Йил зарар билан якунланса, ҳисоботда муҳим бўлган 2 вазият

preview

Корхона 2021 йилни зарар билан якунлади. Буни ҳисоб ва ҳисоботда  қандай тўғри акс эттириш ҳақида “Норма” эксперти Наталья МЕМЕТОВА гапириб берди:

 

– “Стандарт вазиятда фойда солиғини ҳисоблаш ҳисобда қуйидаги ўтказма билан акс эттирилади:

  • Дт 9810 “Фойда солиғи бўйича харажатлар”;
  • Кт 6410 “Бюджетга тўловлар бўйича қарз - фойда солиғи”.

Ўтказма суммаси Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 080-сатри қийматига мувофиқ келиши керак. Худди шу сумма Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида акс эттирилади.

Юзага келиши мумкин бўлган 2 та вазиятни кўриб чиқамиз.

 

1-вазият. Солиқ базасининг камайиши

Корхона молиявий ҳисоботни ҳар чоракда тақдим этади. 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича:

  • фойда солиғи бўйича солиқ базаси - 1 000 млн сўм;
  • фойда солиғи - 150 млн сўм.

2021 йилнинг 9 ойи учун 150 млн сўм миқдоридаги фойда солиғи:

  • ҳисобда Дт 9810 - Кт 6410 ўтказмаси билан;
  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида акс эттирилди.

2021 йил якунлари бўйича:

  • солиқ базаси - 600 млн сўм;
  • фойда солиғи - 90 млн сўм.

 

Эътибор беринг
Фойда солиғи ҳисоб-китоби ўсиб борувчи якун билан тақдим этилади, шу боис Ҳисоб-китобнинг 080-сатридан фойда солиғи суммаси - бу бутун 2021 йил учун солиқ бўйича харажат.

Агар фойда солиғи бўйича харажат йил якунлари бўйича камайган бўлса, нима қилиш керак?

Эътибор беринг

Хато!

IV чорак учун ҳисоб ва молиявий ҳисоботда 90 млн сўм суммани акс эттириш хато бўлади. Бу ҳолда фойда солиғи бўйича харажатнинг умумий суммаси йил учун: 150 + 90 = 240 млн сўмни ташкил этади.

 

Қандай бўлиши керак

2021 йил учун солиқ жами 90 млн сўмни ташкил этиши керак. Бунинг учун IV чорак учун солиқ бўйича харажат суммасини аниқлаймиз:

90 – 150 = – 60 млн сўм.

Яъни фойда солиғи бўйича харажатни ва тегишинча, солиқ бўйича мажбуриятни 60 млн сўмга камайтириш зарур. Буни иккита усулда амалга ошириш мумкин:

  • сторнировка ўтказмаси билан: Дт 9810 - Кт 6410 “– 60 млн сўм”га (минус билан);
  • тескари ўтказма билан: Дт 6410 - Кт 9810 60 млн сўмга (плюс билан).

Натижада 2021 йил учун умумий харажат:

150 – 60 = 90 млн сўмни ташкил этади.

Айнан ушбу сумма Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида акс эттирилган бўлиши керак.

 

2-вазият. Йил якунлари бўйича зарар

Корхона молиявий ҳисоботни ҳар чоракда тақдим этади. 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича:

  • фойда солиғи бўйича солиқ базаси - 1 000 млн сўм;
  • фойда солиғи - 150 млн сўм.

2021 йил якунлари бўйича IV чоракда ҳажмлар кескин камайганлиги туфайли:

  • солиқ базаси - “–200 млн сўм” (Ҳисоб-китобнинг 060-сатри);
  • фойда солиғи - 0 (Ҳисоб-китобнинг 080-сатри).

2021 йилнинг 9 ойи учун 150 млн сўм миқдоридаги фойда солиғи:

  • ҳисобда Дт 9810 - Кт 6410 ўтказмаси билан;
  • Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида акс эттирилди.
Эътибор беринг
Фойда солиғи ҳисоб-китоби ўсиб борувчи якун билан тақдим этилади. Шу боис Ҳисоб-китобнинг 030-сатридаги манфий қиймат ва 080-сатридаги ноль қиймат шундан далолат берадики, зарар туфайли йил учун фойда солиғи ҳисобланмайди.

Агар 9 ой якунлари бўйича фойда солиғи бўйича харажат  бўлса, 2021 йил якунларига кўра эса - бўлмаса, нима қилиш керак?

Эътибор беринг

Хато!

IV чорак учун ҳисоб ва молиявий ҳисоботда қуйидаги суммани акс эттириш хато бўлади:

(1 000 – 200) х 15% = 120 млн сўм.

Бу ҳолда фойда солиғи бўйича харажатнинг умумий суммаси 2021 йил учун:

150 + 120 = 270 млн сўмни ташкил этади.

 

Қандай бўлиши керак

2021 йил учун фойда солиғининг ноль қиймати бўлиши керак. Бунинг учун фойда солиғи бўйича харажатни 9 ой учун акс эттирилган суммага, яъни 150 млн сўмга камайтириш зарур. Буни ҳам иккита усулда амалга ошириш мумкин:

  • сторнировка ўтказмаси билан: Дт 9810 - Кт 6410 “– 150 млн сўм”га (минус билан);
  • тескари ўтказма билан: Дт 6410 - Кт 9810 150 млн сўмга (плюс билан).

Натижада 2021 йил учун умумий харажат:

150 – 150 = 0 ни ташкил этади.

Ноль қиймат Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида ҳам акс эттирилиши керак”.

 

 

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text178342_yil_zarar_bilan_yakunlansa_hisobotda_muhim_bulgan_2_vaziyat