Божхона қиймати декларациясини тўлдириш тартибида нималар ўзгарди

preview

Божхона қўмитаси Божхона қиймати декларациясини тўлдириш йўриқномасига божхона қийматини аниқлаш, унга илова қилинадиган айрим ҳужжатлар рўйхати ва тақдим этиш шартлари қисмида тузатишлар киритди. Бу ҳақда norma.uz портали ёзмоқда:

 

Энг аввало, ҳужжат БҚД-2 қандай ҳолларда ва қандай тўлдирилишини аниқлаштиради. Йўриқноманинг 17 ва 18-бандларига қаранг.

 

Йўриқноманинг 3-иловасига тузатиш киритилди. Илгари божхона қийматини 1-усул бўйича аниқлашда божхоначилар хавфнинг ўрта ёки юқори даражаси аниқланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга белгиланган рўйхат бўйича ҳужжатларни тақдим этиш мажбуриятини юклашарди. Эндиликда бундай вазиятда ҳужжатлар фақатгина эълон қилинган божхона қиймати мазкур усул бўйича сўнгги 90 календарь кун ичида олиб кирилган божхона қийматидан паст бўлган тақдирда талаб қилиб олинади. Ушбу давр бўйича маълумот бўлмаган тақдирда, солиқ органи таққослаш учун 180 календарь кун ичида олиб кирилган товарларнинг нархидан  фойдаланилиши мумкин.

Бу ҳолда импорт қилувчи қуйидагиларни тақдим этади:

  • жўнатувчи мамлакатнинг божхона декларацияси;
  • баҳоланган товарларни етказиб беришга алоқадор учинчи шахслар билан тузилган шартномалар;
  • баҳоланаётган товарларни етказиб беришга алоқадор учинчи шахслар томонидан бериладиган тўлов ҳисобварақлари.

Агар бундай ҳужжатларни тақдим этишнинг иложи бўлмаса (божхона декларацияси бундан мустасно), бундай ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига қамраб олувчи харидор ёки сотувчининг ёзма тушунтиришлари қабул қилиниши мумкин.

 

Товарнинг баён қилинган божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати битим тарафлари ўртасида ўзаро боғлиқлик йўқлигини тасдиқлаш учун ихтиёрий равишда тақдим этилиши мумкин ҳужжатлар билан тўлдирилмоқда. Булар:

  • Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига олиб кириш учун сотувчи билан боғлиқ бўлмаган харидорларга сотилганда бир хил ёки ўхшаш товарларнинг нархини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • 4 ёки 5-усуллар билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • сотувчи томонидан Ўзбекистондан ташқари бошқа мамлакатларга жўнатилган айнан бир хил товарлар тўғрисида маълумот.

 

2 ёки 3-усул бўйича божхона қийматини аниқлашда тузатиш киритиш лозим бўлган ҳолларда (Йўриқномага 3-илова 2-б.), декларацияни амалга оширувчи шахс  товарни Ўзбекистоннинг божхона ҳудудига етказиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади. Ушбу ҳужжатлар товарларни етказиб бериш шартлари, транспорт тури ёки географик манзилида фарқ бўлганда талаб этилиши мумкин.

Мисол учун:

  • EXW ва CIP шартлари ўртасида тафовут бўлса;
  • ҳаво транспорти ва автотранспорт ўртасида фарқ бўлса ва ҳоказо.

Қуйидаги ҳолларда мазкур ҳужжатлар тақдим этилмаслиги мумкин:

  • маълумотлар бир-бирига тўғри келадиган ёки миқдорий жиҳатдан яқин бўлган ҳолларда;
  • божхона органлари 2 ёки 3-усулларни қўллаш учун божхона қийматини тақдим этганда.

 

Бундан ташқари, аниқлаштирилишича, божхона қийматини ҳисоблаш учун муқобил манбалар сифатида қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

  • расман чоп этилган маълумотномалар; 
  • бюллетенлар; 
  • биржа котировкалари; 
  • ишлаб чиқарувчилар ёки етказиб берувчиларнинг нарх-варақлари, уларнинг ассоциациялари ёки бирлашмаларининг йиғма нархлар маълумотномалари; 
  • товар ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар, уларнинг расмий рўйхатдан ўтган дилерлари ёки дистрибьюторларининг маълумотлари, нархлар тўғрисидаги маълумотларни олишнинг давлатлараро ахборот алмашинуви йўлга қўйилган мамлакатлар ваколатхоналари маълумотлари; 
  • баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилган баҳолаш ҳисоботлари; 
  • ички бозорни ўрганиш далолатномалари; 
  • нархлар ҳолатини холис шакллантирадиган нархлар тўғрисида умумий маълумотларнинг бошқа ишончли манбалари. 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.09.2022 йилдан кучга кирди. 

Norma.uz материаллари асосида


ТИФ ТИФ ТИФ /ru/publish/doc/text184217_bojhona_qiymati_deklaraciyasini_tuldirish_tartibida_nimalar_uzgardi