Полезное для бухгалтера в декабре:
ДСҚ солиқ узилиши коэффициенти танқидига муносабат билдирди
Солиқ узилиши коэффициенти, ДСҚнинг электрон сервисларидаги турли келишмовчиликлар ва уларни бартараф этувчи йўриқноманинг мавжуд эмаслиги бухгалтерларда тушунмовчиликлар ва эътирозлар уйғотмоқда. Бунга жавобан солиқ идораси томонидан солиқ тўловчиларда юзага келган саволлар бўйича батафсил тушунтириш эълон қилинди.
Тушунтириш матни ҳақиқатан ҳам қизиқарли ва вазиятни англаш учун фойдалидир. Уни ўзгартиришларсиз беряпмиз:
– «2021 йил декабрдан ҚҚС тўловчиларни махсус солиқ ҳисобига қўйиш бўйича янгиланган қоидалар кучга кирди, шунингдек электрон ҳисобварақ-фактураларда солиқ узилишининг янги ахборот кўрсаткичи – Tax gap акс эттирила бошланди. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ҳаракатлари кетма-кетлиги берилмаганлиги ва бу жамоатчиликка шахсий тасаввурларидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланган механизмларни талқин этиш имкониятини тақдим этиши кўрсатилган мақолалар, интервью ва шарҳлар пайдо бўлди.
Шу муносабат билан Давлат солиқ қўмитаси қуйидагиларни тушунтирди.
1) ҚҚС тўловчиларни ҳисобга қўйиш бўйича жорий этилган таваккалчиликка йўналтирилган ёндашув тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишини оғирлаштирувчи омил ҳисобланмайди. Тизим кўрсатилган мезонларга мувофиқликни таъминлаш орқали солиқ органларига ҚҚС занжирини узиш мўлжали йўқлиги ҳақида маълум қилиш имкониятини яратади.
ҚҚС тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш автоматик тарзда амалга оширилади (жойлашган манзилини ўрганиш ҳолати бундан мустасно). Тизим жорий қилинганидан кейин ҚҚС гувоҳномасини олиш учун янги аризалар сонини камайтириш тенденцияси кузатилмади. Жорий йилнинг январь ойида 1,6 минг тадбиркор биринчи марта ҚҚС гувоҳномасини олдилар (2021 йил учун ўртача – 1,5–1,7 минг).
Тизим жорий этилиши билан бир вақтда 89,6 минг субъект солиқ интизоми индикаторини мустақил равишда яхшилаган ҳолда, уларда аниқланган хатар кўрсаткичларини яхшилаб олдилар. Шунингдек 2021 йил декабрь ойи учун ҚҚС бўйича ҳисобга олинадиган сумма рекорд даражага чиқди ва 11,4 трлн сўмни ташкил этди, бу олдинги ойларда ҳисобга қабул қилинган суммалардан 40% юқоридир.
2) Солиқ хатари мавжуд бўлган тахминан 35,2 мингта ҚҚС тўловчиларда (умумий сонининг 24%и) ҚҚС гувоҳномаларининг амал қилиши тўхтатилган, бироқ манзилли ишлар олиб борилганидан кейин улардан 22,2 мингтасида хатар даражаси юқори бўлишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилган.
Натижада бугунги кунда хатар мезонлари мавжуд бўлган 13 мингта субъект (9%) қолган.
Бунда улардан 32%и (4,2 мингтаси) ҚҚС гувоҳномаси тугатилгунига қадар молиявий-хўжалик фаолиятини юритмаётган ва банклардаги ҳисобрақамлар бўйича операцияларни амалга оширмаётган эдилар (амалдаги тартибга мувофиқ «ҳаракатсиз режим»да бўлганлар).
ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатишдан мақсад солиқ тўловчиларни ва уларнинг контрагентларини ҳисоб-китобда йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, фаолиятнинг инсофли солиқ тўловчилар учун белгиланган мезонларга мувофиқлигини таъминлаш (боқимондани бартараф этиш, солиқ органлари базасидаги нотўғри ҳисоб маълумотларини тўғрилаш, ўз вақтида топширилмаган ҳисоботларни топшириш ва бошқалар) зарурлиги ҳақида хабардор қилиш ҳисобланади.
Келтирилган рақамлар бизнесга оид ўтказилган текширувларга асосан олинган халқаро ташкилотларнинг республикада яширин иқтисодиётнинг ҳажми 50%дан ортиқ миқдорда эканлиги ҳақидаги хулосаларига мувофиқ келмоқда.
Айнан шундай компаниялардан амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан эътирозлар келиб тушаётганлиги кузатилмоқда, бунга инсофли тадбиркорлик субъектлари ортиқча саъй-ҳаракатларсиз ўз хатарлари даражасини зудлик билан тузатиб олганликлари сабаб бўлмоқда.
ХВФ ва Жаҳон банки экспертларининг таъкидлашича, солиқ маъмуриятчилигида ахборот технологиялари тизимлари ривожланган мамлакатларда яширин иқтисодиёт даражаси ўз ахборот тизимларини такомиллаштирмаётган мамлакатларга нисбатан анча паст.
3) ҚҚС занжирида фойдаланиладиган солиқ узилиши коэффициенти ҳисоблаб чиқарилган ва ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммаларини солиштиришнинг математик алгоритми асосида аниқланади.
2022 йил 1 февралдан бошлаб у ҳақдаги маълумотларни солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан олиш мумкин бўлади, ҳисобланган «келиб тушмаган» солиқ тушумлари суммаларидан ноль даражали ставка бўйича айланмалар ва ҚҚС бўйича имтиёзлар чиқариб ташланди.
Солиқ тўловчининг контрагентлари тўғрисидаги маълумотларни олишни осонлаштириш мақсадида унинг лозим даражада эҳтиёткорлик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, солиқ органларининг турли платформаларида маълумотларни излаш бўйича ортиқча ҳаракатларни олдини олиш учун солиқ хатари кўрсаткичи ҳисобварақ-фактура бланкасига жойлаштирилди.
Солиқ узилиши кўрсаткичига асосан уни ошкор этиш жорий қилинган пайтдан бошлаб солиқ тўловчилардан контрагентлари қарзини ечиб олишга доир бирорта операция амалга оширилмаган.
4) Умуман олганда солиқ узилиши янги тушунча эмас, у билан солиқ органлари анчадан буён ишлашади. Илгари солиқ органлари томонидан солиқ узилишларини излаш ва бартараф этиш ишлари қўлда бажарилган.
Бир кунлик фирмалар солиқ назоратини четлаб ўтиш мақсадида «транзит фирмалар» сонини кўпайтирган ҳолда мураккаб схемалардан фойдаланилган. Улар қалбаки ҳужжатларни расмийлаштириб, ўз контрагентларига асосланмаган солиқ фойдасини олишга имкон яратиб берганлар.
ҚҚС тўловчилар доираси кенгайтирилиши билан (2018 йилдаги 7 мингтадан бугунги кунда 160 мингтага қадар) солиқ солишдан қочиш схемалари мураккаблашиши ва битимларни, шу жумладан «товарсиз» битимларни амалга ошириш тезлигининг ўсиши туфайли ушбу солиқни маъмурийлаштиришда автоматлаштирилган математик алгоритмлар ва таҳлил тизимларидан фойдаланиш талаб этилади.
ҚҚС занжири механизмида аввалбошдан тадбиркорлар ҳақиқатда ҚҚС тўлаш юкини кейинчалик пировард истеъмолчига юклаш учун воситачи ролини бажарувчи операторлар сифатида иштирок этиши назарда тутилган.
Бироқ айрим корхоналар солиқ солишдан қочишнинг турли усулларидан фойдаланган ҳолда, ушбу занжирдаги узилишлар ортида ўз бизнес-моделларини яратишмоқда, давлат бюджетига тегишли маблағлар ҳисобига бойлик орттиришмоқда.
5) Солиқ ҳисоботи анча мураккаблашгани ва уни тўлдиришга кетадиган вақт ҳақида билдирилган фикрлар амалдагига умуман тўғри келмайди. Бир йил олдин ҚҚС бўйича ҳисобот жами 58%га, айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот эса – 47%га автоматлаштирилган эди. Илгари айрим ҳисобот шаклларини қўлда тўлдириш лозим бўлган. Бугунги кунда ҚҚС бўйича ҳисобот 79%га, айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот эса – 80%га автоматлаштирилган ҳамда бир зумда шакллантирилади, бухгалтерга фақат уни ҳақиқатда амалга оширилган операциялар билан солиштириш иши қолади.
6) Касса чекларида МХИКни акс эттириш бўйича кичик чакана савдо шохобчаларига қулай бўлиши учун 2D-сканерлардан фойдаланиш имконияти жорий этилган, уларни харид қилиш харажатлари эса солиқларни чегириб қолиш ҳисобига қопланади. Бунда штрих кодларни МХИК билан боғлаш ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда.
Ривожланишнинг замонавий босқичида Давлат солиқ қўмитасининг асосий вазифаларидан бири барча хўжалик юритувчи субъектлар учун бизнес юритишда тенг шарт-шароитларни таъминлаш ҳисобланади.
Давлат солиқ қўмитаси профессионал ҳамжамият вакиллари билан конструктив диалогни давом эттиришга тайёр».
Манбага қаранг.