Таълим олиш учун тўловда солиқ чегирмасини олиш (йўриқнома)

preview

Солиқ тўловчининг Ўзбекистон профессионал ва олий таълим ташкилотларига (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши учун йўналтирган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси ЖШДСга тортилмайди. Мазкур имтиёзни солиқ тўловчининг тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга йўналтирилган даромадларига нисбатан ҳам қўллаш мумкин . 

Имтиёзни қандай қўллашни ДСҚ мутахассислари тушунтиришди:

 

– Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳаракат қилиш зарур.

Солиқ чегирмасини тўлов манбаида ёки жисмоний шахснинг жами даромади тўғрисида декларацияни тақдим этишда олиш мумкин.

 

Тўлов манбаида чегирма қандай олинади

Ушбу усул таълим олиш учун тўловни иш ҳақидан амалга оширадиганлар учун қулайдир. Чегирмани олиш учун ходим иш берувчига даромадларини таълим олиш учун тўловга (кредитни сўндиришга (фоизлари билан)) ўтказиш тўғрисида ариза бериши керак. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

  • талаба (талабалар) билан Ўзбекистон профессионал ёки олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  • тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси.

Ушбу ҳужжатлар асосида иш берувчи таълим олиш учун йўналтирилган суммадан солиқ ушлаб қолмайди.

 

Декларация асосида чегирма қандай олинади

Ушбу усул, қоидага кўра, қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

  • агар ходим тўлов манбаида чегирмани олмаган бўлса;
  • таълим олиш учун тўлов нақд пул билан, жисмоний шахснинг жамғарма ва бошқа ҳисобварақларидан ёки пластик карта орқали амалга оширилган бўлса.

Бу ҳолда сиз солиқ чегирмасини Ўзбекистон профессионал ёки олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун тўлов бўйича ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасида – солиқ даври учун сиз томондан баён қилинган жами йиллик даромад доирасида олишингиз мумкин.

Солиқ чегирмасига бўлган ўз ҳуқуқингизни тасдиқлаш учун ДСИга даромадлар тўғрисида декларация тақдим этиш чоғида унга қуйидагиларни илова қилинг:

  • талаба (талабалар) билан Ўзбекистон профессионал ёки олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  • тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
  • Ўзбекистон профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳисоб рақамига (таълим кредитини (фоизлари билан) қоплаганда тижорат банки ҳисоб рақамига) пул маблағлари мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.

 

Агар солиқ чегирмасига бўлган ҳуқуққа эга бўлган жисмоний шахслар турли ҳудуддаги ДСИда ҳисобга қўйилган бўлса

Бу ҳолда декларация билан бирга ўзингизнинг ДСИга солиқ чегирмаси ҳуқуқига эга бўлган оилангизнинг бошқа жисмоний шахслари ундан фойдаланмаганлиги тўғрисида маълумотнома (маълумотномалар) келтиринг.

Масалан, таълим олувчининг отаси ўзининг жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этади. У бир вақтнинг ўзида унинг фарзанди (фарзандлари) ва хотини солиқ чегирмасини қўлламаганликлари тўғрисида белгиланган шакл бўйича маълумотнома тақдим этиши керак.

 

Агар солиқ чегирмаси суммаси жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади суммасидан ортиқ бўлса

Бу ҳолда қолган суммага солиқ чегирмаси уни олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа жисмоний шахсларга берилиши мумкин. Бунда улар ДСИга сумманинг биринчи қисмига солиқ чегирмасини бошқа жисмоний шахслар олганлигини тасдиқловчи маълумотнома (маълумотномалар)ни ҳам тақдим этишлари керак.

Масалан, таълим олувчининг онаси жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этади. Илгари отаси ҳам ўзининг декларациясини тақдим этган ва таълим олиш учун йўналтирилган маблағларнинг бир қисмига солиқ чегирмасини қўллаганди. Таълим олувчининг онаси ўзининг декларацияси билан бир вақтда отаси солиқ ҳисобига қўйилган давлат солиқ хизмати органининг қўлланилган солиқ чегирмаси суммаси тўғрисида маълумотномасини тақдим этади.

 

Манбага қаранг.

 

Таҳририятдан:

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳужжатларнинг қоғоз шаклидан электрон шаклга ўтказишни назарда тутади .

ДСҚ электрон ҳужжат айланишини ташкил этиш борасида катта тажрибага эга. Шу боис бугунги кунда солиқ тўловчи солиқ чегирмасини олиш учун декларацияни тақдим этиш чоғида қоғоз шаклида тақдим этиши керак бўлган маълумотни солиқ инспекциялари ўртасида алмашишни йўлга қўйиш мураккаб кўринмайди. Бу ҳам солиқ тўловчилар учун, ҳам солиқ хизмати ходимлари учун қўшимча қулайликлар яратади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text184562_talim_olish_uchun_tulovda_soliq_chegirmasini_olish_yuriqnoma