Полезное для бухгалтера в ноябре:
Чакана савдода рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун қандай жарима солинади
Солиқ органлари чакана савдо корхоналарида сайёр солиқ текширувларини ўтказадилар. Текширув предмети – товарларни рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этиш. Қоидабузарлар СК 227-1-м. бўйича жавобгарликка тортилади.
Buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА қандай қилиб сўнгги ҳисобот чорагидаги реализациядан соф тушум миқдорида жарима солинишининг олдини олиш ҳақида гапириб берди:
– Чакана савдо соҳаси вакиллари товарларни маркировкалаш масалаларига доир сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича қарор юзасидан маслаҳат сўраб менга мурожаат қилганлар. Барча ҳолатларда касса чекини бермаслик, бунинг оқибатида эса мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш далиллари аниқланган.
Чакана савдо шохобчаси – маркировкаланган товарни кузатиш занжиридаги охирги бўғин, у сотиш чоғида товарни айланмадан чиқариши керак. Бунинг учун эса харидорга касса чекини бериш, бунда сотилаётган товар ўрамидаги Data matrix ни албатта сканердан ўтказиш лозим.
Шу ўринда солиқчиларнинг барча қарорлари асосли ва қонуний бўлганини қайд этиб ўтмоқчиман.
Қуйидагиларга асосан жарималар солинади:
- СК 227-1-м. – товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;
- СК 221-м. – назорат-касса техникасини қўллаш тартибини бузиш.
СК 218-м. назарда тутилган асослардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлган тақдирда, жарималар миқдорлари белгиланган миқдорларга нисбатан 2 марта камайтирилиши мумкин. Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларга қуйидагилар киради :
1) шахсий ёки оилавий шароитлар оғир кечиши оқибатида солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этиш;
2) таҳдид ёки мажбурлаш таъсирида ёхуд моддий, хизмат ёки бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этиш;
3) суд ёки ишни кўраётган солиқ органи томонидан жавобгарликни енгиллаштирувчи деб топилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.
Бунда ҳуқуқбузарликни содир этганлигингиз учун жавобгарлик чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида бундай ҳуқуқбузарликни қайта содир этган бўлсангиз, жарима миқдори 2 баробар оширилади .
Солиқ тўловчи айбига иқрор бўлганда ва солиқ органининг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда молиявий санкциялар суммасини ихтиёрий равишда тўлаганда ҳам жарима миқдори 2 бараварга камайтирилади.
Ҳар қандай ҳолатда санкциялар миқдори салмоқли бўлади. Улар қўлланмаслиги учун:
- мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни рақамли маркировкасиз сотувга қабул қилманг;
- касса чекларини ўз вақтида беринг.
Мажбурий рақамли маркировкалаш босқичма-босқич жорий этилаётган товарларни реализация қилувчи барча чакана савдо корхоналари алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилувчи чакана дўконларнинг тажрибасини инобатга олишлари лозим. Хусусан, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб у 10 турдаги маиший техника ва дори воситалари учун мажбурий бўлди. Қуйидаги ҳужжатларда графиклар билан батафсил танишиш мумкин:
Товарлар |
Мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилишини тартибга солувчи НҲҲ |
Фильтрли сигареталар |
31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ |
Фильтрсиз сигареталар |
31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ |
Бошқа турдаги чекиладиган тамаки маҳсулотлари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинли тамакисиз снюс, таркибида никотин мавжуд суюқликлар ва никотинли электрон сигареталар |
31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ |
Алкоголли маҳсулотлар (пиво маҳсулотлари ва металл, шу жумладан, алюмин идишдаги алкоголли маҳсулотлардан ташқари) |
20.11.2020 йилдаги 737-сон ВМҚ |
Пиво маҳсулотлари |
31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ |
Металл, шу жумладан, алюмин идишдаги алкоголли маҳсулотлар |
31.12.2020 йилдаги 833-сон ВМҚ |
Чангютгич, кир ювиш машинаси, совуткичлар, музлаткичлар, телевизор, монитор |
02.04.2022 йилдаги 148-сон ВМҚга 4-илова |
Маиший газ печи, ошхона дудбўрони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситгич |
02.04.2022 йилдаги 148-сон ВМҚга 4-илова |
Сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган электр моторли маиший техника (сок чиқазгич, блендер, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич), барча турдаги лампалар |
02.04.2022 йилдаги 148-сон ВМҚга 4-илова |
Иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (орфан дори воситаларидан ташқари) |
02.04.2022 йилдаги 149-сон ВМҚга 2–4-илова |
Бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари (агар иккиламчи (ташқи) ўрам мавжуд эмас бўлса) ва доривор ангро-маҳсулотлари (орфан дори воситаларидан ташқари)
|
|
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган орфан дори воситалари, шунингдек Ўзбекистон ҳудудидан ташқарисида амалга оширилган рўйхатга олиш натижаларини тан олиш тартиби доирасида дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникасининг Давлат реестрига киритилган дори воситалари |
|
ДСҚ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур маҳсулотларни рақамли маркировкалаш бўйича пилот лойиҳаси натижаларига асосан белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатга киритилган тиббий буюмлар |
СК 227-1-м. бўйича жарималар тадбиркорлик субъекти учун банкрот бўлиш ва фаолиятини тўхтатиб қўйиш хавфини туғдиради. Шу сабабли қуйидаги ташаббусларни тезроқ амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман:
- жарималар миқдорини солиқлар бўйича қўшимча ҳисобланган миқдордан оширмаслик. Президент 2022 йил 22 августда бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот давомида ушбу таклифни киритган эди;
биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган микро ва кичик бизнес субъектларига жавобгарлик чораларини қўлламаган ҳолда, камчиликларни бартараф этишга кўмаклашишни назарда тутадиган тизим яратиш ҳамда жарималар миқдорини қайта кўриб чиқиш. Ушбу чора 30.08.2022 йилдаги ПҚ-364-сон қарор билан тасдиқланган йўл харитасига киритилган.
Сизда сайёр текширув ўтказилаётган бўлса, «Норма» юристларининг тавсияларидан фойдаланинг:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.