Бир томонлама ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

20.09.2025
author avatar

Азиз Хашимов

ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириш ҳолатлари;
– бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш:
           товарлар экспортида (БЮДни расмийлаштирмасдан);
           солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида.

 

Эътибор беринг
Тавсияга 17.04.2025 йилдаги ЎРҚ-1057-сон Қонунга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган.

Қачон бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилиши керак

Бир томонлама ЭҲФни расмийлаштиринг, агар:

  • БЮД расмийлаштирилмаган ҳолларда товарлар, шунингдек хизматларни экспорт қилсангиз;
Эслатиб ўтамиз
Товарлар экспорти бўйича БЮД расмийлаштирилган операциялар ҚҚС бўйича ҳисоботда божхона органининг маълумотлар базасидан автоматик тарзда акс эттирилади.
  • банк ҳисоблансангиз ва мижозларга уларнинг шахсий банк ҳисобварағидан кўчирмалар тақдим этсангиз. «Молиявий хизматлар» туридаги бир томонлама расмийлаштирилган ЭҲФ Сотувлар реестрида акс эттирилади;
  • оммавий равишда текинга товарлар тарқатсангиз. ЭҲФнинг «Тўловсиз» турини ва бир томонлама ЭҲФнинг «Жисмоний шахсга» турини танланг;
Эслатиб ўтамиз
Товарларни (хизматларни) бепул топширишда, фақат бундай топшириш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳисобланмаса, ЭҲФ расмийлаштирилади . Акс ҳолда бепул топшириш реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди
  • йўловчиларни ташисангиз ва бунда йўл чипталарини, шу жумладан электрон шаклда расмийлаштирсангиз;
  • коммунал хизматлар ва алоқа хизматларини кўрсатсангиз, сиз томондан кўрсатилган коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари бўйича тўловлар бирламчи ҳужжатларни (квитанцияларни) қўллаган ҳолда банк орқали амалга оширилганда;
  • товарларни (хизматларни) уларнинг бозор қийматидан паст қийматда сотадиган бўлсангиз. Харидорга тақдим этилган ЭҲФда кўрсатилган бозор қиймати ва реализация қилиш қиймати ўртасидаги фарқ суммасига «Бозор қийматидан паст нархда реализация қилиш» туридаги бир томонлама расмийлаштирилган ЭҲФ Сотувлар реестрида акс эттирилади;
Эслатиб ўтамиз

ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, трансферт нарх белгиланиши тўғрисидаги қоидалар ҳисобга олинган ҳолда аниқланадиган, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади. Бунда битим нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари унга тузатиш киритишга ҳақлидир.

Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли  . Товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлаш тартиби махсус қоида билан белгиланган .

  • импорт қилинган товарларни божхона қийматидан паст қийматда сотадиган бўлсангиз. Харидорга тақдим этилган ЭҲФда кўрсатилган «Божхона» ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган, товарларнинг божхона қиймати ва реализация қилиш қиймати ўртасидаги фарқ суммасига «Божхона қийматидан паст реализация қилиш» туридаги бир томонлама расмийлаштирилган ЭҲФ Сотувлар реестрида акс эттирилади;
Эслатиб ўтамиз
Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган (импорт қилинган) товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқ ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас
  • фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланмайдиган харажатлар ҳисобланадиган, ўз эҳтиёжларингиз учун маҳсулотларингизни топширсангиз ёки хизматлар кўрсатсангиз;
Эслатиб ўтамиз
Харажатлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун маҳсулотларни бериш, ўз кучи билан хизматлар кўрсатиш ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилади .

Юқорида санаб ўтилган операциялар бўйича ҳар ой якунига кўра умумлаштирилган ҳолда бир томонлама ЭҲФ расмийлаштиринг. Уни кейинги ойнинг 5-санасигача бўлган муддатда расмийлаштиринг, лекин ҳисобот ойининг охирги кунидаги сана билан шакллантиринг.

Бир томонлама ЭҲФ «Чиқувчи ЭҲФ» бўлимида «Имзоланди» устунида контрагентнинг номисиз пайдо бўлади. Унга ID ва QR-код берилади, шулар бўйича уни идентификациялаш мумкин бўлади.

Товарлар ва хизматлар экспортида ЭҲФ қандай расмийлаштирилиши керак

Товарлар экспортида расмийлаштириладиган божхона юк декларацияси (БЮД) ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжат ҳисобланади . БЮД маълумотлари божхона органининг маълумотлар базасидан автоматик тарзда ҚҚС бўйича ҳисоботда акс эттирилади. Шунинг учун БЮД мавжуд бўлган вақтда товарларнинг экспортида ЭҲФни расмийлаштирманг.

Вазият
Харидор экспорт қилинган товарни қайтарди

Корхона БЮДни расмийлаштириш орқали товарни экспорт қилди. Форс-мажор ҳолатлари туфайли хорижий ҳамкор экспорт қилинган товарни қайтарди. Товарни қайтариш реимпорт (ИМ-41) режимида БЮД билан расмийлаштирилди. Товар экспорт қилинганда БЮД расмийлаштирилмаган. 

Экспорт қилинган товар қайтарилганда бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириладими? 

– БЮД билан расмийлаштирилган товарларни экспорт қилиш бўйича операциялар божхона органларининг маълумотлар базасидан автоматик равишда солиқ ҳисоботларида акс эттирилади. Реимпорт (ИМ-41) режимида расмийлаштирилган ташқи иқтисодий шартномалар бўйича товарларни қайтариш тўғрисидаги маълумотлар ҳам божхона органларидан солиқ хизмати органларига келиб тушиши ва солиқ ҳисоботларида автоматик равишда акс эттирилиши керак. Бунда бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилмайди. Агар электрон солиқ ҳисоботи тизимида илгари экспорт қилинган товарларни қайта олиб кириш далили акс этмаган бўлса, рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органларига ва тушунтириш олиш учун божхона органларига мурожаат қилиш керак.

Агар товар ва хизматларни БЮДни расмийлаштирмасдан (қонунчиликда белгиланган ҳолатларда) экспорт қилсангиз, хизматларни реализация қилиш жойига боғлиқ равишда – «Хизматлар экспорти (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида)» ёки «Хизматлар экспорти (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида)» – товарлар (хизматлар)ни сотиш жойига қараб бир томонлама ЭҲФни шакллантиринг . Буни товарлар (хизматлар) реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар амалга оширинг, лекин ЭҲФни реализация қилинган ойнинг сўнгги санаси билан расмийлаштиринг.

Эслатиб ўтамиз
Товарлар (хизматлар)нинг реализация қилиш жойи Солиқ кодексининг 240 ва 241-моддаларига мувофиқ аниқланади. Товар ва хизматларни реализация қилиш айланмасига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солиш Солиқ кодексининг 36-бобида келтирилган.
Вазият
Сотиш жойи Ўзбекистон бўлмаган хизматлар экспорт қилинмоқда

ҚҚС тўловчиси бўлган корхона хизматларни Ўзбекистон ташқарисида кўрсатади, бунда уларни сотиш жойи Ўзбекистон ҳисобланмайди.

Ушбу хизматларга бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш керакми?

– Ҳа, керак. Cотиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатишда «Хизматлар экспорти (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида)» туридаги ҚҚСсиз бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш зарур. Мазкур ЭҲФ ҳисоб-китобга 1-илованинг 020-сатрида акс этади.

Солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида бир томонлама ЭҲФ қандай расмийлаштирилиши керак

Солиқ солиш объектини тўғри аниқлаш учун бир томонлама ЭҲФ қуйидаги харажатлар ва бошқа даромадларга расмийлаштирилади :

1) акциз солиғи тўловчилари:

  • акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш, шунингдек қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шунингдек акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топширилганда;
Эслатиб ўтамиз
Акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан қайта ишлаш учун топшириш, шунингдек қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларни қайта ишлаш маҳсули бўлган, шунингдек акциз тўланадиган шундай хом ашё ва материалларнинг маҳсули бўлган, акциз тўланадиган товарларни қайтариш шарти билан берилган хом ашё ва материалларнинг мулкдорига ишлаб чиқарувчи томонидан топшириш акциз солиғи солиш объекти ҳисобланади .
  •  акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
Эслатиб ўтамиз
Акциз тўланадиган товарлардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш акциз солиғи солиш объекти ҳисобланади .
  • сотиш нархи ва акциз тўланадиган товарларнинг таннархи ўртасида ижобий фарқнинг юзага келиши;
Эслатиб ўтамиз
Ишлаб чиқарилаётган акциз тўланадиган товарларга (хизматларга) солиқ ставкалари фоизларда (адвалор) белгиланган бўлса, солиқ базаси бўлиб реализация қилинган акциз тўланадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати, бироқ уларнинг ҳақиқий таннархидан паст бўлмаган қиймати ҳисобланади .
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқотилиши, яроқсизлиги, камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш)нинг аниқланиши;
Эслатиб ўтамиз
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) импорт қилинадиган акциз тўланадиган товарларнинг бузилиши, йўқотилиши акциз солиғи солинадиган солиқ объекти саналади. Фавқулодда вазиятлар натижасида товарларнинг бузилиш, йўқотилиш ҳолатлари бундан мустасно. Айбдор томонидан товарнинг қиймати суғурта орқали тўланган ёки унинг ўрни қопланган тақдирда, акциз солиғи суғурта орқали тўлаш (ўрнини қоплаш) улушида тўланади .

2) қуйидагилар бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар:

  • узоқ муддатли шартномалар бўйича даромадлар ;
  • РЕПО операциялари бўйича даромадлар ;
Эътибор беринг

2025 йил 17 апрелдан бошлаб РЕПО операциялари бўйича даромад солиқ солиш мақсадларида даромад сифатида ҳисобга олинмайди   .

  • қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича даромадлар ;
Вазият
Компания фонд биржасида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширади
Компания «Тошкент» РФБда қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширади. Савдо қоидаларига кўра, харидор ва сотувчи бир-бирини кўрмайди. Солиқ органи ушбу операциялар ҚҚСдан озод қилинганига ва қонунчиликка кўра махфий хусусиятга эга эканлигига қарамай, бу сотувни ҚҚС ҳисоботида акс эттиришни талаб қилмоқда.
Махфийлик мезони ҳисобварақ-фактурани тақдим қилмаслик учун асос бўла оладими?
Агар мазкур операциялар бўйича ЭҲФ тақдим қилинмаса, қимматли қоғозлар сотувини ҚҚС ҳисоботида қандай акс эттириш керак?
– Йўқ, махфийлик ҳисобварақ-фактура тақдим қилмаслик учун асос бўлмайди. Ҳатто давлат сирига тааллуқли бўлган операциялар бўйича ҳам қоғоз шаклда ҳисобварақ-фактура
расмийлаштирилади . Қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялардан олинган даромадлар бўйича солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида бир томонлама ЭҲФ расмийлаштирилади . Бунда қимматли қоғозларни сотиш ҚҚСдан озод
қилинган .
Эслатиб ўтамиз
Ўзбекистон Республикасининг давлат облигациялари ва бошқа давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларнинг халқаро облигациялари бўйича айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини аниқлашда даромадлар жами даромаддан чегирилади .
  • асосий воситалар ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан даромадлар ;
Мисол
Жисмоний шахсга автомашина сотганда бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш

Айланмадан солиқ тўловчи корхона асосий воситалар (АВ) таркибида ҳисобда турувчи автомашинани 20 млн сўм эвазига жисмоний шахсга сотди. АВ чиқиб кетишидан даромад 250 минг сўмни ташкил этди.

АВ таркибида ҳисобда турувчи автомашина сотилганда корхона харидорга автомашина МХИКни кўрсатган ҳолда 20 млн сўмга икки томонлама ЭҲФни юбориши шарт. Автомашинанинг сотиш қиймати айланмадан солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0401-сатрида акс этиши керак.

Автомашинани сотишдан олинган даромад (фойда) суммасига МХИК 11801001004000000 «Асосий воситалар ва бошқа мол-мулк чиқиб кетишидан даромадлар»ни танлаб, «Бошқа даромадлар» шаклидаги бир томонлама ЭҲФни юбориш керак. Унинг суммаси (250 минг сўм) ҳисоб-китобга 1-илованинг 04011-сатрида акс этиши керак.
Эслатиб ўтамиз
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базаси аниқланганда амортизация қилинадиган активларни тугатишда уларни қўшимча баҳолашда олинган, олдинги нархни туширишлардаги суммадан ортиқча сумма ҳисобидан олинган даромадлар .
  • текинга олинган мол-мулк ва хизматлар ;
  • инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча товар-моддий захираларнинг ва бошқа мол-мулкнинг қиймати тарзидаги даромад ;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромад ;
  • талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромад ;
  • илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромадлар ;
  • шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари ;
Вазият
ҚҚС тўловчиси бўлган корхона буюртмачининг айби билан транспортнинг бекор туриб қолгани учун жарима тақдим этди
ҚҚС тўловчиси бўлган транспорт компанияси Ўзбекистоннинг резиденти билан халқаро юк ташиш шартномасини тузди. Ташиш вақтида буюртмачининг айби билан транспорт бекор туриб қолди. Шартнома шартларига кўра, компания ушбу бекор туриб қолиш учун жаримани тақдим этди. Компания жарима суммасини жами даромадга киритди.

Жарима суммасига ҳисобварақ-фактура тақдим этиш керакми? Жарима тарзидаги даромад ҚҚС бўйича солиқ солиш объекти бўладими?

– Йўқ, ҚҚС тўловчиси жарима суммасига ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак эмас.

Пеня ва жарималар товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланмайди ва ҚҚС солинмайди  . Бу хўжалик шартномалари шартларини бузганлик учун айбдор томон тўлайдиган неустойкадир.

Жарима суммаси фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда жами даромадга киритилади .

Жарима суммасига ЭҲФ расмийлаштирилмайди, ҚҚС ҳисоб-китобида ушбу сумма акс эттирилмайди. Фойда солиғи ҳисоб-китобида даромад 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттирилади.

  • ижобий курс фарқининг чет эл валютасидаги счёт бўйича салбийсидан кўпайиб кетиши ;
Вазият
Корхонада курс фарқи бўйича бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш зарурати йўқ

Корхона ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси ҳисобланади.

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ва уларни тўлдириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 
59-1-бандига мувофиқ курс фарқлари бўйича бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш керакми?

– Йўқ, керак эмас.

Солиқ солиш объектини аниқлаш мақсадида бир томонлама ЭҲФ «бошқа» даромадларга расмийлаштирилади. Уларнинг рўйхатига валюта счётлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши ҳам киради .

Ушбу даромад реализация бўйича айланма ҳисобланмайди ва ҚҚС солинмайди .

Фойда солиғи ҳисоб-китобида валюта қимматликларини, чет эл валютасидаги талаблар ва мажбуриятларни қўшимча баҳолашда (камайтириб баҳолашда) юзага келадиган курс фарқи қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ижобий – жами даромадга  ;
  • салбий – харажатлар таркибига  .

Бунда берилган (олинган) бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги ижобий (салбий) фарқ солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмайди .

Курс фарқи фойда солиғи Ҳисоб-китобида қўлда акс эттирилади:

  • ижобий – Ҳисоб-китобга 1-илованинг 130 ва 131-сатрларида;
  • манфий – I–III чораклар учун Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0114-сатрида ва йил учун Ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 0313-сатрида.

Шундай қилиб, фойда солиғи тўловчиларида валюта счётлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ортиқлигини аниқлашнинг зарурати йўқ. Шунинг учун улар курс фарқлари бўйича бир томонлама ЭҲФни расмийлаштиришлари шарт эмас.

Эътибор беринг

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида курснинг ижобий ва салбий фарқлари ўртасидаги сальдо (фарқ) жами даромадга киритилади. Агар курснинг салбий фарқи ижобий фарқдан ошса, улар ўртасидаги фарқ айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини камайтирмайди .  

Ижобий сальдо тақдим қилинган бир томонлама ЭҲФ асосида – Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-«Умумий даромадлар» иловасининг 040 ва 0404-сатрларида автоматик равишда акс эттирилади. Салбий сальдо Ҳисоб-китобда акс эттирилмайди.

  • акциядор (мулкдор, иштирокчи, муассис) ўз улушининг (улуши бир қисмининг) қийматини ушбу юридик шахс фойдасига олишдан воз кечган тақдирда ёки юридик шахснинг устав фонди шаклланиши (кўпайиши ёки камайиши) муносабати билан олинган даромад ;
  • Солиқ кодексининг VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади ;
  • дивидендлар кўринишидаги даромадлар ;
Эслатиб ўтамиз
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда дивидендлар кўринишидаги даромадлар жами даромаддан чегириб қолинади, чунки уларга солиқ агенти томонидан солиқ солинади .
  • фоизлар кўринишидаги даромадлар .

Ушбу умумлаштирилган бир томонлама ЭҲФ даромад олинган календарь ойининг охирги санасидан кейинги ойнинг
5-санасигача берилади.

Электрон ҳужжат айланиши тизимида ушбу ЭҲФ шакллантирилганда, сиз бошқа даромадлар учун бир томонлама ҳисобварақ-фактурани шакллантираётганингизни кўрсатганингиздан сўнг МХИК устунида очиладиган сўров пайдо бўлади. Унда юқорида келтирилган барча харажатлар ва бошқа даромадлар кўрсатилади. Уларнинг ҳар бирига ўзининг МХИК берилган бўлади.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал