро этиш ҳам шарт эмас деб ҳисоблайдилар. Бу нотўғри.
Албатта, иш берувчи биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига норозилик билдирса, ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан 1 ой ичида апелляция шикоятини бериши мумкин . Умумий қоидаларга кўра, суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, ҳал қилув қарори ишни апелляция инстанцияси суди кўриб чиққанидан кейин қонуний кучга киради .
Бироқ бу қоидада истиснолар ҳам мавжуд.
Суднинг айрим ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим . Улар жумласига меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарор ҳам киритилган. Дарвоқе, иш берувчи томонидан бундай қарорнинг ижроси кечиктирилган тақдирда, суд ижро кечиктирилган барча вақт учун ходимга ўртача иш ҳақи тўлаш ҳақида тегишинча қарор чиқаради .
Шу тариқа, суд томонидан ходимни аввалги иш жойига тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилганда ташкилот:
- иш берувчи бунга розилиги ёки норозилигидан;
- қарор кучга кирган-кирмаганлигидан;
- қарор устидан шикоят қилинган-қилинмаганлигидан қатъи назар ушбу қарорни дарҳол ижро этиши шарт.
Қарор чиқарилдими - ижро этилиши шарт.
Қарорда қайд этилмаган бўлса ҳам уни дарҳол ижро этиш лозимми?
ФПКнинг 255-моддасига мувофиқ, суд томонидан дарҳол ижро этишга қаратилган ҳал қилув қарори чиқарилганда бу ҳақда унда кўрсатилиши лозим. Бироқ айрим ҳолатларда суд буни кўрсатиб ўтмайди. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам иш берувчи суднинг ишдан бўшатилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини дарҳол ижро этиши шарт, сабаби бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўғридан-тўғри белгилаб қўйилган.
«Дарҳол» сўзи нимани англатади?
Иш берувчи қарор эълон қилинган кунда ходимни ишга тиклаши лозимми? Агар қарор соат 17.00 да эълон қилинган бўлса-чи? Ушбу саволларга қонунда жавоблар келтирилмаган. Бироқ амалиётдан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, ходим суд қарори чиқарилган кундан кейинги кундан бошлаб ўзининг меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши, иш берувчи эса унинг ишлашига рухсат бериши шарт. Яъни – суд қарори чиқарилган кундан кейинги куни иш берувчи ходимни ишга тиклаш тўғрисида буйруқ чиқариши ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тўғрисидаги буйруқни бекор қилиши лозим.
Суднинг ҳал қилув қарори тарафларга топширилмаган бўлса ҳам, уни дарҳол ижро этиш лозимми?
Қоидага кўра, суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинган кунда тарафларга берилмайди. Одатда қарор чиқарилган кундан 5 кун ўтгач, баъзида бундан кейинроқ ҳам берилади.
Иш берувчининг вакили ҳал қилув қарори эълон қилинаётганда иштирок этган бўлса, бунда биргина жавобни айтиш мумкин –ходимни суднинг ҳал қилув қарорини олмасдан ишга тиклаш лозим (иш берувчининг вакили қарор ўқилаётганда иштирок этганлигининг ўзи етарли бўлади).
Агар ҳал қилуви қарори ўқиб эшиттирилаётганда иш берувчининг вакили иштирок этмаган бўлса (масалан, иш сиртдан иш кўриш тартибида кўрилган тақдирда), иш берувчи учун ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги оғзаки ариза асос бўла олмайди. Мазкур ҳолатда ходимдан ҳал қилув қарорини тақдим этиши ёки уни тегишли суддан олиб келиб бериши талаб қилиниши лозим».
Жавобгар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган бўлиб, келмаслик сабаблари тўғрисида судни хабардор қилмаган ҳамда бу сабабларнинг узрлилигига далиллар тақдим этмаган ва ишни унинг иштирокисиз кўришни илтимос қилмаган бўлса, даъвогар қаршилик билдирмаган ҳолатларда иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин .
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси суд мажлисига келмаган тарафга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан 5 кундан кечиктирмай имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади .