Қурилиш фаолиятининг ҳуқуқий асослари
Тавсияда:
– қурилиш ишлаб чиқаришига доир хусусиятлар;
– қурилиш фаолияти субъектлари;
– қурилиш фаолиятини лицензиялаш;
– лойиҳа-смета ҳужжатлари нима;
– пудрат шартномаси;
– қурилишдаги бирламчи ҳужжатлар;
– ҳисоб сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари;
– даромадлар ва харажатларни эътироф этиш;
– билвосита харажатларни тақсимлаш.
Ўзбекистонда қурилишни тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжатлар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
- Шаҳарсозлик кодекси (ШК);
- Фуқаролик кодекси (ФК) – ФК 37-боби, 1, 3-§ (параграфлар);
- қурилиш ва архитектура соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий Регламентлари;
- шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари.
Қурилиш ишлаб чиқаришига доир хусусиятлар
Қурилиш маҳсулотлари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ солишга таъсир кўрсатувчи бир қатор хусусиятларга эга. Улар орасида энг муҳимлари қуйидагилар:
1. Давомли ишлаб чиқариш цикли. Қурилиш жараёни бир неча ҳисобот даврларига чўзилади.
Нима сабабдан бухгалтер учун бу муҳим:
- объектнинг қиймати қурилишнинг бутун даври мобайнида аниқланади;
- ҳисоб-китоблар шартли тайёр маҳсулот учун юритилади. Масалан, бажарилган ишлар босқичидан кейин муайян иш турлари учун;
- даромад ва молиявий натижалар қурилиш тугаллангандан кейин ҳам, қурилиш объекти қисман тайёр бўлганда ҳам (ишлар бажарилишига қараб) шакллантирилади.
2. Истеъмолчини персоналлаштириш ва маҳсулотнинг индивидуаллиги. Аксарият ҳолатларда объект барпо этилишидан аввал қурилиш маҳсулоти истеъмолчиси кимлиги маълум бўлади, чунки у аниқ буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида бажарилади. Бу объектнинг баҳосини ёки уни белгилашнинг аниқ механизмини олдиндан белгилаб олиниши имконини беради.
Нима сабабдан бу бухгалтер учун муҳим:
- ҳам қурилиш объектлари , ҳам аниқ буюртмачилар ва шартномалар бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишнинг зарурати пайдо бўлади.
3. Ишларни юритишнинг жамоавий тусга эгалиги. Қурилишда кўпинча бригада (жамоа) меҳнатига ҳақ тўлаш шаклидан фойдаланилади.
Нима сабабдан бу бухгалтер учун муҳим:
- иш ҳақини бригада аъзолари ўртасида тақсимлашнинг ўзига хос усуллари қўлланилади. Масалан, меҳнат улуши коэффициентидан (МУК) фойдаланган ҳолда;
- мукофотлашнинг махсус шаклларидан фойдаланилади. Масалан, муайян ҳажмдаги ишни муддатидан олдин бажарганлик учун.
4. Материалларнинг катта сарф-харажати. Қурилишда ҳажми ва номенклатураси жиҳатидан кўп бўлган материаллардан фойдаланилади. Улар турлича нархларда ҳисобга олиниши мумкин. Мисол учун, қурилишнинг узоқ муддат олиб борилиши ва инфляция сабабли нархлар ўзгариши, шунингдек турли етказиб берувчилар хизматидан фойдаланганлик сабабли.
Нима сабабдан бу бухгалтер учун муҳим:
- материалларнинг чиқиб кетиши ва қолдиқлари қийматини аниқлашнинг турлича усулларини қўллашга тўғри келади
: - ҳар битта бирликнинг таннархи бўйича;
- ўртача тортилган қиймат бўйича (АVЕСО);
- вақт бўйича биринчи сотиб олинган материаллар таннархи бўйича (ФИФО).
Бунда ҳисобот даври мобайнида материалларнинг ҳар бир гуруҳи (тури) бўйича фақат битта қийматни белгилаш усули қўлланилади. Ушбу усулни корхонанинг бухгалтерия ҳисоб сиёсатида қайд этиш зарур бўлади;
- ишларни бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнининг характери ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб материалларни ҳисобга олишнинг тизимини танлаш зарур бўлади
: - узлуксиз (доимий);
- даврий.
Материалларни ҳисобга олишнинг танланган усулини ҳам корхонанинг бухгалтерия ҳисоб сиёсатида қайд этиб қўйиш зарур бўлади;
5. Қурилиш маҳсулотларининг ҳудудига қараб бириктирилганлиги. Қурилиш маҳсулоти (объекти) ишлаб чиқарувчи (қурилиш ташкилоти) жойлашган жойда эмас, балки буюртмачи белгилаб берган ҳудудда бунёд этилади. Яъни, қурилиш ишлаб чиқариши объектдан объектга кўчиб юради. Йирик саноат объектлари қурилишида кўпинча қурилиш жойида муайян объектни қуриш учун махсус мўлжалланган автоном қурилиш базасини яратишга тўғри келади.
Нима сабабдан бу бухгалтер учун муҳим:
- қурилиш машиналари ва механизмларини кўчириб келтириш, қурилиш бўлинмаларини қайта жойлаштириш билан боғлиқ қурилишни ташкил этиш ва ходимларга хизмат кўрсатиш учун зарур вақтинчалик бино ва иншоотларни (вақтинчалик омборлар, прораблар конторалари ва ҳ.к.) барпо этиш харажатлари ҳисобини юритишга тўғри келади;
- бухгалтер корхона офисида ҳисоб ишларини юритади, ҳисобга олиш объектлари эса ундан узоқда (баъзан республиканинг бошқа шаҳарларида) жойлашган бўлади. Шу муносабат билан у ҳар бир объектдаги ҳисобни олиб бориш учун масъул шахслардан ҳисоб маълумотларини тўплашига тўғри келади. Масалан, участкалар бошлиқлари, прораблар, диспетчерлар иш вақтини юритиш табелларини, объектлар бўйича моддий ҳисоботларни юритадилар ва ҳар ойда уларни бухгалтерияга топширадилар.
6. Табиий муҳитга тобелик. Ҳар бир барпо этилаётган объектнинг аниқ табиий хусусиятлари (рельефи, ҳарорат режими ва бошқалар) эътиборга олинади. Бундан ташқари ушбу шароит очиқ ҳавода ишларни бажарувчи қурувчиларнинг меҳнат унумдорлигига таъсирини кўрсатади.
Нима сабабдан бу бухгалтер учун муҳим:
- очиқ ҳавода ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширишда ишсиз туриб қолиш, материаллар бузилиши ва ўғирланиши ҳолатлари юзага келиб чиқиши мумкин. Буларнинг барчасини ҳисобга олишга тўғри келади.
7. Молиялаштириш манбаи. Объектлар марказлаштирилган манбалар (давлат бюджети ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларнинг маблағлари; Ҳукумат қарорлари билан махсус ташкил этилган айрим соҳалар ва корхоналар жамғармаларининг маблағлари; Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ёки унинг номидан жалб этиладиган хорижий кредитлар) ҳисобига алоҳида тартибда маблағ билан таъминланади.
Нима сабабдан бу бухгалтер учун муҳим:
- бундай тартибда ҳисоб-китоб қилинганда мутаносиб равишда бўнак ушлаб қолинишини ҳисобга олган ҳолда бажарилган ишлар қийматининг 95 % тўлаб берилади. Қолган 5 % фақатгина шартномада белгиланган кафолат муддати ўтгандан кейин тўлаб берилади. Бу дебиторлик қарздорликни ҳисобда узоқ вақт қайд этилишига олиб келади, сабаби кафолат муддати ишлар турига қараб 1 йилдан 3 йилгача этиб белгиланиши мумкин.
Марказлашган манбалар ҳисобидан қурилиш ишларини олиб бораётган юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ҳақли эмас
. Шу сабабли ушбу тусдаги шартнома тузилгандан сўнг корхона, ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга шартнома тузилган санадан бошлаб ўтиши керак
.
Ушбу талаб қуйидагиларга тааллуқли эмас:
- марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиши доирасида муайян турдаги ишларни бажариш учун бош пудратчи билан шартнома тузган субпудратчиларга;
- марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан жорий ва капитал таъмирлаш ишларини амалга оширувчи пудратчиларга.
Қурилиш фаолияти субъектлари
Қуйидагилар қурилиш фаолиятининг субъектлари ҳисобланади
:
- буюртмачилар – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан фаолиятни давлат-хусусий ҳамкорликда амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;
- пудратчилар – ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида олиб борувчи юридик ва жисмоний шахслар;
- қурилиш объектларидан фойдаланувчилар.
- лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар – тегишли лицензияга эга юридик шахслар, шунингдек ваколатли органнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолият бошланганлиги тўғрисидаги билдиришномаси асосида фаолият юритувчи юридик шахслар
;
Агарда пудратчининг пудрат шартномасида назарда тутилган ишларнинг бутун ҳажмини мустақил бажаришга қурби етмаса, четдан қурилиш ташкилотларини – ёрдамчи пудратчиларни ишга жалб этади. Бунда пудратчининг ўзи бош пудратчи мақомига эга бўлади
.
Бош пудратчи ёрдамчи пудратчиларни иш билан таъминлайди, уларнинг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради ва назорат қилади. Айни пайтда у шартнома шартлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ объект қурилиши учун буюртмачи олдида жавобгар бўлади.
Қурилиш фаолиятини лицензиялаш
Қурилиш фаолиятининг айрим турлари лицензияланиши лозим. Булар қуйидагилар
:
1) магистраль газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва таъмирлаш;
2) кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш ва таъмирлаш;
3) хавф даражаси юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш;
4) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
5) баландликларда таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини саноат альпинизми усуллари орқали бажариш;
6) телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш киради.
Aвтоматик ёнғин ўчириш ва ёнғин сигнализация воситаларини, шунингдек техника хавфсизлиги воситалари ва тизимларини ўрнатиш, созлаш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун ваколатли орган – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тегишинча Миллий гвардияни хабардор қилиш етарли ҳисобланади
.
Қурилиш-монтаж ишлари бошланганлиги ҳақида Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасидаги назорат ҳудудий инспекциясини хабардор қилиш зарур бўлади.
Лойиҳа-смета ҳужжатлари нима
Лойиҳа-смета ҳужжатлари (ЛСҲ) лойиҳа ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига (ШНҚ, ҚМҚ, СНҚ, СН) мувофиқ ишлаб чиқилади.
Қурилиш пудрат шартномасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг мазмуни ва таркиби белгиланган, шунингдек томонлардан қайси бири ва қайси муддатда уни тақдим этиши назарда тутилган бўлиши керак
.
Пудратчи белгиланган тартибда тасдиқланган ЛСҲсиз қурилишни бошлашга ҳақли эмас.
ЛСҲни ишлаб чиқишда қурилиш объекти қиймати белгиланади. Унга қуйидаги харажатлар киритилиши керак:
- транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олган ҳолда асбоб-ускуналар, мебель, инвентарь сотиб олиш;
- транспорт-тайёрлов харажатларини ҳисобга олган ҳолда материаллар, буюмлар ва конструкциялар сотиб олиш;
- машина ва механизмларни ишлатиш;
- ижтимоий солиқни ҳисобга олган ҳолда қурувчи-ишчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;
- ишлаб чиқариш хусусиятига эга (вақтинчалик муваққат бинолар ва иншоотлар, қишки қимматлашув, вахта усули ва ҳ.к.);
- пудратчи (бошқалар);
- объект қурилишини суғурталаш;
- буюртмачи (бошқалар);
- кейинги йили қурилишда режалаштирилаётган нархлар индексидан келиб чиқиб белгиланадиган таваккалчиликни қоплаш.
Буюртмачи қурилиш бўйича техник ҳужжатларга ўзгартишлар киритишга ҳақли ҳисобланади, агар у билан боғлиқ қўшимча ишларда қуйидаги ҳолатлар рўй берса
:
- қиймати жиҳатидан сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг 10 %дан ошиб кетмаса;
- пудрат шартномасида назарда тутилган ишларнинг хусусиятини ўзгартирмаса.
Агар қўшимча ишлар қиймати смета қийматининг 10 %дан ошадиган бўлса, қўшимча смета ишлаб чиқилиши лозим.
Нима учун смета бухгалтер учун муҳим:
- у харажатларнинг моддалари бўйича тафсилотларини баён қилган ҳолда қурилишнинг шартномавий баҳосини акс эттиради. Бухгалтер смета доирасидаги ҳақиқий харажатларни уларга таяниб назорат қила олади;
- смета қуйидагиларни ўз ичига олади:
1) қурилишда фойдаланиладиган материалларнинг (уларни ким – буюртмачи ёки пудратчи тақдим этишидан қатъи назар), шунингдек ушбу материалларни «қайта ишлаш» ишлари турларининг батафсил рўйхати. Бухгалтер ушбу рўйхатга қараб тегишли материалларнинг ҳақиқатда ҳисобда борлигини назорат қилиши мумкин;
2) ишлар бирлигига материалларнинг меъёрлари ва меҳнат сарфи, уларнинг режалаштирилаётган ишлар ҳажмига нисбатан миқдори ва қиймати. Ушбу меъёрларга асосан материаллар ишлар таннархига ҳисобдан чиқарилади.
Амалиётда меҳнат ресурслари сарфининг одам-соатлардаги кўрсаткичи қурувчи-ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими сифатида қўлланилмайди. Бироқ, у бўлажак меҳнат сарфини режалаштириш, сўнг уларни ҳақиқийси билан солиштириш имконини беради.
Пудрат шартномасини тузишда шартнома баҳосига ва унинг ЛСҲдаги маълумотларга мувофиқлигига эътибор қаратинг. Баъзан ЛСҲ бутун бир объектга мўлжаллаб тузилган бўлади, пудрат шартномаси эса муайян турдаги ишларга (масалан, пардозлаш, сантехника) нисбатан тузилади. Агарда пудратчи ЛСҲда кўрсатилган барча ишларни бажариш мажбуриятини зиммасига олса, шартнома ва сметада келтирилган суммалар бир хил бўлиши лозим.
Пудрат шартномаси
Одатда, қурилиш пудрат шартномасини ишлаб чиқишда бухгалтерия иштирок этмайди
. Ушбу иш билан корхонанинг юридик хизмати шуғулланади. Бироқ, айрим раҳбарлар корхона тузадиган барча шартномаларни бош бухгалтер ҳам имзолашини талаб қилади. Бундай ҳолатларда пудрат шартномасининг қуйидаги шартларига эътибор қаратинг:
- шартнома предмети – ишларнинг тури ва уларни бажариш жойи (объект) ЛСҲга мувофиқ келиши керак, сабаби шартномалар ва (ёки) объектлар кесимида ҳисоб юритилади;
- қурилишни моддий таъминлаш – қурилишни материаллар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш мажбурияти кимнинг (буюртмачи ёки пудратчи) зиммасида ва қандай даражада. Ушбу шартга ҳисоб-китобларнинг тартиби ва солиқ солиш бевосита боғлиқ бўлади;
- ишларнинг баҳоси. Қатъий смета баҳоси мавжуд бўлганда, буюртмачи қурилишнинг якуний қийматини тўлаши шарт Буюртмачи ишларни бажаришда (уларнинг сифатини пасайтирмай туриб) пудратчи томонидан эришган иқтисодий тежаш сабабли, уни кам тўлашга ҳақли эмас. Шунингдек, ишлар қийматида ҚҚС ҳисобга олиниш-олинмаслигини ҳам кўрсатиш зарур. Агар пудратчи – ҚҚС тўловчи буюртмачидан солиқ суммасини ололмаса, уни бюджетга ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди;
- ҳақ тўлаш тартиби. Шартномада бажарилган ишга ёки унинг айрим босқичларига олдиндан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Агар олдиндан тўлов назарда тутилмаган бўлса, буюртмачи пудратчига шартлашилган ҳақни, иш тегишли тарзда ва келишилган муддатда бажарилиб, унинг натижалари узил-кесил топширилганидан кейин тўлаб беришга мажбур;
- ишларни бажариш ва шартноманинг амал қилиш муддатлари.
Ушбу тушунчалар ҳуқуқий мазмунига кўра турлича:
- шартноманинг амал қилиш муддати – бу шартномада назарда тутилган мажбуриятларнинг амал қиладиган даври;
- ишларни бажариш муддати – бу пудратчи томонидан қурилиш ишларини бошлаш ва уларни тугаллаш мажбурий бўлган давр.
Қурилиш пудрат шартномасини туза туриб, ушбу шаклдан фойдаланиш мумкин.
Қурилишдаги бирламчи ҳужжатлар
Ҳисобварақ-фактура
Пудратчи томонидан буюртмачи номига тақдим этилган ҳисобварақ-фактура, ишларнинг ва улар қийматининг ҳақиқатда бажарилганлигини тасдиқлайди
. Шунингдек, ҳисобварақ-фактура қуйидагилар учун хизмат қилувчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади:
- буюртмачига – пудратчи томонидан тақдим этилган ҚҚСни ҳисобга олиш учун асос;
- пудратчига – ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида реализация қилиш бўйича унинг айланмасининг исботи.
Объектларни қуришда, шу жумладан уларни фойдаланишга тайёр ҳолда топширишда ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги санасига тақдим этилади. Ушбу ҳолат, шунингдек бир солиқ давридан (ойдан) ортиқ технологик циклга эга бўлган узоқ муддатли контрактлар учун ҳам татбиқ этилади
. Шу билан бирга агар контрактда (шартномада) тугалланган ишларни буюртмачига ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ой охирида узоқ муддатли контрактнинг ҳақиқатда бажарилиши ҳисоб-китоб йўли билан аниқланади. Контрактнинг бажарилиши бўйича харажатларнинг умумий суммасидаги ҳисобот даври учун тегишли харажатларнинг солиштирма салмоғи ҳисоб-китоб қилинади. Кейинчалик амалга оширилган харажатларнинг солиштирма салмоғи контракт бўйича умумий даромад суммасига (контракт баҳосига) кўпайтирилади.
Ойнинг охирги куни билан расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура кейинги ойнинг 10-санасига қадар тақдим этилади.
Ҳисобварақ-фактуралар электрон шаклда расмийлаштирилади. Уларни ҳисобга олиш ва сақлаш электрон ахборотлар тизимида юритилади.
Ҳисобварақ-фактура қоғоз шаклида қуйидаги иккита ҳолатларда расмийлаштирилиши мумкин:
- электрон ҳисобварақ-фактуралар ахборот тизимида техник носозликлар юзага келганда. Бунда техник носозликлар келиб чиққанлиги электрон ҳисобварақ-фактура айланиш тизими оператори томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим. Носозликлар бартараф этилгандан сўнг 5 кун ичида қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар улар расмийлаштирилган сана билан тизимга киритилиши лозим бўлади
.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ва бажарилган ишлар далолатномаси
Қурилиш-монтаж ишларининг ҳажми тўғрисидаги маълумотларни контракт шартларида кўрсатилган ишларнинг турлари ва босқичлари бўйича сараланган жисмоний (физик) ва нарх кўрсаткичларида акс эттириш учун қурилиш соҳасининг ўзига хос ҳужжати – бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисобварақ-фактура назарда тутилган
. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура қурилишдаги асосий бирламчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади, ҳисобварақ-фактура фақатгина ишларнинг ҳақиқатда бажарилганлиги ва қийматини тасдиқлаб беради, шунингдек солиқ солиш мақсадларида реализация қилиш бўйича айланмани ва ҚҚС суммасини тасдиқлайди. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура эса жорий ой учун, шунингдек йил бошидан ва қурилиш бошланган санадан бошлаб ортиб борувчи тартибда барча бажарилган ишлар бўйича тегишли маълумотлар акс эттирилади.
Пудратчилар маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани ҳисобот ойининг 27-санасига қадар тўлдириб, уни имзолаш учун буюртмачига берадилар. Буюртмачи 3 кун ичида уни кўриб чиқади ва имзолайди, номувофиқликлар аниқланганда эса асосли далиллар билан қўшимча ишлов бериш учун уни қайтаради.
Aгар пудрат шартномасида пудратчи томонидан маълумотнома-ҳисобварақ-фактуранинг мажбурий тартибда расмийлаштирилиши назарда тутилмаган бўлса, амалиётда, кўпинча унинг ўрнини бажарилган ишлар далолатномаси эгаллайди. Қоидага кўра, у бажарилган ишларни батафсил ёритмаган ҳолда ва ортиб борувчи бўлмаган тартибда фақатгина ҳисобот ойи учун расмийлаштирилади.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ёки бажарилган ишлар далолатномасига қўшимча равишда буюртмачи пудратчидан объект қурилишида фойдаланилган қурилиш материаллари ҳажмлари, баҳолари ва қиймати тўғрисидаги ҳисоб-китоб жадвалини ёки Ресурс қайдномасини талаб қилиши мумкин.
Ҳисоб-китоб жадвали қурилиш жараёнидаги ҳақиқатда сарфланган материаллар тўғрисидаги маълумотларни, миқдор ва қиймат ифодасида қуйидаги даврларда акс эттиради:
- ҳисобот ойида;
- йил бошидан ортиб борувчи якун билан ҳисобот ойи қўшилган ҳолда;
- қурилиш бошланганидан буён.
Бунда ҳар бир турдаги материалнинг ҳақиқатдаги сарфи бўйича маълумотлар смета кўрсаткичлари, шу жумладан жорий йилга режалаштирилган кўрсаткичлар билан солиштирилади.
Ресурс қайдномаси барча турдаги сарфланган қуйидаги ресурслар бўйича йиғма маълумотларни акс эттиради:
- меҳнат;
- машина ва механизмлар;
- асбоб-ускуналар;
- материаллар, буюмлар ва деталлар.
Маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани ёки бажарилган ишлар далолатномасини, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳужжатларни буюртмачига, электрон хужжатлар айланиши тизими E-fartura орқали, электрон ҳисобварақ-фактура билан бирга (файлларни бириктирган ҳолда) ёки алоҳида электрон ҳужжат сифатида жўнатиш мумкин бўлади. Бунда электрон ҳисобварақ-фактуранинг электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг ҳам электрон рақамли имзо билан тасдиқланганлигини ифодалайди
.
Материаллар сарфи тўғрисидаги ҳисобот
Қурилишдаги материаллар сарфи тўғрисидаги ҳисобот (М-29 шакли) фақатгина қурилиш ташкилотлари қўллайдиган яна бир ҳужжат саналади. Унинг асосида материаллар бажарилган ишлар таннархига ҳисобдан чиқарилади, уларнинг ҳақиқий сарфи ишлаб чиқаришнинг меъёрлари билан солиштирилади. М-29 шаклидаги ҳисоботни ҳар бир қурилиш объекти бўйича участка бошлиғи (прораб) йил давомида юритади. Текшириш учун ҳисобот ҳар ойда ИЧТБ ва бухгалтерияга ҳужжатлар айланиши жадвалида белгиланган муддатларда тақдим этилади. Текширувдан сўнг у қурилиш ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланади ва тўлдиришда давом этиш учун участка бошлиғига (прорабга) қайтарилади.
Қурилиш корхонасидаги ҳисоб сиёсатининг ўзига хос хусусиятлари
Ҳисоб сиёсати корхона фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттириши лозим. Шу сабабли бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузишга доир умумий масалалардан ташқари қурилиш ташкилотининг бухгалтерия ҳисоби сиёсатида бир қатор ўзига хос масалалар акс эттирилиши лозим бўлади.
Даромадлар ва харажатларни эътироф этиш
Юридик шахслар даромадлар ва харажатлар ҳисобини қуйидагиларга мувофиқ юритади:
- 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар»;
- Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом;
- «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун;
- Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун Концептуал асос.
Қурилиш ташкилотлари – пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳам худди шу ҳужжатларга асосланади. Бироқ, қурилишнинг бошланиш ва тугалланиш муддатлари одатда турли ҳисобот йилларига тўғри келиши сабабли пудрат шартномаси бўйича даромадлар ва харажатларни аниқлашда 17-сон БҲМС «Капитал қурилишга оид пудрат шартномалари»га амал қиладилар. У даромадлар ва харажатларнинг ҳисоби услубияти ва уларни эътироф этиш мезонларини белгилаб беради.
Қурилиш пудрат шартномаси бўйича бажарилган ишлар фоизи қуйидаги усулларда ўлчаниши мумкин
:
1. Муайян санага бажарилган қурилиш ишлари бўйича сарфланган харажатларга мутаносиб равишда шартнома бўйича умумий смета харажатларига киритиш;
2. Назорат ўлчовини ўтказиш;
3. Шартнома бўйича ишларнинг жисмоний (физик) қисмини якунлаш.
Шу сабабли бухгалтерия ҳисоб сиёсатини шакллантиришда ташкилотингиз шартнома (контракт) бўйича ишлар тугалланганлиги даражасини белгилаш учун айнан қандай усулдан фойдаланишини албатта қайд этинг.
Солиқ ҳисоби сиёсатини шакллантиришда шуни ёдда тутингки, узоқ муддатли контрактни ҳисобот даврининг охирига келиб ҳақиқатда ижро этиш контрактни бажариш бошлангандан эътиборан қилинган харажатларнинг солиштирма миқдорини контрактни бажаришга доир харажатларнинг умумий суммасида ҳисоб-китоб қилиш асосида аниқланади (1-сонли усул)
.
ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳам худди шунга ўхшаш тарзда аниқланади
.
Билвосита харажатларни тақсимлаш
17-сон БҲМСда пудрат шартномаси бўйича харажатлар бевосита, билвосита (қўшимча сарф-харажатлар) ва бошқаларга бўлиниши назарда тутилган. Билвосита харажатлар умумий қурилиш фаолиятига тааллуқли бўлади ва улар пудрат шартномалари ўртасида тақсимланади. Бухгалтерия ҳисоби сиёсатида билвосита харажатларни шартномалар (контрактлар) ўртасида тақсимлаш усулини белгиланг. Тақсимлаш учун база билвосита харажатларнинг бутун суммаси учун ягона бўлиши ёки уларнинг ҳар бир турига алоҳида белгиланиши мумкин бўлади.
- бошқарув ходимларини сақлаш харажатлари лойиҳалардаги ходимлар сонига мутаносиб равишда тақсимланади;
- асбоб-ускуналар амортизацияси ва сақлаш харажатлари (бевосита харажатлардан ташқари) бевосита материал харажатларга мутаносиб равишда тақсимланади.
«Алоҳида» бирламчи ҳужжатлар
Агарда муайян операцияни акс эттириш учун ягона ҳужжат шакли мавжуд бўлмаса, уни мустақил равишда ишлаб чиқинг. Ишлаб чиқиш пайтида қуйидагиларнинг талабларини ҳисобга олиш лозим бўлади:
- Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги Низом;
- «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонун.
Мустақил равишда ишлаб чиқилган, намунали бўлмаган ҳужжатлар намуналарини ҳисоб сиёсатига илова қилинг.
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
- Қурилиш фаолиятининг ҳуқуқий асослари
- Қурилиш ишлари бўйича ҚҚС қандай ҳисоблаб чиқарилади
- Қурилиш ташкилотлари ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини қандай тўлдириши керак
- Қурилиш ташкилотлари айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблашда реализация қилишдаги даромадларини қандай аниқлайдилар
- Пудратчи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак

Наша страница
Канал в телеграм