Ижарага берувчилар учун ЭҲФ тизимидаги янгиликларни жорий қилиш тўхтатилди

preview

Автотранспорт воситалари, турар-жой ва нотурар жой биноларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун аввалроқ жорий қилинган ҳисобварақ-фактураларга ўзгартиришлар бекор қилинди. Бугун тушдан кейин электрон ҳисобварақ-фактура ҳамда E-ijara тизимлари янгиликлардан олдин қандай ишлаган бўлса, аввалгидек ишлай бошлади.

 

Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

«Yangi texnologiyalar» илмий-ахборот марказида buxgalter.uz сайтига янгиликлар бекор қилинганлигини тасдиқлашди. Ўзгаришлар жорий қилиниши ва унинг муддати ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Шуни таъкидлаш керакки, аввал жорий қилинаётган ўзгаришлар ҳақида янги қоидаларга мувофиқ ишлай бошлаган электрон ҳисобварақ-фактура тизимидаги ўзгаришлар ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура операторларининг билдиришномаларидан маълум бўлган эди.

Электрон ҳисобварақ-фактуралар операторларининг тушунтиришларидан қуйидагилар келиб чиқди:  «1070100101000000  ёки 10701001004000000 МХИКдан фойдаланганда, харидорнинг СТИРи киритилгандан кейин ID ижарани танлаш учун қўшимча майдонлар автоматик тарзда пайдо бўлади. Шартнома асосида ID ижарани танлашда ijara.soliq.uz сайтидаги маълумотлар асосида «Рақам» ва «Шартнома санаси» майдонлари автоматик равишда тўлдирилади. «дан» ва «гача» майдонларида ЭҲФ тақдим қилинган давр кўрсатилиши зарур».

Бироқ электрон ҳисобварақ-фактура тизимида жорий қилинаётган ўзгаришлар бир қатор ҳаётий вазиятларни ҳисобга олмаган, бу ҳақда турли ташкилот бухгалтерларининг хабарлари гувоҳлик берган эди:

1. «Ўз хизматларимиз реализациясига 2024 йил февраль ойи учун «Транспорт воситаларини ижарага бериш хизматлари» 10701001010000000 МХИК бўйича ЭҲФни юбора олмаяпмиз», чунки  фикримизча, бизнинг ҳолатимиз янги тизимда назарда тутилмаган. 

Биз машинани лизинг шартномаси бўйича олдик, ДЙҲХХда техник паспорт лизинг берувчи номига расмийлаштирилган. Лизинг олувчи лизинг берувчининг розилиги билан ушбу автомашинани нотариал тасдиқланган ижара шартномаси бўйича юридик шахсга ижарага берди.

Ҳозирда биз ҳисобварақ-фактурада ID ижарани кўрсата олмаяпмиз, тегишинча ҳисобварақ-фактурани тақдим қила олмаймиз. ID кўриниши учун автомашинани ijara.soliq.uz сайтида рўйхатдан ўтказиш керак. Бизнинг ижара шартномамиз уни нотариал тасдиқлаш мажбурий бўлган вақтларда тузилган!

Шунингдек, E-ijara тизимида автомашина субижарага берилганлигини акс эттиришнинг иложи йўқ».

2. «Е-ижара тизимида минимал ставкадан кам бўлган шартномани рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўқ, аммо минимал қийматдан кам топшириш ҳуқуқи мавжуд. Шартномалар нотариал тасдиқланган. Ҳисобварақ-фактура бусиз юборилмаяпти»;

3. «Мен техник жиҳатдан е-ижара тизимида жисмоний шахсга у директор бўлгани учун шартнома тақдим қила олмаяпман. Ёзишича, ўзимга ўзим  автомашинани ижарага топшира олмас эканман, директорнинг ЖШШДСи қандайдир йўл билан фирмага боғланган бўлса керак».

4. «Менда чет эллик туристларга каршеринг ва субижара билан боғлиқ муаммо бор. Уларда ЖШШДС йўқ ва улар билан шартномани E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказишнинг имкони йўқ».

Бухгалтерлар янгиликлар қайта жорий қилинган тақдирда тизим такомиллаштирилиши ҳамда Солиқ қўмитаси барча мумкин бўлган вазиятларда янгиликлар шартида ишлаш бўйича батафсил тушунтиришлар беради деган умиддалар.

«Yangi texnologiyalar» илмий-ахборот марказида барча ўзгаришлар тўғрисида қўшимча хабар қилинишини, шунингдек солиқ тўловчиларда юзага келадиган барча масалалар бўйича қўшимча тушунтиришлар берилишини айтишди.

 

 

 

 

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /ru/publish/doc/text197379_ijaraga_beruvchilar_uchun_ehf_tizimidagi_yangiliklarni_joriy_qilish_tuhtatildi