Полезное для бухгалтера в ноябре:
Фискал белгили чек бериш талабини қандай бузмаслик мумкин
“Умумий овқатланиш корхонаси R-keeper дастурини қўллайди. Барча буюртмалар, шу жумладан мижозлар кўплиги туфайли онлайн-НКМ чекини беришга улгурилмаган буюртмалар у орқали ўтади. Шу асосда солиқчилар текширув натижалари бўйича СКнинг 227-1-моддасига асосан 600 млн сўм миқдорида жарима ҳисоблашди.
Солиқчиларнинг қарори қонунийми?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жавоб берди:
– Агар мижозлар билан ҳисоб-китобларда солиқ органлари тизимига интеграция қилинган назорат-касса техникасида урилмаган чеклар берилган ҳоллар аниқланган бўлса, солиқчиларнинг ҳаракатлари қонунийдир. Бундай ҳолат фискал белгиларни акс эттириш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни бузиш деб эътироф этилади. СКнинг 227-1-моддасига мувофиқ бундай ҳуқуқбузарликлар реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима билан жазоланади.
Фискал белгили чек фақат қонун ҳужжатларида талаб қилинганидек ўрнатилган ва ишлайдиган онлайн-НКМ, виртуал кассалар, маркетплейслар томонидан берилиши мумкин.
R-keeper ва онлайн-НКТ билан боғланмаган ҳар қандай бошқа дастур фискал белгили касса чекини бериши мумкин эмас. Яъни, мазкур ҳолда ҳисобга олиш дастури орқали ўтган суммалар солиқ органларининг ахборот тизимларига кўринмайди ва ҚҚС (ёки айланмадан олинадиган солиқ) бўйича солиқ ҳисоботини тузишда ҳисобга олинмаслиги эҳтимоли бўлади. Демак, улардан солиқ тўланмайди.
Бунда ҳисобга олиш дастури – харидор билан ҳисоб-китоб қилиш ҳолати бўйича онлайн-НКМнинг тўлақонли чеки шакллантириладиган тарзда онлайн-НКТ билан бирга ишлаши мумкин. Бу ҳолда онлайн-НКМни қўллашда ҳуқуқбузарликлар бўлмайди.
Шуни айтиш лозимки, ҳозир ҳисобга олиш дастурлари ва назорат-касса техникасини ишлаб чиқувчилар фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида онлайн-НКТ ҳисобга олиш дастури билан бирга ишлаши учун талай ечимларни таклиф қилишмоқда. Фойдаланаётган дастурингизни сиз фойдаланаётган онлайн-НКТ билан интеграция қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини ушбу техника ишлаб чиқарувчилари ва сервис-марказларида аниқлаштириб оласиз.
Бундан ташқари, шуни ёдда тутиш лозимки, агар хизматлар ёки чакана савдо соҳаси субъектлари харидорларга НКТ чекини беришмаса, бу ҳолда СКнинг 221-моддасига биноан 5 млн сўм миқдорида молиявий санкция қўлланиши назарда тутилган.
Касса қурилмаларини қўллаш ва қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишнинг амалий ўзига хос жиҳатлари Buxgalter Pro тавсияларида ёритиб берилган: