Полезное для бухгалтера в декабре:
Бухгалтерларни келгусида нималар кутмоқда?
Бутун дунёда ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ривожланиши сабабли ҳисоб юритиш жараёнининг катта қисми автоматлашганини кўрамиз. Замон тараққиёти бухгалтерлардан молиявий ҳисоботларни фойдаланувчиларга самарали усулда тақдим этишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси департаменти директорининг ўринбосари Иброҳим АҲМАДХОНОВ сўзлаб берди.
Дунёнинг жадал тараққиёти сабабли жуда кўплаб янги фаолият турлари, жумладан янги бизнес жараёнлари юзага келмоқда. Мазкур янгиликларга нисбатан стандартларнинг қай бирини қўллаш бухгалтердан юқори малака ва мулоҳазани талаб қилади. Бунинг учун бухгалтер операциялар ва ҳодисаларни нафақат юридик шаклига, балки моҳиятига кўра ҳам англаши зарур. Бир сўз билан айтганда, молиявий мутахассислар ўзларининг тижорий хабардорлик ва профессионал кўникмаларини доим шакллантириб туришлари лозим бўлади.
Глобал инвестиция портфелига эга халқаро инвесторлар компаниялар томонидан иқлим ва бошқа экологик, ижтимоий ва бошқарув масалалари бўйича юқори сифатли, шаффоф, ишончли ва қиёсланувчан ҳисоботларни талаб қилмоқдалар. Шу мақсадда, 2021 йил 3 ноябрда МҲХС Фонди ушбу талабга жавоб бериш мақсадида, янги стандартларни белгиловчи кенгаш — Халқаро барқарорлик стандартлари кенгаши (ХБСК) ташкил этилишини эълон қилди.
Бундан кўзланган мақсад ХБСК инвесторлар ва капитал бозорининг бошқа иштирокчиларига барқарорлик билан боғлиқ хатарлар ва уларга асосланган қарорлар қабул қилишда кўмаклашиш имкониятлари ҳақида маълумот берувчи стандартларнинг глобал базасини тақдим этишдан иборат.
Ушбу Кенгаш томонидан аллақачон МҲХС S1 “Барқарорлик билан боғлиқ молиявий маълумотларни ёритиб бериш учун талаблар” ва МҲХС S2 “Иқлим билан боғлиқ маълумотларни ёритиб бериш” стандартлари лойиҳаси эълон қилинди (Манба: https://www.ifrs.org/projects/open-for-comment ). Ҳозирги пайтда ушбу стандартлар катта G7 мамлакатлари томонидан муҳокама қилинмоқда.
Яқин келажакда молиявий ҳисоботдаги маълумотлар дунё давлатлари томонидан фақатгина Барқарорлик стандартлари билан уйғун тарзда қабул қилиниши мумкин. Бундай интеграция жараёнидан Ўзбекистон ҳам четда қолмаслиги табиий. Шундай экан, барча молиявий мутахассислар, бухгалтерлар ва аудиторларнинг ушбу жараёнларда фаол қатнашишлари ва ўз кўникмаларини доимо ошириб боришга интилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.