Реклама агентликлари промоакцияларини солиқ ва бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттириш

preview

Кўп корхоналар реклама агентликларининг промоакцияларига буюртма бериш орқали уларнинг хизматларидан фойдаланадилар. Ҳар хил турдаги шартномаларнинг моҳиятини ва уларнинг солиқ оқибатларини англамаслик солиқлар сезиларли даражада ортиқча тўланишига олиб келади. buxgalter.uz илтимосига кўра «Arkad Audit» консалтинг фирмаси директори Наталья ТУРАЛИНОВА воситачилик битими иштирокчилари учун юзлаб миллион сўмга тушиши мумкин бўлган бухгалтернинг хатолари ҳақида гапириб берди: 

 

– Бунга амалиётдан мисол келтирамиз: хорижий бренд хорижий юридик шахсга Ўзбекистонда бренд товарлари сотилишини рағбатлантириш акцияси доирасида совринлар тарқатишни уюштирадиган реклама агентлигини топиш вазифасини топширди. Хорижий юридик шахс бундай реклама агентлигини топиб, у билан қуйидаги шартларда шартнома тузмоқчи:

1. Ўзбекистон реклама агентлиги ички бозорда 1 150 млн сўмга (шу жумладан ҚҚС) совринларни мамлакат ҳудудида харид қилади.

2. У акция ўтказиб, муайян суммага харид қилган харидорларга совринларни тарқатади.

3. Агентликнинг ҳақи 30 млн сўмни ташкил этади.

Реклама агентлиги ушбу шартга рози бўлди, бироқ совринларни олувчиларнинг моддий нафидан 138 млн сўм миқдорида ЖШДСни қоплашни талаб қилди. Бухгалтернинг гапига қараганда, агентлик шундай солиқ суммасини тўлашига тўғри келади.

Реклама агентлиги бухгалтерининг ЖШДСни қоплаш қисмида буюртмачига қўйган талаблари қанчалик ҳақли эканлигини кўриб чиқамиз. Қандай хатолар солиқлар суммаси бир неча баробар ошишига олиб келишини ҳам.

 

1-хато. Акция давомида тарқатиладиган совринлар қийматидан ЖШДС

Реклама агентлиги бухгалтерининг тушунтиришича, у соврин жамғармасини тақсимлаш билан боғлиқ барча таваккалчиликларни бартараф этишни кўзлаб, буюртмачидан 138 млн сўм ЖШДСни қоплашини талаб қилган.

Аслида СК 369-м. 2-қ. 14-б. талаблари бажарилганда совринлар тарқатилишини ЖШДС солинмайдиган операциялар сирасига киритиш мумкин. Бунда ЖШДСни қўшимча ҳисоблаш бўйича солиқ таваккалчиликлари мавжуд эмас. Шу сабабли бухгалтер ушбу вазиятда ўзини қўшимча суғурталамоқда, бу буюртмачи учун нафақат 138 млн сўм қўшимча сарф-харажатни, балки, кейин гувоҳи бўладиганимиздек, қўшимча солиқларни ҳам юзага келтиради.

 

2-хато. Совринларни бепул тарқатишдан ҚҚС

Товарларни бепул бериш бўйича айланмага қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда ҚҚС солинмайди  :

1) у даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.

Ушбу вазиятда совринлар даромад олиш ва реклама агентлиги учун буюртмачи ҳисобланмайдиган ва у билан бевосита шартнома тузмаган бренднинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида тарқатилмоқда. Хизматлар хорижий ташкилотнинг топшириғига биноан кўрсатилмоқда, совринларнинг бепул тарқатилиши унинг фаолияти билан боғлиқ эмас. Шу сабабли солиқчилар ушбу айланмани иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган айланма деб тан олмай, ҚҚСни қўшимча ҳисоблашлари хатари мавжуд.

Совринларни бепул тарқатишда воситачи солиқ агенти сифатида чиқиши  ва бюджетга солиқ тўлаши керак.

 

3-хато. Фойда солиғи

Бухгалтер битим бўйича тушумлар ҳисобини қуйидагича юритади: буюртмачидан олинадиган бутун сумма реклама агентлигининг даромади деб эътироф этилади. Совринлар қиймати ҳисобланган ЖШДС (138 млн сўм) билан бирга харажатларга ҳисобдан чиқарилган. Бухгалтернинг ҳисоб-китобига кўра, фойда 30 млн сўмни (1 150 + 138 + 30 – 1 150 – 138) ташкил этади, унга фойда солиғи солинади. Бутун суммага ҚҚС ҳисобланади, сўнг соврин жамғармасининг кирувчи ҚҚС ҳисобга олиниши керак.

Ушбу ҚҚСни ҳақиқатан ҳисобга олиш мумкинми?

– Йўқ, сабаби реклама агентлиги воситачи бўлиб чиқади:

  • у хорижий буюртмачининг маблағлари эвазига совринлар сифатида товарни харид қилади;
  • ушбу товар балансдан ташқарида расмийлаштирилади;
  • у ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмас.

Яъни агентлик ҚҚСни икки марта – аввал Ўзбекистон ҳудудида товарларни харид қилиш чоғида, сўнг уларни совринлар сифатида тарқатиш чоғида тўлайди.

Бухгалтер совринлар тарқатилишини мустақил равишда моддий наф тарзидаги даромад сифатида таснифлагани боис, ушбу ҳисобдан чиқариш автоматик равишда фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланмайдиган харажатга айланади . Шунингдек, ЖШДС суммаси ҳам . Шу сабабли акциянинг бутун қийматига фойда солиғи солинади: товарларни реклама мақсадида тарқатиш – чегириб ташланмайди, ЖШДС – чегириб ташланмайди, тўланган ҳақ – даромад. 

Бинобарин, келиб тушган маблағларнинг бутун суммаси реклама агентлиги учун фойда бўйича солиқ базаси бўлади, солиқ имтиёзлари бўлмаса, солиқ 177 млн сўмни ((1 150 + 30) х 15%) ташкил этади. Битим шакли нотўғри танлангани ва бухгалтернинг хатолари сабабли реклама агентлиги тўлаши керак бўлган жами солиқлар қуйидаги миқдорни ташкил этади:

1) товарларни Ўзбекистон ҳудудида харид қилиш чоғида ҚҚС – 150 млн сўм;

2) совринларни тарқатиш чоғида ҚҚС – 150 млн сўм;

3) совринлардан ЖШДС – 138 млн сўм;

4) фойда солиғи – 177 млн сўм.

Жами – 615 млн сўм.

Хулоса чиқарамиз: ана шу оддий туюлгандек битимда реклама агентлигига қимматга тушадиган  солиқлар юзага келади. Бу йўқ жойда ўз қўли билан муаммо яратишдан бошқа нарса эмас.

 

Минимал солиқ юки билан битимни амалга ошириш мумкинми?

– Ҳа, бундай оқибатларга олиб келадиган барча таваккалчиликлар бартараф этилса, мумкин.

«Воситачилик битимларида промоакциялар солиқ ва бухгалтерия ҳисобида хатога йўл қўймаслик учун» вебинарида буни қандай амалга ошириш, шунингдек бошқа яна кўплаб ҳолатлар ҳақида билиб оласиз. У 20 октябрь куни соат 15:30 да бошланади.

Унинг иштирокчилари қуйидагиларни тестдан ўтказиш учун чек-варақлар оладилар:

  • буюртмачи ва агентлик ўртасидаги шартномавий муносабатлар қоидалари – умуман ва буюртмачининг маблағлари эвазига харид қилинадиган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши қисмида;
  • соврин жамғармасини ҳисобдан чиқариш бўйича бухгалтерия ва солиқ ҳисоби услубияти (биринчи банддаги жавобдан келиб чиқиб);
  • ЖШДС бўйича чегирмани қўллаш шартларини бажариш.

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /ru/publish/doc/text185079_reklama_agentliklari_promoakciyalarini_soliq_va_buhgalteriya_hisobida_tugri_aks_ettirish