Автокамерал дастур фойда солиғи базасидан қўшимча ҳисобланган ҚҚСни чегирмаслиги тўғрими?

preview

Товарни ички бозорда божхона қийматидан паст нархда реализация қилувчи импорт қилувчилар қўшимча ҚҚС ҳисоблашади. СКнинг 317-моддаси асосида улар ушбу суммани фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда чегириб ташлашади. Лекин автокамерал дастур бундай харажатларни чегириб ташланадиган харажатлар деб ҳисобламайди ва қўшимча фойда солиғи ҳисобланган “хатлар”ни шакллантиради.

Уларга қандай муносабат билдиришни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

 

– Автокамерал текширувнинг бундай хулосаларига рози бўлманг. Бу – солиқ органларининг хатоси, дастурга киритилган нотўғри формула оқибати.

Мен мазкур муаммо билан биринчи марта 3 йил олдин ўз мижозларимдан бирининг манфаатларини ҳимоя қилиш чоғида дуч келганман. У пайтда ҳали камерал текширувлар бўлмаган. Лекин шундан бери кўп нарса ўзгармади, ДСҚ айрим мутахассисларининг хато фикрлари эса солиқ назоратининг формулаларига жорий этилган. Ва бу солиқ органлари мунтазам равишда солиқ тўловчилардан асосланган жавоблар олишлари ва уларга қўшилишларига қарамай содир бўлди.

3 йил олдин ушбу вазиятга дуч келган солиқ тўловчи ДСҚга сўров билан мурожаат қилган ва унга раис ўринбосининг имзоси билан батафсил жавоб-тушунтириш олган. Ушбу жавобдан камерал текширувнинг хулосалари хато эканлиги келиб чиқади.

Мен солиқчиларнинг ушбу жавобини келтириб ўтишни хоҳлайман, сабаби у ҳаммасини батафсил тушунтиради:

  • “СКнинг 305-моддаси 1-4-қисмларига мувофиқ СКнинг 294-моддаси 1-қисми 1-бандида кўрсатилган юридик шахсларнинг солиқ базасини аниқлашда ушбу шахсларнинг жами даромадидан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан СКнинг XII бўлимига кўра чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно.

СКнинг XII бўлими мақсадларида солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ҳисобот (солиқ) даври давомида амалга оширилган (кўрилган), асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлари (СКнинг 333-336-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса зарарлар) харажатлар деб эътироф этилади.

Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар тушунилади.

Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

СКнинг 248-моддаси 5-қисмига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган (импорт қилинган) товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

СКнинг 317-моддасида фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатларнинг ёпиқ рўйхати белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, импорт қилинган товарларни реализация қилишда юзага келадиган товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммаси билан битим томонлари тарафидан қўлланилган ушбу товарларни реализация қилиш нархидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси ўртасидаги ижобий фарқ қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқадиган чиқимларга олиб борилади. Улар – иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳисобланади ва тегишинча, солиқ тўловчининг асосланган харажатлари бўлган ҳолда фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромаддан чегириб ташланиши лозим. Шу билан бирга қайд этиш лозимки, юқорида кўрсатилган харажатлар тури СКнинг 317-моддасида келтирилган, фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига киритилган харажатлар рўйхатида мавжуд эмас”.

Мен бу Солиқ кодексига мувофиқ келадиган ягона тўғри қарор, деб ҳисоблайман.

ДСҚ бўлинмалари имкон қадар тезроқ ўз ҳаракатларини келишиб олишлари ва автокамерал назорат дастурига киритилган формулага тузатиш киритишларини хоҳлаймиз.

Ҳозирча солиқ тўловчилар фақат солиқчиларнинг асоссиз эътирозларига жавоб беришларига тўғри келади. Ўз ҳаракатларингизнинг асоси сифатида юқорида келтирилган ҳаволадан нусха кўчириб олишингиз мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text185856_avtokameral_dastur_foyda_soligi_bazasidan_qushimcha_hisoblangan_qqsni_chegirmasligi_tugrimi