Битим баҳосининг шартномавий мажбуриятларга МҲХС бўйича тақсимланиши

23.10.2021
author avatar

Иброгим АХМАДХОНОВ

МҲХС бўйича эксперт
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– битим баҳосининг алоҳида сотув нархларига мутаносиб тақсимланиши;
– алоҳида сотув нархи кузатиладиган бўлмаганда қандай аниқланади;
– ўзгарувчан ҳақнинг шартномавий мажбуриятларга тақсимланиши.

 

Алоҳида сотув нархларига мутаносиб равишда битим баҳосининг тақсимланиши 

Битим баҳосини шартнома бўйича мажбуриятларга тақсимлаш – тушумни тан олишнинг тўртинчи босқичидир.

Кўпгина шартномаларда бир турдан ошиқ товар ёки хизматларнинг сотилиши кўзда тутилади. Масалан, товарлар қандайдир хизматлар билан бирга ёхуд хизматларнинг мажмуи сотилади. Бундай ҳолларда операция баҳосини алоҳида мажбуриятлар ўртасида, уларнинг нисбий алоҳида сотиш нархлари асосида тақсимланг .

Алоҳида сотиш баҳосининг энг яхши тасдиғи – ушбу товар ёки хизмат ўхшаш ҳолатларда ўхшаш харидорларга алоҳида-алоҳида сотилганда компания томонидан у учун ундириладиган қатъий белгиланган нархдир. Бу нарх шартномада кўрсатилиши ёки ташкилотнинг прайс-варағида белгиланган бўлиши мумкин.

Операция нархини харидорлар билан тузилган шартнома бўйича алоҳида мажбуриятлар ўртасида тақсимлашнинг қуйидаги алгоритмидан фойдаланинг:

1. Сотишнинг алоҳида нархларини белгиланг.

2. Шартномада кўрсатилган операция нархини, маҳсулот худди алоҳида-алоҳида сотилишига ўхшаб, алоҳида сотишнинг нисбий нархларидан келиб чиқиб тақсимланг.

Мисол
Битим нархини мажбуриятлар бўйича тақсимлаш

Ташкилот ўз ичига қуйидаги бир нечта алоҳида контракт мажбуриятларини олувчи контракт тузди:

– компьютер ускунасини етказиб бериш (алоҳида нархи – 100 млн сўм);
– дастурий таъминотни 100 соат давомида кузатиб бориш (алоҳида нархи – бир соати 0,5 млн сўм);
– 3 ой давомида кафолатли хизмат кўрсатиш (алоҳида нархи – 10 млн сўм).

Битим баҳоси – 150 млн сўм.

Битим баҳосини контракт мажбуриятларининг ҳар бирига алоҳида тақсимлаб чиқиш зарур.

Контракт мажбуриятларининг алоҳида нархларидан келиб чиқиб битим баҳоси – 160 млн сўм (100 + 0,5 х 100 + 10).

Тақсимлаш коэффициенти – 0,9375 (150 : 160).

Шундай қилиб, мажбуриятларнинг турига қараб 150 млн сўм битим баҳоси қуйидагича тақсимланади:

– компьютер ускунасини етказиб бериш – 93,75 млн сўм (100 х 0,9375);
– кузатув – 46,875 млн сўм (0,5 х 100 х 0,9375);
– кафолатли хизмат кўрсатиш – 9,375 млн сўм (10 х 0,9375).

Алоҳида сотув нархи кузатиладиган бўлмаса, қандай аниқланади 

Алоҳида сотув нархи қуйидагича бўлиши мумкин:

  • ҳақиқий (кузатиладиган) ёки
  • ҳисоблаб чиқилган.

Алоҳида сотув нархи кузатиладиган бўлмаса нима қилиш керак? Яъни, ташкилот товарни алоҳида сотмагани (хизматни алоҳида кўрсатмагани) боис уни прайс-варақлари бўйича тез аниқлай олмаганда нима қилинади? Ушбу ҳолда баҳони қуйидаги усуллардан бири ёрдамида аниқлаш зарур:

  • тузатиш киритилган бозор нархлари усули. Товар (хизмат)ларингиз сотилаётган бозорни таҳлил қилиб чиқинг. Олинган маълумотлар асосида нархини белгилаётган товар (хизмат)ларингиз учун харидор тўлашга рози бўладиган нархни аниқланг. Шунингдек ҳисоб-китоб қилинган нархларда қилган харажатларингиз ва маржа (фойда нормаси) ҳисобга олиниши учун уларга тузатиш киритган ҳолда (агар зарур бўлса) айнан ўхшаш товарлар (хизматлар)га рақобатчиларингиз белгилаган нархлардан фойдаланишингиз ҳам мумкин.
  • кутилаётган харажатлар ва фойда нормаси йиғиндиси усули.

Ушбу товарни сотган (хизматни кўрсатган) тақдирингизда қанча харажат қилишингизни ҳисоблаб чиқинг. Сўнг унга тегишли маржани қўшинг;

  • қолган мажбуриятлар усули – баҳолашнинг бошқа усулларидан фойдаланиш имкони бўлмаганда қўлланилади.

Умумий битим нархидан шартнома бўйича ҳақиқий (кузатиладиган) нархларга эга бўлган товар (хизмат)ларни айиринг.

Эътибор беринг

Қолган мажбуриятлар усулидан фақат қуйидаги ҳолларда фойдаланинг:

  • бир хил товар ёки хизматни ҳар хил харидорларга турли нархларда сотаётган бўлсангиз, яъни сотув нархи қатъий бўлмасдан, ўтган операциялар асосида уни аниқлаш мумкин эмас

ёки

  • бундай товар (хизмат) нархини ҳали белгиламаган бўлсангиз ва бунда товар (хизмат) бундан олдин алоҳида сотилмаган бўлса, яъни сотув нархи мавҳум бўлса.
Мисол
Битим баҳосини қолган мажбуриятлар усули ёрдамида тақсимлаш

Компания ускунани сотмоқда ва ускуна сотилган пайтдан бошлаб бир йил давомида алмаштиришга тўғри келадиган эҳтиёт қисмларни алмаштиришга доир харидорнинг ҳуқуқини унинг талаби билан шартномага киритмоқда.

Келишилган шартнома қиймати – 50 млн сўм. Одатда бундай ускунани алоҳида сотиш нархи – 47 млн сўм.

Компания шу пайтгача бундай хизматларни бирор марта тақдим этмагани боис, эҳтиёт қисмларни алмаштиришнинг аниқ қиймати маълум эмас.

Ускунани сотишдан тушум 47 млн сўм миқдорида тан олинади. Бу сумма ускунани алоҳида сотишдаги унинг алоҳида сотув нархлари билан тасдиқланган.

Эҳтиёт қисмларни бир йил давомида алмаштиришдан олинадиган тушум қолдиқ принципга кўра ҳисобланади – 3 млн сўм (50 – 47).

Шартномавий мажбуриятларга ўзгарувчан ҳақни тақсимлаш

Агар битим нархи ўз ичига ўзгарувчан ҳақни (чегирмалар, кредитлар, нархдаги ўтиб беришлар, қайтариб беришлар ёки мукофот/неустойкаларни) олса, у ҳолда бу ҳақ шартноманинг барча мажбуриятлари биланми ёхуд фақат айрим мажбуриятлари билан боғлиқлигини таҳлил қилиб чиқинг. Агар ўзгарувчан ҳақни муайян мажбуриятга киритиб бўлмаса, у ҳолда уни шартноманинг барча мажбуриятларига тақсимлаб чиқинг.

Мисол учун, корхона шартнома доирасида бир нечта алоҳида товар ёки хизматларни ваъда қилганда, чегирма кўпинча шартноманинг умумий нархига нисбатан қўлланилади. Шунинг учун, шартномада чегирмалар назарда тутилган бўлса, уларни алоҳида сотувнинг нисбий нархларига мутаносиб равишда бажарилиши керак бўлган барча мажбуриятлар ўртасида тақсимлаб чиқинг.

Чегирма суммасини шартнома бўйича муайян мажбуриятга киритиш мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Мисол
Товарларга бўлган дисконтни алоҳида сотув нархларига мутаносиб тақсимлаш

Ташкилот 1-сон, 2-сон ва 3-сон товарларни 200 млн сўмга сотишга шартнома тузди. Ушбу товарларни етказиб бериш мажбуриятлари турли муддатларда бажарилмоқда.

2-товарни ташкилот доимий асосда сотиб келмоқда, шунинг учун бу товарни алоҳида сотиш нархи кузатилувчи ҳисобланади.

1-сон ва 2-сон товарларнинг нархи кузатиладиган эмас, шу сабабли ташкилот уларни баҳолаши лозим. 1-сон товар учун ташкилот кутилаётган харажатлар ва маржа йиғиндиси усулини, 3-сон товар учун эса тузатиш киритилган бозор нархлари усулини қўллайди, бунда баҳолаш учун бошланғич маълумотлардан унумли равишда фойдаланади.

Натижада қуйидаги алоҳида сотув нархлари аниқланди:

– 1-сон товар – 80 млн сўм (кутилаётган харажатлар усули);
– 2-сон товар – 90 млн сўм (кузатиладиган алоҳида сотув нархи);
– 3-сон товар – 60 млн сўм (тузатиш киритилган бозор нархлари усули).

Жами – 230 млн сўм.

Алоҳида сотув нархлари шартнома қийматидан юқори эканлиги харидорга 1-сон, 2-сон ва 3-сон товарлар тўплами учун дисконт тақдим этилганлигини англатади.

Шартнома шартларида бу дисконт муайян товарларни етказиб бериш бўйича мажбуриятларга тегишлилиги назарда тутилмаган. Шунинг учун уни ушбу шартнома доирасидаги барча товарларга алоҳида сотув нархи негизида тақсимлаш керак.

– 1-сон товар – 70 млн сўм (200 : 230 х 80);
– 2-сон товар – 78 млн сўм (200 : 230 х 90);
– 3-сон товар – 52 млн сўм (200 : 230 х 60).

Жами – 200 млн сўм.

Мисол
Битим бўйича айрим товарларга дисконтнинг тақсимланиши

Аввалги мисол шартларига кўра ташкилот шартнома бўйича юқорида санаб ўтилган мажбуриятларга қўшимча равишда 4-сон товарни ҳам етказмоқда. Ташкилот бу товарни аввал сотмаган. Дисконт бу товарга нисбатан татбиқ этилмайди. Битим нархи – 250 млн сўм.

Қолдиқ қиймат усули ёрдамида 4-сон товарни алоҳида сотишнинг аниқланган нархи – 50 млн сўм (250 – 200). Бунда тўрттала товарни алоҳида сотиш нархларидан келиб чиқиб, битим нархи қуйидагича бўлади:

– 1-сон товар – 80 млн сўм (кутилаётган харажатлар усули);
– 2-сон товар – 90 млн сўм (кузатилаётган алоҳида сотиш нархи);
– 3-сон товар – 60 млн сўм (тузатиш киритилган бозор нархлари усули);
– 4-сон товар – 50 млн сўм (қолган мажбуриятлар усули).

Жами – 280 млн сўм.

Нарх шартномавий мажбуриятларга тақсимлаб бўлинганидан кейин, тушум уларни бажариш пайтида қуйидагича тан олинади:

– 1-сон товар – 70 млн сўм (200 : 230 х 80);
– 2-сон товар – 78 млн сўм (200 : 230 х 90);
– 3-сон товар – 52 млн сўм (200 : 230 х 60);
– 4-сон товар – 50 млн сўм. 4-товарга дисконт татбиқ этилмайди.

Жами – 250 млн сўм.

Мисол
Битим баҳосининг товарга ва дисконтли ваучерга тақсимланиши

Ташкилот товарни 100 млн сўмга сотишга шартнома тузди. Ушбу товарни алоҳида сотиш нархи ҳам 100 млн сўмга тенг.

Шунингдек ташкилот харидорга кейинги 30 кун давомидаги 100 млн сўмдан ошадиган бўлғуси харидлар учун 40 фоизли дисконт ваучерини тақдим қилди. Дисконтли ваучер шартнома бўйича алоҳида мажбуриятдир.

Мавсумий промоакция доирасида ташкилот кейинги 30 кун давомидаги барча сотувлар учун 10 %ли дисконт тақдим қилиш ниятида (барча мижозларга). Ташкилот харидорнинг дисконтли ваучердан фойдаланиш эҳтимолини 80 %га ва унинг келгуси харидлари 50 млн сўмга тенг бўлишини баҳоламоқда.

Ташкилот 10 %лик дисконтни мавсумий промоакция доирасида барча мижозларига тақдим этаётгани сабабли, харидор учун дисконтнинг қўшимча қийматини акс эттириш мақсадида ваучер бўйича 40 фоизли дисконтни 10 %га камайтириш лозим. Шунда дисконт ваучерининг баҳоланувчи алоҳида қиймати 12 млн сўмни (50 х 30 % х 80 %) ташкил қилади. Битим баҳоси қуйидагича тақсимланади:

– дисконт ваучерига – 10,7 млн сўм (100 х (12 : (100 + 12);
– товарга – 89,3 млн сўм (100 – 10,7).


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал