Полезное для бухгалтера в декабре:
Қурилиши тугалланмаган объект учун мол-мулк солиғи тўлаш зарурми
Корхона ўзи фойдаланиши учун меҳмонхона қурмоқда. Уни 2020 йилда фойдаланишга киритиш режалаштирилганди, бироқ пандемия туфайли қурилиш ишлари ҳануз якунланмаган. Бу ҳолда меҳмонхона учун мол-мулк солиғи тўлаш зарурми? Буни Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:
– Мол-мулк солиғи, хусусан, қуйидагиларга солинади:
- уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган бинолар ва иншоотлар. Яъни - кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган қурилиши тугалланган объектлар;
- қурилиши тугалланмаган объектлар - лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар. Агар бундай муддат белгиланмаган бўлса - қурилишга ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар .
2020 йилда бинолар ва иншоотлар бўйича солиқ ставкаси 2%ни, қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича эса - 4%ни ташкил қилган .
Бундан ташқари, қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ер участкалари учун ер солиғи икки баравар солиқ ставкалари бўйича тўланади .
Юқорида келтирилган нормалардан келиб чиққан ҳолда, агар объектнинг қурилиши юқорида келтирилган муддатда тугалланмаса, бундай объект мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқиш мақсадларида қурилиши тугалланмаган объект деб эътироф этилади ва корхона мол-мулк солиғини 4% ставка бўйича (2020 йилда) тўлаши зарур.
Таъсир чоралари солиқ органлари ва махсус ишчи гуруҳининг хулосалари асосида қўлланилади. Қўллаш тартиби 13.08.2019 йилдаги 666-сон қарорда назарда тутилган.
Бунда шуни эътиборга олиш жозки, агар 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар бўлган даврда хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятини коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли тўхтатишга мажбур бўлган бўлса, қуйидагилар тўхтатилади:
- фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга (шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга) нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш;
- ушбу солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш .