Полезное для бухгалтера в ноябре:
Текширувдан олдинги таҳлил натижаларига қандай муносабат билдириш керак
2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ органлари солиқ тўловчиларни текширувдан олдинги таҳлилдан ўтказиш имкониятига эга бўлишди. Тадбиркорлар бу ҳақда нималарни билишлари кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА сўзлаб берди.
– “Текширувдан олдинги таҳлил - бу қуйидагиларни автоматлаштирилган таҳлилилини ўтказиш :
- солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботи;
- солиқ органлари томонидан СКнинг 133-134-моддалари асосида органлар, муассасалар ва ташкилотлар, жумладан банклардан олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар.
Автоматлаштирилган тизимлар солиқ тўловчи тўғрисидаги барча мавжуд маълумотларни таҳлил қилади. Бу - солиқ тўловчини идентификация қилиш, СКга мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқни ҳисоблаб чиқиш ва натижани солиқ тўловчининг ҳисоботларида тақдим этилган ҳисоб-китоблар билан таққослаш имконини берадиган маълумотлар.
Текширувдан олдинги таҳлилни солиқ органлари камерал текширув бошлангунга қадар ўтказишлари мумкин.
Эътибор беринг: СКнинг 138-моддасидан солиқ органлари камерал текширувдан олдинги таҳлилни ўтказишлари шарт, деган фикр келиб чиқмайди. Бинобарин, солиқ органлари текширувдан олдинги таҳлил натижасида аниқланган камчиликларни сиздан бартараф этишингизни сўрагандан кейин сиз бу ҳолатни камерал текширув ўтказилиши тўғрисида буйруқни олишингизнинг кафолати деб тушунманг. Солиқ органлари уни сизнинг компаниянгизга нисбатан ўтказган бўлса, ўзингизни омадли ҳисоблайверинг.
Текширувдан олдинги таҳлил учун ҳатто буйруқ ҳам керак эмас. Ҳолат бўйича фақат тафовутлар аниқланган тақдирда текширувдан олдинги таҳлил ўтказилганлигини сизга хабарнома юборишганда тушунишингиз мумкин.
Солиқ тўловчи текширувдан олдинги таҳлил якунлари бўйича хабарнома олган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.
Ушбу муҳим хабарномани ўтказиб юбормаслик учун шахсий кабинетни солиқ органларидан янги хабарномалар борасида тез-тез текшириб туринг. Яхшиси - у ерга ҳар куни қараб қўйинг. Агар сиз 10 кунлик муддатни ўтказиб юборсангиз, бу солиқ органлари учун камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.
Текширувдан олдинги таҳлил ўтказилишини регламентловчи норматив-ҳуқуқий база СКнинг 138-моддасида атиги бир нечта хатбоши билан ифодаланган. Солиқ органлари таҳлил қиладиган маълумотлар қисмида ушбу нормани СКнинг 133-моддаси ва СКнинг 134-моддаси тўлдиради. Бу жуда кам, амалда эса мукаммал тафсилотлар зарур.
Текширувдан олдинги таҳлил тушунчаси солиққа оид қонунчиликда - янги. Яқин вақтда Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомга ўхшаш ҳужжатни ва унда қуйидаги жуда муҳим тафсилотлар ёзилган бўлишини кутяпмиз:
- текширувдан олдинги таҳлил ўтказиладиган солиқ тўловчиларни танлаш мезонлари;
- текширувдан олдинги таҳлилни ўтказиш муддатлари;
- текширувдан олдинги таҳлил чоғида солиқ органлари ва солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари.
17 февраль куни соат 15.00 да ўтказиладиган “Бухгалтер текширувдан олдинги таҳлил ва камерал текширув ҳақида нималарни билиши керак” вебинарида нормалар ва амалиётни батафсил муҳокама қилишни режалаштирмоқдаман”.
Таҳририятдан
Гулнора ЭРГАШЕВАнинг вебинарига ёзилиш якунланди. Иштирок этиш учун ёзилишга улгурмаганлар уни кейинроқ webinar.cpr.uz даги ёзувини кўришлари мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади