Бухгалтер талабнома ва даъво аризасини юрист иштирокисиз қандай тайёрлаши мумкин

preview

Даъво ишлари юридик ҳаракатлар мажмуидир. Йирик корхоналарда бундай ишлар билан юрист ёки юридик бўлим шуғулланади. Бундай тузилма ёки штат бирлиги назарда тутилмаган ташкилотларда талабнома ва даъво ишлари бухгалтернинг зиммасига тушади.

 

Корхона ва унинг контрагентлари ўртасидаги муносабатлар иккала тараф учун шартлари бажарилиши мажбурий ҳисобланган шартномалар билан тартибга солинади. Бироқ у ёки бу сабабларга кўра контрагентлар шартнома шартларига риоя қилмайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради, бу эса зарар кўрилишига олиб келади. Ёки давлат органлари – солиқ, божхона лицензияловчи ва бошқа органлар томонидан ўз ишида қоидабузарликларга йўл қўйилган ҳолатларда уларни фақат суд орқали жавобгарликка тортиш мумкин бўлади.

Даъво ишларини аҳамиятли даражада тартибга солиш, бу жараённи янада самарали ташкил қилишда локал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёрдам беради. Уларнинг орасида асосий ҳужжат «Даъво ишларини юритиш тартиби тўғрисидаги низом» ҳисобланади. Корхона белгиланган шаклдаги намунани асос қилиб, мустақил равишда бундай ҳужжатни ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Қоидага кўра, низони ҳал этиш талабнома тақдим этишдан бошланади. Талабнома ёки судгача бўлган жараёнда талабнома хати шартноманинг бир тарафи томонидан иккинчи тарафга бирор-бир мажбуриятларни бажариш юзасидан тақдим этиладиган хужжатдир. Қарздорлик, шу жумладан муддати ўтказиб юборилган қарздорликнинг мавжудлиги қарздорга талаб қўйилиши учун асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

Кўпинча ўз шеригига асослар келтирилган хатни юборишнинг ўзи кифоя қилади ҳамда шартнома тарафлари судгача бўлган тартибда  ечим топилганлиги сабабли иқтисодий низо ҳал этилади. Бундай ҳужжатни қандай тўғри тайёрлаш ва юбориш ҳақида қуйидаги тавсиямизда батафсил баён қилинган: «Бухгалтер талабномани қандай тайёрлаши лозим».

Низоли вазият юзага келганда ҳар доим ҳам талабнома юборилиши лозимми, бу ҳақда қуйидаги эслатмадан билиб олишингиз мумкин: «Мажбурий тартибда даъво иши юритиладиган ишлар».

 

Талабнома юборилди, лекин натижа бўлмаяпти...

Дебиторлик қарздорлиги учун корхонанинг раҳбари ва бош бухгалтерига маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, шу сабабли суддан қутулишнинг иложи бўлмайди: қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилишга тўғри келади. Даъво аризасини тайёрлашдан олдин бу иш қанчалик мураккаблигини, судда юрист-адвокат иштирокисиз ўзингиз уддалаб олишингизни чамалаб кўринг. Фақат ҳал этиладиган масала низоли бўлмаган ҳолатларда ўз кучингиз билан ҳал этишингиз мумкин.

Масалан, етказиб берувчи компания шартномада кўрсатилган муддатларда харидорга хом ашёни тўлиқ миқдорда юборган. Бошланғич ҳужжатларнинг барчаси лозим даражада расмийлаштирилган, харидорга хом ашёни етказиб берган машиналар қайд этилган. Шунингдек тарафлар ўртасида ёзишмалар мавжуд бўлиб, улар етказиб берувчи шартнома шартларини тўлиқ ҳажмда бажарганлигини тасдиқлаши мумкин. Бироқ харидор номаълум сабабларга кўра олинган хом ашё ҳақини тўламаган ҳолатлар ҳам бўлади.

Мазкур ҳолатда адвокатдан ёрдам олиш учун мурожаат қилиш шарт эмас. Корхона раҳбари ёки бош бухгалтери четдан кўмак олмасдан бундай суд жараёнини уддалаши мумкин. Даъво аризасини қуйидаги тавсия ёрдамида мустақил тайёрлаш мумкин: «Даъво аризасини суд кўриб чиқмасдан қайтармаслиги учун қандай тайёрлаш лозим» ва «Даъво аризаларини тузишда йўл қўйиладиган хатоликлар».

Низо мураккаб, бир неча турли даъво талабларидан иборат бўлса, ечим бир хил бўлмайдиган ҳолатларда  адвокатга мурожаат қилган яхшироқ. Низоли масалани яхши билишингизга қарамай, процессуал ҳуқуқни билмаслигингиз ва суд жараёнида йўл қўйилган хатоларни эътибордан четда қолдиришингиз мумкин. Айрим ҳолатларда бундай ҳуқуқбузарликлар сизга фойдали бўлмаган қарорларни бекор қилиш учун қатъий асос бўлиши мумкин. Бу масала ўта муҳим бўлса, ўз кучига ишониб таваккал қилмаган маъқул.

 

Даъво аризаси берилди, ишни кўриш куни белгиланди

Белгиланган кун ва вақтда зарур ҳужжатлар пакети билан судга келишингиз лозим, бунда рухсатномани расмийлаштириш учун кетадиган вақтни ҳам ҳисобга олинг. Рухсатномани олгандан кейин судга келганлигингиз ҳақида котибиятни хабардор қилиб қўйинг.

Суд мажлиси бир кунда якунланган ҳолатлар ҳам бўлади, бироқ бундай ҳолат жуда кам учрайди... Қоидага кўра, судлар бир неча кунга, баъзида ҳафталарга чўзилиши мумкин, шу сабабли сабр-тоқатли бўлиш лозим.

Таваккалчилик юқори бўлмаган ҳолатларда судга иқтисодий низони соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш учун мурожаат қилиш мумкин бўлади. Буни қандай амалга ошириш ҳақида қуйидаги тавсиядан билиб олишингиз мумкин: «Қандай ҳолатларда иқтисодий судга соддалаштирилган тартибда даъво аризасини бериш мумкин».

Суд мажлисида корхонанинг бошқа ходимлари ҳам иштирок этадиган бўлса, уларга ўзларини судда қандай тутишлари лозимлиги ҳақида маслаҳат беринг. Уларга судда ўзини тутиш қоидаларини  , кўрсатмалар ва изоҳлар беришнинг ўзига хос жиҳатларини тушунтиринг.

Уларни суд мажлисида баённома тузиб борилаётганлигини ва шу сабабли суд котиби баённомада қайд этишга улгуриши учун шошилмасдан фақат иш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилиши лозимлиги ҳақида огоҳлантиринг. Кейинчалик суд мажлиси баённомаси суд томонидан рухсат берилганда барча процессуал ҳуқуқбузарликларни исботлашда ёрдам беради. Улар эса, ўз навбатида, суд қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин. Суд жараёнида адвокатсиз қандай иштирок этиш ҳақидаги фойдали маслаҳатлар қуйидаги тавсияда берилган: «Бухгалтер суд жараёнидаги иштирок ҳақида нималарни билиши лозим».

Даъво ишлари бўйича барча материаллар процессуал ҳужжатлар намуналари билан тўлдирилган.

Элеонора МАЗУРОВА, 

 адвокат, «Норма» компанияси эксперти.

 

Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /ru/publish/doc/text177280_buhgalter_talabnoma_va_davo_arizasini_yurist_ishtirokisiz_qanday_tayerlashi_mumkin