Полезное для бухгалтера в ноябре:
Таъсисчиликдан чиққан иштирокчига қурилиши тугалланмаган объектни бериш мумкинми
Таъсисчи МЧЖ иштирокчилари таркибидан чиқиб кетмоқда. Унга улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш ҳисобига қурилиши тугалланмаган объектни бериш мумкинми? Буни buxgalter.uz илтимосига биноан МВ Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бухгалтерия ҳисоби методологияси бўлими бошлиғи Асал ХАШИМОВА тушунтирди:
- Жамият иштирокчилари унинг бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда унинг таркибидан чиқишга ҳақли.
МЧЖ чиқиб кетган иштирокчига устав фондидаги унинг улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши шарт. У иштирокчи чиқиб кетган кундан олдинги, охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади.
Агар жамиятнинг устав капиталига иштирокчи ўз ҳиссасини тўлиқ миқдорда тўламаган бўлса, улушининг ҳақиқий қиймати ҳиссанинг тўланган қисмига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади. Шу боис жамиятнинг таъсисчилар таркибидан иштирокчиларнинг чиқиб кетиши тартибини жамият уставида мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.
Жамият чиқиб кетган таъсисчига улушининг ҳақиқий қийматини пул билан тўлаши мумкин, бундай имконият бўлмаганда эса - иштирокчининг розилиги билан шундай қийматдаги мол-мулкни бериши мумкин .
Мол-мулк жумласига материаллар, тайёр маҳсулот, товарлар, асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва ҳ.к. киради. Таъсисчига нафақат у илгари устав фондига киритган мол-мулкни, балки жамиятга тегишли бўлган ҳар қандай бошқа мулкни бериш мумкин.
Қурилиши тугалланмаганн объектнинг қай турини беришнинг иложи йўқ
Таъсисчига қурилиши тугалланмаган бинони (иншоотни) бериш учун жамият дастлаб давлат органида унга бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиши лозим.
Қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Бино ва иншоотнинг пойдевор ва биринчи қавати деворларининг қурилиш ишлари якунланганлиги қурилишни бошланган деб топиш учун асос деб ҳисобланади.
Қурилиши тугалланмаган турар ва нотурар жой бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар:
- ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги;
- қурилиш тасдиқланган лойиҳа асосида бошланганлиги шарти билан давлат рўйхатидан ўтказилади.
Қуйидаги қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди:
- "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида сотиб олинган, электрон аукцион ғолибларида уларга нисбатан қабул қилинган мажбуриятлар мавжуд бўлган ер участкаларида;
- ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида жойлашган бинолар ва иншоотлар.
Қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларни бошқа шахсга ўтказишда ҳуқуқ эгасининг буюртмаси бўйича:
- ер участкасини бериш тўғрисидаги ҳужжатлар, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида кадастр йиғмажилди тайёрланади;
- қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилади.