МҲХС бўйича шартнома модификациясини қандай ҳисобга олиш керак

21.10.2022
author avatar

Ирина ЗАВАЛИШИНА

МҲХС бўйича эксперт
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– шартнома модификацияси нима;
– шартнома модификациясини қандай ҳисобга олиш керак:
        алоҳида шартноманинг тузилиши;
        мавжуд шартноманинг бекор қилиниши ва янги шартноманинг тузилиши;
        дастлабки шартноманинг ўзгартирилиши.

 

Шартнома модификацияси нима

Шартнома шартлари ўзгартирилиши керак бўлган вазиятлар учраб туради.

Шартнома предмети ва (ёки) нархининг шартнома томонлари томонидан тасдиқланган ўзгартирилишига шартнома модификацияси дейилади .

Модификацияланган шартнома билан томонларнинг мавжуд ҳуқуқлари ҳамда бажарилиши керак бўлган мажбуриятлари ўзгартирилади ёки улар янгидан ишлаб чиқилади.

Шартнома модификацияси:

  • ёзма шаклда тасдиқланиши;
  • оғзаки шаклда келишилиши;
  • кундалик иш амалиётида кўзда тутилиши мумкин.

Ҳатто қуйидаги ҳолларда ҳам шартнома модификацияси мавжуд бўлиши мумкин:

  • томонлар шартнома предметининг ва (ёки) нархининг модификацияси устида баҳслашаётган бўлсалар

ёки

  • томонлар шартнома предметининг ўзгаришини тасдиқлаб, аммо нархнинг мос равишда ўзгартирилиши хусусида ҳали аниқ тўхтамга келмаган бўлсалар. Ушбу ҳолда сиз битим нархининг шартнома модификацияси билан боғлиқ ўзгаришини ўзгарувчан қоплашни баҳолаш қоидаларига мувофиқ баҳолашингиз лозим .

Шартнома модификациясини қандай ҳисобга олиш керак

Шартнома ўзгаришининг уч хил варианти мавжуд :

  • бошланғич шартномага қўшимча алоҳида шартнома;
  • мавжуд шартноманинг бекор қилиниши ва янги шартнома тузилиши;
  • бошланғич шартнома доирасидаги ўзгаришлар.

Муайян шартнома модификациясини қандай ҳисобга олиш кераклигини билиш учун қуйидагиларни аниқлаб олинг:

  • қўшимча товар ёки хизматлар бошланғич шартномада кўрсатилган товар ёки хизматлардан фарқли ёки фарқли эмаслигини;
  • модификация билан қўшимча товар ёки хизматларни сотишнинг алоҳида нархи акс эттирилиши ёки эттирилмаслигини.
Эътибор беринг
Алоҳида нарх (алоҳида сотиш нархи) – ташкилот харидорга ваъда қилинган товар ёки хизматни алоҳида битимда сотиши мумкин бўлган нарх.
Эслатиб ўтамиз

Товар ёки хизмат, қуйидаги иккита мезон бажарилса, фарқли ҳисобланади :

  • харидор товар ёки хизматнинг ёлғиз ўзидан ҳам, шунингдек бемалол фойдалана оладиган бошқа ресурслар билан биргаликда ҳам наф олиши мумкин бўлганда, яъни товар ёки хизмат фарқли ҳисобланиши мумкин бўлса;
  • компаниянинг товар ёки хизматни харидорга тақдим этиш тўғрисидаги ваъдаси шартномадаги бошқа ваъдалардан алоҳида идентификацияланадиган бўлса, яъни товар ёки хизматни тақдим этиш ваъдаси шартнома контекстида фарқли ҳисобланса.

Алоҳида шартнома сифатидаги модификациялаш

Модификацияни, қуйидаги иккита шарт бажарилса, алоҳида шартнома сифатида ҳисобга олинг:

  • шартнома предмети фарқли ҳисобланган қўшимча товар ёки хизматлар ҳисобига кенгайтирилганда;
  • шартнома шартларидан келиб чиқувчи тузатишларни ҳисобга олиб, шартнома нархи қўшимча товар ёки хизматларни алоҳида сотиш қийматига ошса.

Мисол учун, ташкилот, янги харидорга шундай товар ёки хизматни сотгандаги сотиш харажатларини амалга оширмаслигини инобатга олган ҳолда, харидорга тақдим этилаётган чегирмани ҳисобига, қўшимча товар ёки хизматни алоҳида сотиш нархига тузатиш киритиши мумкин.

Мисол
Шартнома модификациясини алоҳида шартнома сифатида ҳисобга олиш

Компания донаси 8 млн сўм бўлган 200 бирлик товарни етказиб беришга умумий суммаси 1 600 млн сўмлик шартномани тузди. Товарни 2 ой давомида 100 бирликдан етказиб берилиши келишилган. Харидор товар устидан назоратга уни ҳақиқатда олганда эга бўлади.

Дастлабки 100 бирлик товар етказиб берилганидан кейин томонлар, етказиб бериладиган товарга яна 100 бирликни қўшиб, шартнома шартини ўзгартирдилар. Шартномани модификациялаш кунида у 7,5 млн сўмни ташкил қилганлиги сабабли, қўшимча товар ҳажми алоҳида сотиш нархида сотилади.

Қўшимча 100 бирлик маҳсулот дастлабки шартномада кўрсатилган 200 бирликдан фарқли ҳисобланади.

Қўшимча товарлар бошланғич шартномадаги товарлардан фарқланадиган бўлиб, алоҳида сотиш нархида сотилаётганлиги сабабли шартнома модификациясидан олинган тушум алоҳида шартномадан олинган тушум сифатидан тан олинади ва бошланғич шартномага даҳли бўлмайди.

Шундай қилиб, компания қуйидаги миқдордаги тушумни тан олади:

200 бирл. х 8 = 1 600 млн сўм – бошланғич шартнома бўйича;

100 бирл. х 7,5 = 750 млн сўм – шартнома модификациясидан.

Мавжуд шартномани бекор қилиб, янги шартнома тузиш кўринишидаги модификациялаш 

Мавжуд шартномани бекор қилиб, янгисини тузиш кўринишидаги модификациялашни ҳисобга олиш учун:

  • шартнома модификацияланган санада мавжуд қолдиқ  товарлар ёки хизматлар, берилган товар ёки хизматлардан фарқланишини;
  • қўшимча товарнинг нархи алоҳида сотиш нархидан фарқ қилишини инобатга олиш керак.

Ушбу ҳолда қолган мажбуриятлар бўйича қопланадиган сумма қуйидагилардан иборат бўлади:

  • харидор томонидан ваъда қилинган бўлиб, битимнинг баҳоланган нархига киритилган ҳамда тушум сифатида тан олинмаган қоплаш суммаси (шу жумладан, харидордан олиниб бўлган сумма);
  • шартномани модификациялаш доирасида ваъда қилинган қоплаш суммаси.
Мисол
Мавжуд шартноманинг бекор қилиниши кўринишидаги модификациялашни ҳисобга олиш

Компания донаси 8 млн сўм бўлган 200 бирлик товарни етказиб бериш учун умумий суммаси 1 600 млн сўмлик шартнома тузди. Товар 2 ой мобайнида, 100 бирликдан етказилади. Харидор товар устидан назоратга уни ҳақиқатда олганида эга бўлади.

Дастлабки 100 бирлик товар етказиб берилганидан кейин томонлар алоҳида сотиладиган нархдан фарқ қилувчи нархда, яъни 7,5 млн сўмда етказиб бериладиган яна 100 бирликни қўшган ҳолда шартнома шартини ўзгартирдилар.

Бунда биринчи партиядаги айрим товар бирликларининг ишида нуқсонлар аниқлангани боис компания харидорга 50 млн сўмлик (100 бирл. х 0,5 млн сўм) чегирма тақдим этди.

Қўшимча товарлар билан бошланғич шартнома бўйича сотилмаган товарлар бир-биридан фарқланиши сабабли, қўшимча товарлар нархи алоҳида сотиш нархига мувофиқ келмагани боис компания бошланғич шартномани бекор қилади ва шартноманинг модификацияланишини янгича сотиш нархига эга янги шартнома сифатида акс эттиради.

Тушумнинг дастлаб тан олиниши:

100 бирл. х 8 = 800 млн сўм.

Компания бекор қилинган шартнома бўйича тушумнинг камайишини тан олади:

100 бирл. х 0,5 млн сўм = 50 млн сўм.

Натижада, бекор қилинган шартнома бўйича тушум:

800 – 50 = 750 млн сўм.

Модифицикацияланган шартнома бўйича тушум ўртача ҳисобланган нарх бўйича тан олинади:

(100 х 8 + 100 х 7,5) : 200 = 7,75 млн сўм.

7,75 х 200 = 1 550 млн сўм.

Иккала шартнома бўйича тушум:

750 + 1550 = 2 300 млн сўм.

Мавжуд шартноманинг бир қисми сифатидаги модификациялаш 

Шартнома модификацияланишини, башарти қолган товарлар ёки хизматлар фарқли бўлмаса, мавжуд шартноманинг бир қисми (бошланғич шартнома доирасидаги ўзгаришлар) сифатида ҳисобга олинг. Бу товарлар ёки хизматлар шартномани модификациялаш санасида қисман бажариладиган ягона мажбуриятга киритилади.

Ушбу ҳолда шартнома модификацияланиши тушумга киритиладиган тузатиш (кўпайтириш ёки камайтириш) сифатида тан олинади.

Мисол
Товарлар ва хизматлар фарқли бўлмагандаги шартноманинг модификацияланиши

1 январь куни ташкилот буюртмачининг ер участкасида бино қуриш учун 2 йиллик шартнома тузди.

Шартнома – бажарилиши керак бўлган ягона мажбуриятдан иборат. Ер майдони буюртмачининг мулкида бўлгани учун қурилаётган бино устидан назорат унга тегишли.

Шартнома нархи – 2 000 млн сўм.

Шартнома бўйича кутилаётган сарфлар – 1 400 млн сўм.

Кутилаётган фойда – 600 млн сўм (600 : 2 000 = 30 %).

Лойиҳанинг якунланганлик даражаси қилинган сарфлар фоизига қараб аниқланади.

Биринчи йил учун харажатлар 840 млн сўмни ташкил қилди.

Биринчи йилнинг охирига келиб қурилишнинг якунланганлик даражаси – 60 % (840 : 1 400).

Кейинги йилнинг январь ойида, бинонинг режасини яхшилаш мақсадида, тарафлар бошланғич шартномага ўзгартириш киритишга қарор қилдилар.

Натижада қуйидагилар ўсди:

  • шартнома нархи – 300 млн сўмга;
  • сарф-харажатлар қиймати – 200 млн сўмга.

Шартноманинг модификацияланишини қуйидагича акс эттириш керак.

Биринчи йилнинг охирида қуйидагилар тан олиниши лозим:

  • шартнома бўйича тушум – 1 200 млн сўм (2 000 х 60 %) миқдорида;
  • ҳақиқатда қилинган харажатлар суммасидаги ишлар таннархи – 840 млн сўм;
  • ялпи фойда – 360 млн сўм (1 200 – 840).

Шартнома бўйича мажбурият ягона бўлгани учун, бино режасини яхшилаш бўйича қўшимча ишлар фарқланадиган хизмат бўлиб ҳисобланмайди, бу – бошланғич мажбуриятнинг бир қисми.

Шу боис шартноманинг модификацияланишига иккинчи йилнинг бошида бошланғич шартноманинг қисми сифатида қараш керак.

Умумий харажатлар 1 600 млн сўмни (1 400 + 200) ташкил қилади.

Тушум 2 300 млн сўмга (2 000 + 300) тенг.

Модификациялашдан сўнг янги якунланганлик даражасини аниқлаймиз:

840 : (1 400 + 200) = 52,5 %.

Модификациялашдан кейинги шартнома бўйича тушум:

2 300 х 52,5 % = 1 207,5 млн сўмга тенг.

Тушумни тузатиш (кўпайтириш) керак:

1 207,5 – 1 200 = 7,5 млн сўм.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал