Полезное для бухгалтера в ноябре:
Фойда солиғи бўйича 11 та чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар
Сизнинг эътиборингизга 2021 йил давомида корхонангизда юзага келиши мумкин бўлган харажатларга боғлиқ 11 вазиятни ҳавола қиламиз. Ўзингизни текширинг: сиз уларни фойда солиғи бўйича якуний ҳисоботда тўғри акс эттирдингизми?
1. Суд харажатлари - чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар
Суд харажатлари фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатлар ҳисобланишини тушуниш учун суд жараёни нима билан боғлиқ эканлигини билиш зарур. Агар - солиқ солинадиган даромад олиш билан боғлиқ бўлса, суд харажатлари чегириладиган харажатлар бўлиши мумкин .
2. Бола туғилганда бериладиган нафақа, бола 2 ёшга тўлгунча бериладиган нафақа, “касаллик варақалари” - чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар
Бола туғилганда бериладиган нафақа Пенсия жамғармаси маблағларидан тўланади. Бироқ агар сиз бола туғилиши муносабати билан моддий ёрдам тўласангиз - бу чегирилмайдиган харажат бўлади .
Бола 2 ёшга тўлгунча бериладиган нафақа ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича нафақа - чегириладиган харажатлар, сабаби қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиққан .
3. Ҳомийлик ёрдами - чегирилмайдиган харажат
Компания коронавирус пандемияси муносабати билан Саломатлик жамғармасига пул ўтказди. Мазкур харажатни чегириладиган харажатга киритиш мумкинми?
Ушбу ҳолда ҳомийлик ёрдами СКнинг 317-моддаси 7-бандига асосан чегирилмайдиган харажат бўлади.
4. Касаба уюшмаларига бадаллар - чегирилмайдиган харажатлар
Касаба уюшмасига МҲФнинг 1%и миқдорида ҳар ойлик ажратмалар чегирилмайдиган харажатларга кирадими?
СКнинг 317-моддаси 29-бандига асосан “нотижорат ташкилотларига тўланадиган бадаллар, йиғимлар ва бошқа тўловлар, бундан бундай бадалларни, йиғимларни ва бошқа тўловларни тўлаш қонун ҳужжатларида (шу жумладан чет давлатларнинг қонун ҳужжатларида) назарда тутилган ва (ёки) ушбу бадалларни, йиғимларни ва бошқа тўловларни тўлаган солиқ тўловчилар томонидан фаолиятни амалга оширишнинг шарти ёхуд мазкур ташкилотлар томонидан солиқ тўловчилар ўз фаолиятини юритиши учун зарур хизматлар тақдим этишнинг шарти бўлган ҳоллар мустасно” чегирилмайди.
Касаба уюшмаси ташкилотлари - бу фуқароларнинг ихтиёрий жамоат бирлашмаси . Бинобарин, касаба уюшмаларига бадаллар - чегирилмайдиган харажат.
5. ССПга аъзолик бадаллари - чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар
Савдо-саноат палатасига аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир .
Агар ССПга аъзолик корхоналар учун мажбурий бўлса, бадалларни солиқ базасидан чегириб ташлаш мумкин. Агар аъзолик мажбурий бўлмаса, харажат - чегирилмайдиган харажат .
6. Яроқсизлиги сабабли ТМБларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар - чегирилмайдиган харажат
СКнинг 317-моддаси 34-бандига асосан товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар - бу чегирилмайдиган харажат.
Эслатиб ўтамиз: ТМБ - бу айланма активлар. Улар жумласига асосий воситалар кирмайди.
7. Пеня ва жарималар - чегирилмайдиган харажатлар
Бюджет тизимига ўтказилган (ўтказилиши лозим бўлган) пенялар, жарималар ва бошқа санкциялар - фойда солиғи бўйича чегирилмайдиган харажатлар .
8. Спортзалга абонемент - чегирилмайдиган харажат
Спортзалга абонементлар - бу ходимларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ва корхона учун чегирилмайдиган харажат .
9. Меҳнат шароитларини яратиш учун харажатлар - чегириладиган харажатлар
Гап мажбурий суғурталаш, ходимлар саломатлиги учун қулай шароитлар яратиш (капсулаларда ичимлик суви, махсус кийим ва ниқоблар) ва ҳ.к. хусусида бормоқда. Улар чегириладиган харажатларми? Ушбу харажатларни нарх белгилаш бўйича сиёсатда келтириб ўтиш зарурми?
Мажбурий суғурталаш харажатлари - чегириладиган харажатлар, сабаби қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиққан .
Шунингдек, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак .
Меҳнатни муҳофаза қилиш мақсадида белгиланган тартибда маблағлар ва зарур материаллар ажратилади (махсус кийим, махсус пойафзал, индивидуал ҳимоя воситалари ва ҳ.к.). Бу маблағ ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш ман этилади. Улардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида ёки иш берувчи ва ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади .
Агар барча юқорида кўрсатилган талабларга риоя қилинган бўлса, меҳнат шароитларини яратиш бўйича харажатларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.
Нархлар барча харажатлар қопланиши зарурлиги ва корхонанинг фойда олишини таъминлашини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши даркорлиги боис, юқорида кўрсатилган харажатларни нарх белгилаш сиёсатига киритинг. Уларни яхлитланган ҳолда - мажбурий суғурталаш бўйича харажатлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича харажатлар сифатида кўрсатиш мумкин.
Жамоа шартномасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича харажатларни батафсил баён этиш тавсия қилинади.
10. АВ эскириши бўйича харажатлар - белгиланган норма доирасида чегириладиган харажатлар
Корхона қўшимча ишлаб чиқариш учун АВ харид қилди, бироқ объектдан ҳануз фойдаланилмаяпти, чунки ҳозирча харидорлар йўқ. АВга амортизация ҳисоблаш зарурми? Агар зарур бўлса, амортизация чегириладиган харажат ҳисобланадими?
Агар объект узоқ муддат давомида хўжалик фаолиятини юритишда маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида ёхуд -
маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиш учун тутиб турилса, у асосий восита деб эътироф этилади .
Агарда корхона уни сотса, объектни товар сифатида малакалаш лозим .
Агар корхона ундан ишлаб чиқаришда фойдаланса, амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулини қўллаш тавсия қилинади, бунда амортизация суммаси ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ. Ишлаб чиқариш мавжуд бўлмаганда амортизация ҳисобланмайди. Қўлланиладиган амортизация усулини ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.
Амортизация ҳисоблашда СКнинг 306-моддаси нормалари доирасида ҳисобланган сумма чегириладиган ҳисобланади.
11. Газ ва электр энергияси бўйича лимитдан ортиқ харажатлар - чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар
Электр энергияси ва газ учун ҳисоб-китоблар 12.01.2018 йилдаги 22-сон ВМҚга 1 ва 2-иловалар билан тартибга солинади.
Ҳисоб-китоблар электр ва газ таъминоти ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилади. Истеъмолчи ресурсларга бўлган эҳтиёжни тегишли ҳисоб-китоблар билан асослантиради, унинг асосида шартнома тузишда корхона муайян тариф гуруҳига киритилади.
Шартнома шартларига кўра, корхона ресурслар истеъмолининг белгиланган режимига риоя қилиши шарт. Нормативдан ортиқча истеъмол қилинган тақдирда оширилган коэффициент билан тўлов ундирилади.
Газ ва электр энергияси учун нормативдан ортиқ харажатлар чегириладиган харажатларга киришини тушуниш учун аввал нормативдан ортиқ харажат сабабини аниқлаш зарур.
Чегирилмайдиган харажатлар:
- камчиликлар ва бузилишларни бартараф этишга доир харажатлар ;
- электр энергиясини талон-тарож қилишлар ;
- даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажатлар .
Лимитдан ортиқ харажатлар бўйича бошқа ҳоллар қуйидагилар билан шартланган бўлиши мумкин:
- норматив нотўғри белгиланган;
- янги ишлаб чиқариш ёки янги маҳсулотни ўзлаштириш амалга оширилмоқда.
Бу ҳолларда СКнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ва ҳужжат билан тасдиқланганлиги тўғрисидаги нормаларидан келиб чиқиш лозим. Ҳақиқий харажатларга мувофиқ келмайдиган норматив ресурсларга бўлган эҳтиёжнинг нотўғри ҳисоб-китобидан далолат беради. Ўз ҳисоб-китобларингизни аниқлаштиринг ва етказиб берувчилар билан янги нормативларни келишинг.
Агар сиз ҳисоб-китоблар ва тасдиқловчи ҳужжатлар ёрдамида нормативдан ортиқ харажатларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослантириб берсангиз, уларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин.
Наталья МЕМЕТОВА,
“Норма” эксперти