Полезное для бухгалтера в декабре:
Солиқ ҳисоботини автоматик тарзда шакллантириш: нимага тайёрланиш керак
2024 йил 1 январдан бошлаб 18.10.2023 йилдаги 548-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низом бўйича солиқ тўловчилар ҚҚС, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ ҳисоботларини автоматик равишда шакллантиришни танлашлари мумкин бўлади.
Ушбу янгилик нималарни ўзгартиришини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Мен бирор бир туб янгиликларни кўрмаяпман. Низомда ҳам солиқ тўловчиларни безовта қилаётган талай саволларга жавобларни топмадим. Низом бирор бир янгилик киритишдан кўра, бир неча йилдан бери ишлаётган регламентни қайд этмоқда. Эҳтимол, солиқчилар ушбу қарорнинг ижроси юзасидан техник ечимларга бирор бир янгиликлар киритишар. Аммо моҳиятига кўра улар ҳеч нарсани жиддий равишда ўзгартирмайди.
Саволнинг тарихига қараймиз. Солиқ органлари томонидан айрим солиқ ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантиришни жорий этиш ҳақида илк бор 07.09.2021 йилдаги ПФ-6307-сон Фармон чиққанидан сўнг гапира бошлашди. Сўнгра Хоразм вилоятида тажриба-синов ўтказилди. Бироқ, унинг расмий натижалари ҳақида ҳеч қандай ахборот йўқ. Эҳтимол, Хоразм вилояти – бу Тошкентдан энг олис жойлашган ҳудудлардан бири бўлгани учундир?
Норматив-ҳуқуқий база шаклланган. 30.12.2022 йилдаги ЎРҚ-812-сон Қонун билан Солиқ кодексининг 81-моддасига қўшимчалар киритилган. Унда пайдо бўлган нормага асосан солиқ тўловчи солиқ ҳисоботини ким шакллантиришини танлашга ҳақли: ўзи мустақил равишда ёки солиқ органлари дастур ёрдамида автоматик тарзда. 18.10.2023 йилдаги 548-сон ВМҚ билан Низом тасдиқланди.
Низом солиқ тўловчилар томонидан бироз ҳаяжон билан қабул қилинди. Назаримда, ҳаяжонга ўрин йўқ. Биз ушбу солиқ ҳисоботларидаги барча катаклар сариқ рангда эканлиги ва ҳисоботни тўлдириш учун очганимизда деярли барча зарур рақамлар солиқ органларининг дастурлари томонидан қўйиб чиқилганига кўникканмиз. Биз қўлда тўлдиришимиз ва Солиқ қўмитаси томонидан йиғилган маълумотларга таъсир қилишимиз мумкин бўлган фақатгина бир нечта катаклар мавжуд. Биз бу билан бир неча йилдан буён ишлаяпмиз.
Нимани кутиш мумкин?
Ҳамма гап буни техник жиҳатдан қандай амалга оширишда. “Розиман” ва “Рози эмасман, ҳисоботни мустақил равишда шакллантираман” тугмалари пайдо бўладими? Солиқ тўловчи томонидан ҳисоботни мустақил равишда шакллантириш чегараси қандай бўлади? Унга барча катакларга аралашиш имконияти бериладими ёки аралашиш ҳажми ҳозир биз эга бўлган даражадан кўп бўлмайдими? Ушбу саволларга ҳозирча жавоб йўқ. Катта эҳтимол билан, янги йилга яқин ёки унинг дастлабки кунларида буларга ойдинлик киритилади.
Яна қизиқарли савол, солиқчилар ҳозирги кунда солиқ тўловчилар қўлда тўлдираётган мовий рангдаги катакларнинг тўлдирилишига қандай ёндашадилар. Уни ҳам автоматлаштиришадими ёки йўқми? Ҳозирча уларни қандай автоматлаштириш мумкинлигини кўрмаяпман – улар учун бухгалтерия ҳисоби маълумотлари, корхонанинг хусусиятларини билиш керак.
Масалан, ҚҚС бўйича ҳисоботда бугун бир нечта мовий рангдаги катаклар қолган, бироқ улар фақат ҳисобга олиш суммасини камайтириш имконини беради. Агар сизда СКнинг 267-моддасига мувофиқ ҳисобга олиш суммасини ошириш ҳуқуқини берадиган ҳолатлар мавжуд бўлса – my3.soliq.uzдаги махсус интерактив хизматдан фойдаланиш лозим. Бундай ёндашув солиқчиларга сиздаги ўзгаришларни назорат қилиш имконини беради.
Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботда ҳам деярли ҳаммаси автоматлаштирилган ва маълумотлар ҳисобварақ-фактуралардан олинади. Бир нечта мовий рангдаги катаклар қолган, уларни солиқ тўловчисиз тўлдиришнинг деярли имкони йўқ – бухгалтерия ҳисоби маълумотлари керак бўлади.
Ер солиғи бўйича ҳисобот шаклида анчадан буён ҳаммаси сариқ рангда. Унинг учун ахборот манбаи – кадастр хизмати маълумотлари. Агар сиз нимадандир рози бўлмасангиз, барча тузатишлар кадастр органи орқали амалга оширилади. Улар ўз маълумотларига ўзгартириш киритганларидан сўнг, ўзгартиришлар сизнинг ҳисоботларингизда акс эттирилади.
2023 йил учун мол-мулк солиғи шакли қандай бўлишини биз кейинроқ биламиз – улар ҳали мавжуд эмас. Аммо 2022 йил амалиётига мурожаат қилсак, шакл максимал даражада автоматлаштирилганлиги ва қийматни белгиланган энг кам ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқишини кўрамиз. My3.soliq.uzдаги махсус интерактив хизмат ёрдамида фақатгина сиз томондан мол-мулк қайта баҳоланган тақдирда маълумотларга таъсир қилишингиз мумкин.
Солиқ органлари солиқ тўловчига шакллантирилган ҳисобот ҳақида қандай хабар беришлари қизиқдир. Шахсий кабинетга хабарномалар биланми? Ёки ҳаммаси ҳозиргидек қоладими: сиз ҳисобот шаклини очасиз ва унда сизнинг иштирокингизни талаб қиладиган айрим жиҳатлардан ташқари деярли барчаси тўлдирилган бўлади?
Хулоса қиламиз
ВМнинг 18.10.2023 йилдаги 548-сон қарори бирор бир янгилик киритмайди. Ҳисоботларнинг сифатини яхшилайдиган қандайдир техник ўзгаришлар бўлади, солиқ тўловчилар эса бир неча йилдан буён ишлаётганлари билан ишлашларига тўғри келади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади