Полезное для бухгалтера в ноябре:
Қандай қилиб онлай-кассани алмаштириш ва фискал модулни сақлаб қолиш мумкин
Материалда:
– онлайн-кассани қандай алмаштириш мумкин → → →
– онлайн-кассани алмаштиришда фискал модулни нима қилиш керак → → →
“Norma” Профессионал ривожланиш маркази томонидан ўтказилган онлайн-кассалар бўйича вебинарда иштирокчилар саволлар беришди:
- Онлайн-НКМни виртуал кассага алмаштириш мумкинми?
- Кассани алмаштиришда фискал модулдан фойдаланишни давом эттириш мумкинми?
Мазкур саволларга “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ жавоб берди.
Сизнинг ҳозирги онлайн-кассангизни онлайн-НКМнинг бошқа моделига ёки виртуал кассанинг версиясига алмаштириш мумкин – қарорни ўзингиз қабул қиласиз .
Умумий тарзда айтганда, бу долзарб масала. Ҳамма онлайн-НКТга ўтган вақтда асосийси ўз муддатида улгуриш бўлган. У пайтда онлайн-НКМ виртуал кассадан нима билан фарқ қилиши ва бир модель бошқасидан нимаси билан яхши эканлигини кўпчилик тушунмаган. Ҳозир эса тадбиркорлар ўз бизнеси учун анча қулай ечимларни излашмоқда. Шуни эътироф этиш лозимки, дастлабки вақтда танлов катта эмасди: онлайн-НКТга ўтиш бошланганда реестрда атиги учта касса бўлган. Бугунги кунда давлат реестрларида 18 та онлайн-НКМ, 22 та виртуал касса, 58 та электрон тўлов тизимлари ва маркетплейслар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири бозорнинг муайян сегментига йўналтирилган.
Мисол учун, дорихоналар биринчилар қатори онлайн-НКТга ўтишган. Дастлабки вақтда улар реестрда мавжуд бўлган бир нечта моделлар ичидан танлашга мажбур бўлишган.Улар орасида фармацевтика фаолиятига йўналтирилганлари бўлмаган, умумий стандарт ечимларга эгалари бўлган. Ҳозир фармацевтика маҳсулотлари билан савдо қилиш учун мўлжалланган махсус кассалар бир неча вариантларда мавжуд. Улар дорихоналар асосан – бу чакана тармоқ эканлиги, катта ассортимент билан ишлашига тўғри келиши, рақамли маркировкалаш жорий этилаётганлиги ва бошқа ўзига хос жиҳатларни ҳисобга олишади. Шу боис кўп дорихоналар кассаларни ўзларига анча қулай бўлган модель ва версияларига алмаштиришган.
Онлайн-кассани қандай алмаштириш мумкин
Кассани алмаштириш учун:
1. Сиз алмаштирмоқчи бўлган онлайн-кассани рўйхатдан чиқариш;
2. Янги онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг версиясини сотиб олиш ва ўрнатиш;
3. Уни солиқ органида ҳисобга қўйиш керак.
Buxgalter PRO тавсиялари сизга барчасини тўғри амалга оширишга ёрдам беради:
- Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқарилади;
- Онлайн-НКТни қандай танлаш ва уни солиқ органида қандай рўйхатдан ўтказиш керак.
Онлайн-кассани алмаштиришда фискал модулни нима қилиш керак
Онлайн-кассани алмаштириш чоғида сиз олдинги фискал модулни сақлаб қолиш ва ундан унинг ресурслари тугагунча фойдаланишга ҳақлисиз. Лекин у қўшимча сарсонгарчиликлар манбаига айланиши мумкин.
Сиз бошқа ТХКМ билан янги онлайн-кассага хизмат кўрсатишга доир шартнома тузасиз
Кўпинча ТХКМ муайян ишлаб чиқарувчининг чекланган доирадаги моделларига хизмат кўрсатади. Сиз ўзингизнинг ТХКМ хизмат кўрсатмайдиган онлайн-НКМнинг янги моделини ёки виртуал кассанинг версиясини сотиб олдингиз, деб фараз қиламиз.
Олдинги фискал модулдан фойдаланиш учун сиз янги ТХКМга мурожаат қилишингиз лозим: улар фискал модулни қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштиришади. Сўнгра ушбу далолатнома билан олдинги ТХКМга ташриф буюриш керак: у ерда далолатномани имзолашади ва муҳр қўйишади, шунингдек фискал модуль беришади. Шундан сўнг ТХКМ ходимлари фискал модулни бир ТХКМдан бошқасига топшириш ва сизнинг кассангизни ишга тушириш ва созлаш ишларини якунлашлари учун сиз яна янги ТХКМга мурожаат қилишингиз керак бўлади.
Сизнинг ТХКМ сизнинг янги моделингиз, онлайн-кассангиз версиясига хизмат кўрсатадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади
ТХКМда ҳамкор ташкилотлар бўлиши мумкин. Одатда, бундай ҳамкор ташкилотлар бир вақтнинг ўзида бир нечта ТХКМ билан ҳамкорлик қилишади – онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг турли моделларига хизмат кўрсатишади.
Агар сизнинг ТХКМ сиз воз кечаётган ҳамда сиз ўрнатаётган кассага хизмат кўрсатиш билан шуғулланса, омадингиз келибди. Бу ҳолда олдинги фискал модулни янги онлайн-касса учун рўйхатдан ўтказиш, ишга тушириш ва созлаш бўйича барча зарур тартиб-таомиллар бир ТХКМ ичида тезроқ бажарилади, яъни сиз қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш учун бир ТХКМдан бошқасига югуришингизга тўғри келмайди.
Эътибор беринг, бевосита онлайн-НКМ ёки виртуал кассани алмаштиришдан олдин бундай “универсал” ТХКМга ўтиш катта маънога эга бўлмайди. Сабаби техник хизмат кўрсатишга доир шартномани қайта тузиш ва фискал модулни бир ТХКМдан бошқасига ўтказишда, ҳатто улар кассаларнинг айни бир моделига хизмат кўрсатиш билан шуғулланишса ҳам, анча сарсон бўлишга тўғри келади.
Фискал модуль билан боғлиқ сарсонгарчиликдан қочиш учун сиз ундан воз кечасиз ва бошқасини оласиз
Ушбу вариант камроқ вақт сарфлашни талаб қилади, лекин пул харажатлари мавжуд.
ТХКМ билан шартномани бекор қилган ҳолда олдинги фискал модулдан воз кечинг ва уни ТХКМга топширинг (Низомнинг 12-б., 23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1-илова). Янги ТХКМ билан шартнома тузишдан олдин фискал маълумотлар операторига янги фискал модуль учун тўловни амалга оширинг. Сизга мазкур фискал модулни янги ТХКМда янги кассани ўрнатиш чоғида беришади.
Эски фискал модулни топшириш ва янгисини ўрнатиш фискал маълумотларнинг сақланиши ва ишлов берилишига ҳеч қандай тарзда таъсир қилмайди. Барча олдинги маълумотлардан my.soliq.uzдаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида фойдаланиш мумкин.
- Вебинарнинг ёзувини кўрган ҳолда сиз онлайн-НКТ билан боғлиқ турли вазиятларни ҳал қилиш ҳақида янада кўпроқ фойдали ахборот олишингиз мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади