Полезное для бухгалтера в декабре:
Импорт бўйича транспорт харажатлари БЮДда қандай акс эттирилади
“Ташкилот терминалларни етказиб беришга доир импорт контрактини тузди. Таснифга асосан товарнинг умумий қиймати 2 000 АҚШ долларини, транспорт харажатлари – 200 АҚШ долларини, таснифнинг умумий қиймати – 2 200 АҚШ долларини ташкил этади. Товарни етказиб бериш шарти – DAP Тошкент шаҳри. БЮДни расмийлаштиришда 12-устунда (божхона қиймати) 2 200 АҚШ долларини, 22-устунда эса (умумий фактура қиймати) – 2 000 АҚШ долларини кўрсатдик. Агар етказиб бериш шартларига асосан транспортда ташишни сотувчи амалга ошириши шарт бўлса, БЮДда умумий фактура қиймати қанчалик тўғри кўрсатилган”.
Саволга “Норма” илтимосига биноан Божхона қўмитаси Божхона тўловлари бошқармаси бош инспектори Жамшид ИСОМУРОДОВ жавоб берди:
– Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули – бу олиб кириладиган товарга доир битимнинг қийматига оид усул (1-усул). У олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини олиб кирилаётган товар божхона чегарасини кесиб ўтаётган пайтда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган, БКнинг 304 ва 305-моддалари қоидалари ҳисобга олинган ҳолда тузатилган нарх бўйича аниқлашни назарда тутади.
Божхона қийматини аниқлашда битимнинг нархига товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойгача етказиб бериш бўйича қуйидаги харажатлар киритилади (агар улар битимнинг нархига киритилмаган бўлса):
- ташиш қиймати;
- товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;
- суғурта қиймати.
Маълумот учун: мазкур нормалар БКнинг 301-304-моддалари қоидаларига мувофиқ келади.
Агар 1-усулни қўллаш учун ҳеч қандай чекловлар бўлмаса, божхона қийматидан қўшимча ҳисобланмалар ёки чегирмаларни аниқлаш зарур, сабаби битим қийматининг таркиби товарни етказиб бериш шартларига боғлиқ бўлади .
Қийматга нисбатан устама сифатида, бошқа харажатлар қатори, товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб бериш харажатлари киритилиши мумкин:
- ташиш қиймати;
- фрахт учун устама;
- товар кузатув ҳужжатларини расмийлаштириш учун харажатлар;
- ташиш вақтида товарларга ишлов бериш харажатлари;
- экспорт мамлакатидан олиб чиқишда товарни божхона расмийлаштируви учун харажатлар (агар улар киритилмаган бўлса);
- товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари;
- суғурта қиймати.
Кўриб чиқилаётган вазиятда товарни етказиб бериш шартлари, ташиш харажатлари билан боғлиқ айрим жиҳатларни аниқлаштириш лозим. Хусусан – 200 АҚШ доллари миқдоридаги транспорт харажатларини айнан ким тўлаганини:
а) агар тўловчи – импорт қилувчи бўлса, мазкур харажат божхона қийматига киритилади. Бунда божхона қиймати таркибига транспорт харажатлари киритилади, фактура қиймати эса инвойсда кўрсатилган нархга, яъни – 2 200 АҚШ долларига тенг бўлади.
Агар инвойсда 2 000 АҚШ доллари нархи бошқа шартларда кўрсатилган бўлса, инвойсга таснифни ҳисобга олган ҳолда тузатиш киритилади. Мазкур ҳолда етказиб бериш шартлари контрактда нотўғри қўлланилган.
Агар импорт қилувчи сотувчининг топшириғига кўра тўловни амалга оширган бўлса ва сотувчи унга мазкур суммани компенсация қилса, ушбу харажат божхона қийматига киритилмайди;
б) агар тўловчи – сотувчи ёки сотувчининг ҳисобидан бошқа шахс бўлса, харажат божхона қийматига киритилмайди. Бунда фактура ва божхона қиймати таснифга асосан 2 200 АҚШ долларига тенг бўлади.
Агар инвойсда товарнинг нархи ДАП Тошкент шартларида 2 000 АҚШ доллари миқдорида кўрсатилган бўлса, инвойсга таснифга асосан тузатиш киритилади.
Сизга “Норма” экспертларининг қуйидаги тавсиялари асқотиши мумкин:
Гулнора АБДУНАЗАРОВА тайёрлади