Корхоналарда статистика ҳисоботи юкини енгиллаштириш ва унинг сифатини ошириш масалалари

preview

Сўнгги йилларда давлат томонидан электрон ҳукумат, электрон ҳужжат айланиши, маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун ўзаро интеграция қилинган ахборот тизимларини ривожлантиришга катта ресурслар сарфланмоқда. Буларнинг барчаси бизнеснинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигига сарф-харажатларини камайтиришга ва кўп нарсаларни соддалаштиришга, айни бир ҳужжатлар ва ҳисобот маълумотларини турли инстанцияларга кўп марта такрорламасликка ёрдам беради.

Бу борада статистика ҳозирча ортда қолмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан молиявий маслаҳатчи Анвар РЎЗМАМАТОВ (ACCA DipIFR, CAP) бу масала бўйича ўз нуқтаи назари билан ўртоқлашди:

 

– Тадбиркорлик субъектларининг ҳисоботлари билан боғлиқ вазият ҳали ҳам оддий эмас. Айни бир маълумотларни бир ҳисоботдан бошқасига олиб ўтишга тўғри келмоқда, чунки улар турли давлат органларига тақдим этиладиган турли ҳисоботларда талаб қилинади. Топшириш муддатларининг корхонадаги ҳақиқий жараёнларга мос келмаслиги эса кўпинча номувофиқликлар ва муаммоларга олиб келади.

2021 йил якунлари бўйича МҲХСга ўтган корхоналар энг мураккаб вазиятда қолишди. Улар статистика ҳисоботини топшириш учун қўшимча равишда БҲМС бўйича ҳисоб юритишларига тўғри келди. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, кейинчалик уларга янада қийин бўлади.

2021 йил бундай корхоналар учун ўтиш даври бўлди ва кўп корхоналар эҳтиёткорлик қилиш учун БҲМС бўйича ҳисоб юритишни давом эттиришди. Бу уларга статистика  ҳисоботини топширишда  ёрдам берди. Бироқ энди бундай давом этиши мумкин эмас, акс ҳолда МҲХСга ўтиш эмас, балки иккита ҳисоб юритишга ўтиш бўлади.

Албатта бунга эътироз билдирувчилар топилади: Давстатқўм БҲМСдан воз кечишга тайёр эмас, барча корхоналар ягона қоидалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган маълумотларни тақдим этишлари керак. Акс ҳолда маълумотларни умумлаштириш жараёни мураккаблашади. Ҳозир “статистикага” БҲМСда қолиш осонроқ, чунки барча шакллар тайёр.

Мен бу фикрга ҳам қўшиламан. Лекин бу ушбу масалада ҳеч нарсани ўзгартириш керак эмаслигини билдирмайди.

Муаммони ҳал қилиш идоралараро ёндашувни талаб қилади. Корхона давлатга топширадиган барча ҳисоботларни бир бутун сифатида қараш лозим.

 

Муаммони қандай ҳал қилиш керак

Агар тадбиркорлик субъекти давлат органига у ёки бу мезон бўйича маълумотларни тақдим этган бўлса, энди ҳеч бир бошқа давлат органи ушбу маълумотни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу - оқилона тамойил, давлат органларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш мантиқан шунга олиб келиши керак.

Давлат органлари ушбу маълумот билан ўзаро алмашишлари мумкин, ахир ҳозир барча маълумотлар электрон форматда тақдим этилади. Бу нафақат МҲХСга ўтган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини, балки барча қолганларнинг фаолиятини осонлаштиради.

Эсингизда бўлса, қоғоз шаклидаги ҳисоботлар вақтида молиявий ҳисоботларни ҳам статистика органларига, ҳам солиқ органларига тақдим этиш зарур бўлган. Кейинчалик статистика ушбу молиявий ҳисоботларни қабул қилишни тўхтатди, ва энди улар мазкур маълумотларни солиқ органидан олади. Нима учун бу иш тўхтаб қолди? Статистика ҳисоботларидан бошқа давлат органларида мавжуд бўлган барча маълумотларни бемалол чиқариб ташласа бўлади.

Мисол учун, меҳнат бўйича статистика ҳисоботини олайлик... Маълумотларнинг катта қисмини бошқа ҳисоботлардан олиш мумкин. Хусусан – ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботдан, унда барча ходимларнинг ЖИШШРи, ҳар бир жисмоний шахснинг ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари, мулкий даромадлари, моддий наф тарзидаги даромадлари, бошқа даромадлари тўғрисидаги маълумот бор. Бу ерда ҳатто ходимларнинг лавозими, иш ўрни яратилган сана, контракт шакли (асосий, ўриндош, ФҲХ), иш вақти, иш жойи кўрсатилади. Қурилиш ташкилотлари бажарилган қурилиш ишлари учун иш ҳақи ҳисоб-китоби тўғрисидаги маълумотномани топширади, унда меҳнат бўйича янада кўпроқ маълумотлар мавжуд. Бундан ташқари, барча кадрларга доир ҳужжатлар my.mehnat.uz сайтида юритилади, у ерда ҳам маълумотлар жуда кўп.

Статистика органлари реализация ва нархлар бўйича маълумотларни солиқ ҳисоботидан, ЭҲФ ва БЮДдан олишлари мумкин. Солиқ тўловчилар товар тўғрисидаги барча маълумотларни кўрсатган ҳолда электрон БЮД ва ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиради. ҚҚС бўйича ҳисоботда харид, реализация, экспорт, импорт ҳажмлари ва бошқа маълумотлар тақдим этилган. Фойда солиғи бўйича ҳисоботда харажатлар ва даромадлар таркиби бўйича батафсил маълумотлар келтирилган. Корхоналар экология бўйича Давлат экология қўмитасига батафсил ҳисобот тақдим этади. Меҳмонхона иши бўйича – Туризм ва маданий мерос вазирлиги сайтида батафсил сўровномани тўлдирадилар. Шунга ўхшаш мисолларни давом эттириш мумкин.

Агар Давстатқўм ўз ҳисоботларида фақат бошқа давлат органларида мавжуд бўлмаган маълумотларни қолдирса, бу бизнеснинг ҳисоботни тайёрлаш учун сарф-харажатларини сезиларли даражада камайтирарди.

Идоралараро даражада эса барча кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш зарур - улар қанчалик  муҳим? Балки, нимадандир керак эмаслиги туфайли воз кечиш мумкиндир? Ҳисоблаш услубиятини бирхиллаштириш лозим.

 

Алоҳида масала - бу муддатлар

Муддатлар бўйича номуофиқликлар муаммоларга олиб келади. Бугунги кунда бухгалтер статистика ҳисоботини топширишга кечикмаслик учун уни “чамалаб” тўлдиради, кейин эса – имкониятга қараб – қолган барчасини ушбу рақамларга тўғрилайди.

Агар йирик ташкилотларда иш ҳақи ҳисоб-китоби баъзан 10–15-санага қадар чўзилса, меҳнат бўйича ҳисоботларни қандай қилиб ойнинг 6-санасига қадар топшириш мумкин? Ҳатто иш ҳақи ҳам тайёр бўлмаганда, қандай қилиб ташкилот фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни 5-санага қадар топшириш мумкин. Қурилиш ташкилотлари ҳисобварақ-фактурани 10-санага қадар жўнатишлари мумкин бўлганда, қандай қилиб инвестиция фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни 6-санасига қадар топшириш мумкин?

Қонунчилик нормалари ва тадбиркорлик фаолиятининг хусусиятига мўлжаллаб, статистика ҳисоботларини топшириш муддатларини тўғрилаш лозим. Бу ҳисобот сифатини жиддий яхшилайди ва бусиз ҳам бухгалтернинг осон бўлмаган фаолиятини енгиллаштиради.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Бошқа тузилмаларда ҳисобот Бошқа тузилмаларда ҳисобот Бошқа тузилмаларда ҳисобот /ru/publish/doc/text182888_korhonalarda_statistika_hisoboti_yukini_engillashtirish_va_uning_sifatini_oshirish