Полезное для бухгалтера в ноябре:
Қатъий белгиланган суммада айланмадан олинадиган солиққа қандай ўтилади
2023 йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ихтиёрий тартибда қатъий белгиланган суммада солиқни тўлашга ўтиши мумкин. Қабул қилинган қарор тўғрисида солиқ органларини қандай хабардор қилишни ДСҚ Айланмадан олинадиган солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи Нуриддин ОТАМУРОДОВ сўзлаб берди:
– Айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган суммасига ўтиш учун солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги солиқ органига кейинги ой бошланишидан 10 кун олдин хабарнома юбориш зарур. Лекин, мазкур норма 2023 йилнинг 1 январидан кучга кириши боис, биринчи марта қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашга ўтаётган тўловчилар хабарномани 2023 йилнинг 25 январидан кечиктирмай тақдим этишга ҳақли .
Хабарнома қандай берилади
Хабарномани электрон шаклда беринг:
1. ЭРИ ёрдамида my3.soliq.uzдаги шахсий кабинетга киринг.
2. “Барча хизматлар” бўлимида “Юридик шахслар” тоифасида “Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун қатъий белгиланган суммадаги солиқ режимига ўтиш”га босинг.
3. Очилган шаклнинг тегишли майдонларида қуйидагиларни кўрсатинг:
- қатъий белгиланган суммада солиқни тўлашга ўтадиган ой;
- тўлов миқдори.
Сиз қатъий белгиланган суммада солиқни қуйидаги миқдорда тўлашингиз мумкин:
- йилига 20 млн сўм, агар сизнинг жами йиллик даромадингиз 500 млн сўмдан ошмаса;
- йилига 30 млн сўм – жами йиллик даромад 500 млн сўмдан ошса.
4. “Жўнатиш” тугмасига босинг.
Қандай ва кимга тўланади
Қатъий белгиланган суммадаги солиқ тенг улушларда ҳар ойда, календарь ойдан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай тўланади.
Қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни фақат 2024 йилнинг 1 январидан рад этиш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади