Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилинишига қандай тайёрланиш керак
2024 йил 1 апрелдан бошлаб илгари ҚҚС солинмаган ёки ноль даражали ставка бўйича солиқ солинган айрим товарларни реализация қилишдан 12% ставка бўйича ҚҚС тўланади. Бухгалтер нималарга эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz фойдаланувчилари учун гапириб берди:
– 2024 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидагилардан 12% ставка бўйича ҚҚС тўланади :
1. Қуйидагиларни реализация қилишга доир айланмадан:
- тиббий хизматлар;
- ветеринария хизматлари;
- дори воситалари;
- ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар;
2. Қуйидагиларни импорт қилишдан:
- дори воситалари;
- ветеринария дори воситалари;
- тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар;
- илгари қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган рўйхатга асосан ҚҚСдан озод қилинган фармацевтика хом ашёси;
3. Аҳолига қуйидагилар бўйича кўрсатиладиган хизматларни реализация қилишга доир айланмадан:
- сув таъминоти;
- канализация;
- санитария жиҳатдан тозалаш;
- иссиқлик таъминоти.
Ушбу ўзгартиришлар якуний истеъмолчи учун нархлар ўсишига олиб келади. Тўғри, барча ҳолатларда ҳам нархлар 12%га ўсмайди. Дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом ва Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг меъёрларига риоя қилиш муҳимдир. Ва, албатта, бозор ҳал қилувчи омил бўлади. Ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва чакана тармоқ қиммат турадиган ва сотилиши қийин бўлган дори воситалари ва тиббиёт буюмларига савдо устамасини қисқартиришларига тўғри келади, бу эса мижозлар учун ушбу дори воситаларининг нархи 12%дан камроқ ошишини билдиради.
Солиқ маъмуриятчилигида нималар ўзгаради
Солиқ қўмитаси ушбу товарлар ва хизматлар учун МХИК ўзгаришсиз қолиши ҳақида хабар берди. 1 апрелдан бошлаб ушбу МХИК билан кўрсатиладиган барча товарларга автоматик тарзда 12% ставка бўйича ҚҚС солинади.
Ҳисобварақ-фактураларда тегишли МХИК кўрсатилганда энди “имтиёз” устуни тўлдирилмасдан қолдирилади, ҚҚС ставкаси устунида эса автоматик тарзда 12% акс эттирилади, тегишинча ушбу кўрсаткичларга боғлиқ бошқа устунлар тўлдирилади.
Чекларда ҳозиргидек “ҚҚСсиз” ёки “0%” эмас, балки 12% ҚҚС ставкаси акс эттирилиши учун онлайн-НКТ созламасига ўзгартиришлар киритилиши лозим. Буни қандай амалга ошириш юзасидан маслаҳат учун ўз ТХКМга мурожаат қилинг.
1 апрелдан бошлаб товарлар ва хизматларнинг юқорида айтиб ўтилган позициялари my3.soliq.uzдаги шахсий кабинетларнинг “Онлайн-назорат-касса техникасига доир ахборот” интерактив хизматининг “МХИК имтиёзи” қўшимча саҳифасидаги ҳисоботлардан чиқарилади.
Ушбу товарларни сотиш тўғрисидаги ахборот ҚҚС ҳисоб-китобига 2-“Солиқ даврида қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган ва ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмалари” иловадан чиқарилади. Бюджетга тўланадиган солиқ суммаси ошади.
- Товар ва хизматлар реализация қилинганда ҚҚС қандай ҳисобланади;
- ҚҚС бўйича солиқ базасига қачон тузатиш киритиш мумкин;
- Товарлар импортида ҚҚС;
- Солиқ солинадиган ва озод этилган айланма мавжуд бўлганда ҚҚС қандай ҳисобга олинади;
- Ҳисобга олиш учун қабул қилинган ҚҚСга қандай қилиб тузатиш киритиш мумкин;
- Имтиёз бекор қилинганда ҳисобга олинган ҚҚСга қандай тузатиш киритилиши керак.