Полезное для бухгалтера в декабре:
Объектнинг қурилиши чўзилиб кетса, ЭҲФ қачон расмийлаштирилиши керак
“2019-2020 йилларда бинони реконструкция қилиш бўйича ишлар бажарилди. Буюртмачи ишлар ҳажмининг бир қисмини (88%) тасдиқлади, қурилиш ташкилоти улар бўйича ҳисобот берди, солиқларни тўлади. Реконструкция қилишда фойдаланилган материаллар 2019-2020 йилларда 20% ва 15% ҚҚС билан харид қилинган. Тегишли даврларда ҚҚС ҳисобга олинган. Ишларнинг қолган қисми бўйича буюртмачи назорат ўлчовини фақат 2023 йилда тугатган.
Биз буюртмачига ҳисобварақ-фактурани қайси сана билан жўнатишимиз керак? ҚҚСни қандай ставка бўйича ҳисоблаб чиқариш лозим? Ҳисобга олинадиган суммалар бўйича ҚҚС бўйича қайта ҳисоб-китобни топшириш керакми?”.
Вазиятни “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА тушунтирди:
– Ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган календарь санада расмийлаштирилиб тақдим этилади . Объектлар қурилишида, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура ҳар бир календарь ойнинг охирги куни тақдим этилади . Ушбу қоидага асосан ЭҲФ буюртмачи томонидан тасдиқланган ишлар ҳажмининг 88%ига имзоланган, деб ҳисоблайман.
Агар буюртмачи қолган ишлар ҳажмини 2023 йилда тасдиқлаган бўлса ва назорат ўлчови далолатномаси шу йил билан расмийлаштирилган бўлса, ЭҲФни ҳам унга 2023 йилда – бажарилган ишлар далолатномаси (маълумотнома-ҳисобварақ-фактура) имзоланган санада тақдим этасиз.
2023 йилда тақдим этилган ЭҲФда ҚҚСни амалдаги 12% ставка бўйича кўрсатинг .
Илгари ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритиш СКнинг 269-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Кўриб чиқилаётган ҳолатда тузатиш киритиш учун асослар мавжуд эмас, ҚҚС қайта ҳисоб-китобини топшириш керак эмас.