Полезное для бухгалтера в ноябре:
Нега дастурда солиқлар бўйича солиштириш далолатномаси сақланмайди
“Бизда my.soliq.uz да шахсий кабинетда шакллантирилган, ҳисобланган ва тўланган суммалар, боқимонда миқдори, ортиқча тўловлар, пенялар ва бюджет билан бошқа ўзаро ҳисоб-китоблар тўғрисида маълумотларни акс эттирадиган солиштириш далолатномасини сақлаб қўйишнинг имкони бўлмаяпти. Сўровни киритишда электрон ҳужжат шакллантирилади, бироқ сўнгра дастур хато ҳақида хабар бермоқда”.
Buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚда муаммони қандай ҳал қилишни тушунтириб беришди:
– Агар солиштириш далолатномасини сақлаб қўйишнинг имкони бўлмаса, бу мазкур компьютерда бухгалтерда бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилотларнинг шахсий кабинетлари очилганлигини англатади. Ёки айни бир шахсий кабинетда бухгалтер бир нечта интерактив хизматлар билан ишлаяпти. Масалан - солиштириш далолатномасини шакллантиряпти ва параллел равишда онлайн-НКМ чекига тузатиш киритмоқда.
Ташкилотнинг солиқлари бўйича солиштириш далолатномасини шакллантириш ва сақлаб қўйишдан олдин my.soliq.uz да бошқа шахсий кабинетлардан чиқинг ва ташкилот шахсий кабинетининг бошқа хизматларида ишлашни якунланг.
Солиқлар бўйича солиштириш далолатномаси қандай шакллантирилади
1. My.soliq.uz да шахсий кабинетга киринг;
2. Фильтрнинг барча сатрларини тўлдиринг:
– “Ҳудудларни янгилаш” тугмасига босинг ва солиштириш далолатномасини олишни хоҳлаган объектлар бўйича аҳоли пунктини кўрсатинг (тушувчи йўл-йўриқдан танланг);
– солиштириш далолатномаси шакллантирилаётган йилни танланг;
– маълумотлар ўлчов бирлигини кўрсатинг (тушувчи йўл-йўриқдан танланг);
– солиштириш далолатномаси олишни хоҳлаган санани кўрсатинг.
3. “Кўрсатиш”га босинг. Экраннинг пастки қисмида солиштириш далолатномаси акс эттирилиши керак. Агар далолатнома шакллантирилмаган бўлса, ёнидаги “Янгилаш” тугмасига босинг.
Шакллантирилган солиштириш далолатномасини юклаш ҳамда Exсel ва PDF форматларида сақлаш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади