Фойда солиғини ким тўлайди

01.01.2026
author avatar

Иродахон АББОСХОНОВА

солиқ маслаҳатчиси
author avatar

Наталья МЕМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– фойда солиғи тўловчилари;
– фойда солиғини танлов ҳуқуқисиз тўлаш;
– корхонада танлов бўлганда;
– фойда солиғи:
 нотижорат ташкилотларида;
 қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларида;
 норезидентларда;
 тўлов манбаида.

 

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган:

Кимлар фойда солиғини тўловчилар ҳисобланади 

Фойда солиғини қуйидагилар тўлайди :

  • муайян шартларга жавоб берувчи Ўзбекистон солиқ резидентлари бўлган юридик шахслар;
  • Ўзбекистондаги фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга оширадиган норезидентлар; 
  • Ўзбекистондаги манбалардан даромад олувчи норезидент юридик шахслар;
  • солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчилари бўлган юридик шахслар;
  • муайян шартларга жавоб берувчи якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича оддий ширкатнинг ишончли шахси;
  • агент функцияларини бажарувчи жисмоний шахслар.

Хўжалик юритувчи субъект қандай шартларда фойда солиғини тўлаши керак 

Хўжалик юритувчи субъектининг (Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) фойда солиғини тўлаш мажбурияти қуйидаги ҳолларда юзага келади:

1) унинг жами даромади 1 млрд сўмдан ошса. Даромад йил бошидан ўсиб борувчи якун билан аниқланади (янги ташкил этилган корхоналар учун – фаолияти бошланган кундан). Агар 1 млрд сўмлик миқдордан ўтилса, ушбу миқдорга етган кундан эътиборан хўжалик юритувчи субъект фойда солиғи тўловчисига айланади .

2) жами даромадининг ҳажмидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъект :

  • товарларни импорт қилса;
  • акцизли товарларни ишлаб чиқарса   ;
  • фойдали қазилмаларни қазиб чиқарса;
  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси, башарти унда 25 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса;
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилса;
  • лотереяларни ташкил этса;
  • оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолияти бўйича – ишончли шахс;
  • қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича хулоса киритилганда;
  • марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектлар (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қурилишини олиб борса;
  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчаларига эга бўлса;
  • бозор ёки савдо мажмуаси;
  • солиқ маслаҳатчиларининг ташкилоти;
  • аудиторлик ташкилоти;
  • нотижорат ташкилоти, шу жумладан бюджет ташкилоти.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб даромадлари миқдоридан қатъи назар, дори воситалари, тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланувчи ва (ёки) тиббий хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилари деб эътироф этилади  

2026 йил 1 январдан бошлаб заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва (ёки) уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадидан қатъи назар, ҚҚС ва фойда солиғи тўловчилар деб эътироф этилади  .

Вазият
Фойда солиғини тўлаш мажбурияти йил давомида вужудга келади

Жорий йилнинг январь–март ойлари учун корхона жами даромадининг ҳажми 900 млн сўмни ташкил қилди, 12 апрелдан эса 1 млрд сўмдан ошди.

Фойда солиғини қачон тўлашни бошлаш керак?

– Корхонанинг ялпи даромади 12 апрелдан 1 млрд сўмдан ошганлиги сабабли, айнан ушбу санадан бошлаб у фойда солиғини тўлашни бошлайди. Ушбу санага қадар солиқлар қайта ҳисоб-китоб қилинмайди

Жами даромади 1 млрд сўмдан ошмаган янги ташкил қилинган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун йил бошидан ҚҚС ва фойда солиғига мажбурий ўтишнинг ўзига хос жиҳати мавжуд .

Фаолиятингиз биринчи (тўлиқ бўлмаган) йили якуни бўйича қуйидаги шартни текшириб кўринг:

Фаолиятнинг тўлиқ бўлмаган йили учун товар (хизмат)ларни реализация қилишдан олинган даромад суммаси >
(1 млрд сўм : 365 х рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сони).

Башарти ушбу шарт бажарилаётган бўлса, рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилнинг бошидан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишингиз керак.

Вазият
Фойда солиғини тўлаш мажбурияти янги ташкил этилган корхонада йил якунлари бўйича юзага келмоқда
Корхона айланмадан олинадиган солиқ тўлашни танлаб, 1 мартда рўйхатдан ўтди. Корхонанинг тўлиқ бўлмаган йил учун жами даромади 850 млн сўмни ташкил қилди.
Шу йили ишланган кунлар сони – 306.
Корхона фойда солиғини тўлашга ўтиши лозимми?
– Шартни текширамиз:
1 млрд сўм : 365 х 306 = 838,4 млн сўм.
850 млн сўм > 838,4 млн сўм.
Шарт бажарилмоқда, шу сабабли корхона кейинги йилдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиши шарт.
Эътибор беринг
Воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар, шунингдек телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун 1 млрд сўмлик чегара реализация қилиш бўйича умумий айланма (битим суммаси)га нисбатан қўлланилади .
Вазият
Воситачилик корхонасида фойда солиғини тўлаш мажбурияти юзага келмоқда
Воситачи корхонанинг январь–март ойлари учун реализация бўйича умумий айланмаси 900 млн сўмни, воситачилик ҳақи – 45 млн сўмни ташкил қилди.

24 апрелда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 1 млрд сўм ва 60 млн сўмдан ошди.

Корхона фойда солиғини тўлашга ўтиши лозимми?

Корхонанинг даромад суммаси (60 млн сўм) белгиланган чегарадан узоқ бўлишига қарамасдан, корхона 24 апрелдан бошлаб фойда солиғини тўлайди. Сабаб – реализация бўйича умумий айланма ҳажмининг белгиланган 1 млрд сўмлик чегарадан ошиши.

Фойда солиғини тўлашга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун ҳам юридик шахслар учун белгиланган чегара, яъни 1 млрд сўм ўрнатилган.

Корхона фойда солиғини қандай шартлар асосида тўлашни танлашга ҳақли

Хўжалик юритувчи субъект ихтиёрий равишда фойда солиғини тўлашни қуйидаги ҳолларда танлаши мумкин:

  • рўйхатдан ўтаётганда;
  •  жами даромади 1 млрд сўмдан ошмагунига қадар айланмадан олинадиган солиқни тўлаётган бўлса.
Эътибор беринг
Фойда солиғи тўловчилари, шунингдек мажбурий равишда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни ҳам тўлайди.

Тавсия этамиз

Корхонани рўйхатдан ўтказаётганда ҚҚС ва фойда солиғи тўланишини қуйидаги ҳолларда танланг:

  • етказиб берувчилар ва харидорларингизнинг кўпчилиги ҚҚС тўловчиси бўлса;
  • фаолиятингиз ноль даражали ёки пасайтирилган фойда солиғи ставкасини қўллаш имконини берса;
  • тегишли ҳисоб-китоблар бундай қарорнинг фойдали эканлигини кўрсатса.

Ушбу ҳолда сиз:

  • етказиб берувчилар томонидан сизга тақдим этилган ҚҚСни ҳисобга олишингиз (ҳисобга олиш қоидаларига риоя қилган ҳолда) ҳамда бюджетга тўланадиган ҚҚСни ушбу суммага камайтиришингиз;
  • фойда солиғини тўламаслигингиз ёки уни пасайтирилган ставкада тўлашингиз мумкин.
Вазият
Янги юридик шахс учун солиқ солиш тизимини танлайди 

Янги ташкил этилган юридик шахс ҚҚС ва фойда солиғини тўламоқчи. 

Бунинг учун нима қилиш керак? 

– Янги юридик шахс рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлаши учун юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишга аризани расмийлаштираётганда «Солиқ солиш тизими»нинг 1.20-бандида ҚҚС ва фойда солиғи тўланишини танланг. Лекин ҳаттоки агар рўйхатдан ўтаётганда бундай қилмасангиз, автоматик равишда ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланасиз.

Фаолият кўрсатаётган корхона – айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси унинг жами даромади календарь йил ичида 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса ҳам ихтиёрий равишда фойда солиғини тўлашни танлашга ҳақли .

Бу солиқларни тўлашга ўтиш учун солиқ органига ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш ва бир вақтнинг ўзида айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан воз кечиш учун ўтиш ойи бошланишига 7 иш куни қолганида ариза тақдим этинг . Шунда ариза тақдим этилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланасиз .

Вазият
Корхона айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади 

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган корхонанинг 2026 йилнинг I чорагидаги хўжалик фаолиятининг таҳлили унга ҚҚС ва фойда солиғини тўлаш фойдали эканлигини кўрсатди. ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш ва айланмадан олинадиган солиқдан воз кечиш ҳақидаги ариза 19 мартда тақдим этилди.

 Қачон корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашни бошлайди?

 – 2026 йил 1 апрелдан бошлаб корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашни бошлайди.

Товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошган, лекин 1 млрд сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай солиқларни: айланмадан олинадиган солиқни ёки ҚҚС ва фойда солиғини тўлашни танлашга ҳақли .

Солиқларни танлаш учун ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахс ўтиш ойи бошланишига 7 кун қолганда солиқ бўйича ҳисобга олинган жой бўйича хабарнома жўнатади .

Нотижорат ташкилотлари фойда солиғини қачон тўлайди

Нотижорат ташкилотлари мақсади даромад олиш эмас . Бироқ, қонунчиликда уларнинг тижорат фаолияти билан шуғулланиши тақиқланмайди.

Қуйидагиларга солиқ солинмайди :

  • таъминоти ва устав фаолиятини амалга ошириш учун мақсадли тушумларга;
  • курсдаги ижобий фарқ суммасининг курсдаги салбий фарқ суммасидан ортиқ қисмига;
  • аҳолининг диний мақсадда фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни реализация қилишдан олинган даромадга.

Нотижорат ташкилотларнинг бошқа барча даромадларига солиқ солинади.

2022 йилдан бошлаб улар ҚҚС ва фойда солиғини танлов ҳуқуқисиз тўлайди .

Янги ташкил қилинаётган нотижорат ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилган санадан, бюджет ташкилотлари эса ташкил топган санадан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади

Вазият
Нотижорат ташкилоти тижорат фаолиятидан даромад олади
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ёш тадбиркорларга уларнинг устав фаолияти доирасида бизнесни йўлга қўйиш борасида юридик ва таълим соҳасида ёрдам кўрсатади. Ушбу фаолият жамғарма аъзоларининг мажбурий бадаллари ва бошқа шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига молиялаштирилади.

Бундан ташқари жамғарма консалтинг хизматларини кўрсатишга шартномалар тузади.

Ушбу хизматларга фойда солиғи солинадими?

– Консалтинг хизматларини кўрсатишга оид шартномалар бўйича тижорат фаолиятидан олинадиган фойдага фойда солиғи солинади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар фойда солиғини қачон тўлайди

Сизнинг корхонангиз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, агарда :

  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарса ва бирламчи қайта ишласа;
  • ушбу фаолиятдан олинган даромад жами даромаднинг камида 80%ини ташкил этса;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ер участкаларига эга бўлса.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси фойда солиғини қуйидаги ҳолларда тўлайди:

  • 25 гектардан кам суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдонига эга бўлса ва йил учун 1 млрд сўмгача жами даромад олса – ихтиёрий равишда ;
  • 25 гектардан кам суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдонига, бироқ йил учун 1 млрд сўмдан ортиқ жами даромадга эга бўлса – жами даромади ушбу миқдорга етган кундан эътиборан, мажбурий тартибда ;
  • 25 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдонига эга бўлса, кўрсатиб ўтилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни ёки унинг майдони ўзгарганини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган санадан бошлаб, мажбурий тартибда  .
Вазият
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси фойда солиғини тўлаши шарт
25 гектардан кам суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдонига эга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси бўлган корхона ҳисобот йилининг январь–март ойлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан (800 млн сўм) ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари улгуржи савдосидан (100 млн сўм) тушумга эга.
Корхона фойда солиғини тўлаши шартми?

– Жами даромад 10 апрель куни 1 млрд сўмдан ошди, шу сабабли ушбу санадан бошлаб корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Бунда ушбу санага қадар айланмадан олинадиган солиқ қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

Вазият
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси танлов ҳуқуқисиз ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди
25 гектардан кам суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдонига эга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси узум етиштиради. Унинг бир қисмини сотиб, қолган қисмидан вино ишлаб чиқаришда хом-ашё сифатида фойдаланади.
Ушбу корхона айланмадан олинадиган солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқига эгами?
– Йўқ, корхона акцизли маҳсулот бўлган вино ишлаб чиқарувчиси ҳисобланиши боис ҚҚС ва фойда солиғини танлов ҳуқуқисиз тўлайди .

Ўзбекистон норезидентлари фойда солиғини қандай тўлайди 

Ўзбекистонда доимий муассаса (ДМ) орқали амал қилувчи норезидентлар фойда солиғини тўлаши шарт . ДМнинг рўйхатдан ўтказилиши норезидентнинг Ўзбекистондаги солиқ мақоми расмий тан олинишини англатади.

Хорижий юридик шахс Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятини қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой унинг Ўзбекистондаги доимий муассасаси (ДМ) деб эътироф этилади . Офис, хоналар, фабрика, цех, лаборатория, ишлаб чиқариш амалга ошириладиган жойлар ёки ҳатто савдо шохобчаси сифатида фойдаланиладиган омборхона ҳам шундай жой бўлиши мумкин.

Шунингдек, фаолият кетма-кет давом этадиган 12 ойлик давр мобайнида 183 кундан ортиқ давом этиш шарти билан қуйидагилар ДМ деб тан олинади:

  • қурилиш майдонлари, монтаж ёки йиғиш цехи ва улар билан боғлиқ бўлган кузатув фаолияти;
  • хорижий юридик шахс ёки унинг хизматчилари ёхуд ёлланган ходимлари томонидан хизматларнинг кўрсатилиши.
Эътибор беринг

Фаолиятнинг барча турлари ҳам ДМнинг ташкил қилинишига олиб келмайди. Мисол учун, объектдан хорижий юридик шахснинг товарларини сақлаш ва намойиш этиш мақсадидагина фойдаланилса, у ДМ ҳисобланмайди.

Ўзбекистон халқаро шартномаси билан ДМ ташкил қилинишининг бошқа шартлари назарда тутилиши мумкин. Бу қоидалар Солиқ кодексининг қоидаларига нисбатан устун ҳисобланади  .

Ўзбекистондаги фаолият бошлангандан кейинги 183 календарь кундан кечиктирмай фаолият амалга оширилаётган жойдаги солиқ органларига солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилишингиз ҳақида ариза юборинг.

Агар шартнома 183 календарь кундан ортиқ муддатга тузилган бўлса, ДМнинг фаолияти бошланган санадан эътиборан 30 календарь кундан кечиктирмай рўйхатдан ўтказинг.

Фаолиятнинг жами муддати 183 календарь кундан ортиқ ташкил этадиган бир нечта шартнома тузилаётган бўлса, солиқ инспекциясига аризани фаолият бошланган ёхуд биринчи шартнома тузилган санадан 30 календарь кундан кечиктирмасдан тақдим этинг.

Аризага қўшиб қуйидагиларни тақдим этинг :

  • хорижий компания давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжат;
  • махсус рухсат берувчи ҳужжатлар ёки лицензиялар (мавжуд бўлганда);
  • Ўзбекистон норезиденти бўлган юридик шахс номидан Ўзбекистонда ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат (улар мавжуд бўлса);
  • ижро этилиши ДМ ташкил этилишига олиб келадиган шартнома (мавжуд бўлса).

Бу ҳужжатларнинг асл нусхасини ёхуд ўзбек тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаларини илова қилинг.

Ҳисобга қўйиш ҳақидаги ариза ҳамда унга илова қилинган ҳужжатлар асосида солиқ органи :

  • норезидентга солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)ни беради;
  • Ўзбекистондаги солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига ҳисоб маълумотларини киритади;
  • ариза топширилган санадан 3 иш кундан кечиктирмай ҳисобга қўйилганлик ҳақидаги маълумотномани тақдим этади. 

Норезидент фаолиятини Ўзбекистоннинг турли минтақаларида амалга оширадиган бўлса, ДМни ҳар бир минтақада рўйхатдан ўтказиши керак бўлади .

Эътибор беринг
Солиқ органларида ҳисобга қўйилишдан бўйин товлаганлик учун бундай фаолиятни амалга ошириш бошлангандан ҳақиқатда ҳисобга қўйилган санагача бўлган даврда олинган даромаддан 10% миқдорида, бироқ 10 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима назарда тутилган .

ДМ рўйхатдан ўтказилмагунча норезидент даромадларидан солиқни буюртмачи – даромад тўлаш манбаи ушлаб қолади. Бунда у солиқни фойдадан эмас, балки барча даромадингиздан ва бошқа ставкаларда ушлаб қолади.

ДМни рўйхатдан ўтказганингиздан кейин тўлов манбаида тўланган солиқни норезидентнинг солиқ мажбуриятларини сўндириш ҳисобига ҳисобга оласиз .

Буюртмачи норезидентдан ортиқча солиқларни ушлаб қолмаслиги учун ДМни рўйхатдан ўтказган заҳотингиз буюртмачига ДМ сифатида рўйхатда туришингиз ҳақида маълумотнома тақдим этинг. Маълумотнома солиқ органи томонидан тасдиқланган бўлиши керак .

Тавсия этамиз

Агар Ўзбекистондаги фаолият 183 кундан ортиқ давом этса, иккиёқлама солиқ солишга йўл қўймаслик ҳамда фойда солиғи тўғри ҳисобланиши мақсадида ДМни ушбу муддат ўтишини кутмасдан рўйхатдан ўтказинг.

Бундай рўйхатдан ўтказишнинг заруратини аниқлаш мақсадида норезидент билан ваколатли шахс ёки буюртмачи ўртасида тузилган шартнома муддатларига қаранг. Агар бу муддат 183 кундан ошса, ДМни рўйхатдан ўтказишингиз мумкин.

Рўйхатдан ўтган заҳотингиз буюртмачига солиқ органларида тасдиқланган ДМ сифатида ҳисобга олингани ҳақида маълумотномани тақдим этинг. Унинг асосида буюртмачи даромадни тўлаётганда солиқ ушлаб қолмайди.

Эътибор беринг
ДМ орқали амал қилаётган норезидент тасарруфида фойда солиғи тўлангандан кейин қолаётган соф фойда дивидендларга тенглаштирилади. Унга 10% ставка бўйича солиқ солинади .
Мисол
Норезидент даромадидан тўлов манбаида ушлаб қолинган солиқ қандай ҳисобга олинади
Норезидент компания Ўзбекистонда ишга тушириш-созлаш ишларини амалга оширади.
Шартнома бўйича ишларни амалга ошириш муддати – январь–октябрь ойлари. Ишлар қиймати – 100 000 АҚШ доллари (ҚҚСни ҳисобга олмасдан).
Январь ойида 10 000 долларга тенг ишлар бажарилди.
ДМ февралда рўйхатдан ўтказилганлиги боис буюртмачи 10 000 доллардан 20% (2 000 доллар) ушлаб қолиб, бюджетга ўтказди.
Шартномани бажариш якунлари бўйича норезидент фойдаси 20 000 АҚШ долларини ташкил қилди.
Фойда солиғи 3 000 долларга (20 000 х 15%) тенг.
Норезидент дивидендларидан (соф фойдасидан) олинадиган солиқ: (20 000 – 3 000) х 10% = 1 700 доллар).
Норезидент бюджетга 2 700 АҚШ доллари (3 000 + 1 700 – 2 000) тўлаши керак.
Эътибор беринг
ДМ орқали фаолият юритувчи норезидент Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига асосан дивиденд кўринишидаги даромадлари бўйича пасайтирилган ставкаларни қўллашга ҳақли. Агар ушбу шартнома билан бир нечта пасайтирилган ставкалар назарда тутилган бўлса уларнинг энг ками қўлланилади .
Маълумот учун
  • Норезидентнинг доимий муассасаси фойда солиғини қандай тўлаши кераклиги ҳақида тавсияда ўқинг.

Қандай ҳолларда юридик шахс солиқ агенти ҳисобланади

Бу ерда сўз корхонанинг фойдаси ҳақида эмас, балки бошқаларга тўлайдиган даромади ҳақида кетади. Шу муносабат билан корхона ушбу даромаддан солиқ ушлаб, бюджетга ўтказиши, яъни солиқ агенти вазифасини бажариши керак.

Юридик шахснинг бундай мажбурияти қуйидагиларни тўлаш пайтида юзага келиши мумкин:

  • Ўзбекистондаги фаолиятини ДМни ташкил қилмасдан амалга оширувчи норезидентларга даромад тўлаётганда;
  • дивидендларни;
  • Ўзбекистон норезидентларига тўланадиган фоизларни;
  • депозитларда маблағларни жойлаштиришдан бюджет ва нотижорат ташкилотларига тўланадиган фоизларни.

Бу даромадларни тўлаётганда ташкилотингиз тўлов манбаи сифатида улардан солиқ ушлаб қолиб, бюджетга тўлаши керак. Буни айланмадан олинадиган солиқ тўлаётган бўлсангиз ҳам қилишингиз керак.

Вазият
Корхона норезидент даромадидан солиқ ушлаб қолади 

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона ускунани монтаж қилиш хизматлари учун норезидентга даромад тўлайди. Норезидент Ўзбекистонда ДМни рўйхатдан ўтказмаган.

Корхона норезидент даромадидан солиқни ушлаб қолиши лозимми?

– Корхона норезидентга даромадни 20% ставка бўйича солиқ ушлаб қолиб, кейин тўлайди.
Эътибор беринг
Даромад олувчи шахс солиқ тўловчи ҳисобланишига қарамай, солиқни ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиш жавобгарлиги ташкилотингиз зиммасида бўлади.

Агар даромад олувчидан солиқни ушлаб қолмасангиз, солиқни ҳамда, тўлов ўтказиб юборилган бутун муддат учун пеняни ўз ҳисобингиздан тўлашингизга тўғри келади .

Солиқ суммаси норезидентга даромадни тўлаш санасидаги МБ курси бўйича миллий валютада ҳисобланади ва тўланади .

Агар сиз норезидентдан унинг ДМ сифатида рўйхатдан ўтганлиги ҳақида солиқ органларида тасдиқланган маълумотномани олган бўлсангиз, ташкилотингиз норезидент даромадларидан солиқни ушлаб қолмайди, балки маблағларни тўлиқ миқдорда ҳисоблаб ўтказади.

Ўзбекистон билан хорижий тузилма резиденти ҳисобланган давлат ўртасида халқаро шартнома тузилган бўлиши ҳамда унинг қоидаларида даромадларни солиқдан озод этиш ёки уларга пасайтирилган ставка қўллаш назарда тутилган бўлиши мумкин. Ундаги қоидаларни қўллаш учун норезидент (ДМни ташкил этмаган) даромад тўланишидан кечиктирмасдан бошқа мамлакатдаги солиқ резидентлигининг тасдиғини тақдим этиши керак .

Ўз таъсисчиларингизга – резидент ёки норезидентларга дивиденд тўлаётганда ҳам ташкилотингиз ундан солиқни ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади . Солиқ агенти сифатида бу ташкилотингизнинг вазифасига киради.

Дивидендлар қуйидаги кўринишда бўлиши мумкин :

  • корхона фойдасини тақсимлаш чоғида тўланадиган ҳар қандай даромад;
  • корхонани тугатиш чоғида устав капиталидаги улуш миқдоридан кўп бўлган қисми бўйича пул ёки натура шаклидаги тўловлар;
  • чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчига улуши қисмининг ҳақиқий қийматини устав капиталидаги улуши миқдоридан кўп бўлган қисми бўйича тўловлар;
  • корхонанинг устав капитали хусусий капитали (мол-мулки) ҳисобига ошган тақдирда, қўшимча акциялар қиймати (улуш номинал қийматининг ошиши);
  • хусусий корхона мулкдорига, оилавий корхона иштирокчисига ёки фермер хўжалиги бошлиғига корхона тасарруфида қолган фойда суммасидан тўланадиган даромадлар.

Кўриб турганимиздек, дивиденд тўлаш деганда ҳар доим ҳам таъсисчиларга тўланадиган пул маблағлари тушунилмайди. Аммо, барча ҳолларда ташкилотингиз:

  • резидентлардан – 5% ставкада  ;
  • норезидентлардан – Ўзбекистоннинг иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ҳақидаги халқаро шартномасининг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда 10% ставкада солиқ ушлаб қолиши шарт  .
Эътибор беринг

2022 йил 1 апрелдан 2028 йил 31 декабрга қадар қуйидагиларнинг акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари :

  • резидент ва норезидент жисмоний шахсларнинг – солиқ солишдан озод қилинади;
  • норезидент юридик шахсларнинг даромадларига 5% ставка бўйича солиқ солинади.

2025 йил 1 февралдан 2040 йил 1 январга қадар IТ-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари дивиденд тарзидаги даромадлари бўйича 5% ставка бўйича солиқ тўлайдилар. Имтиёзни қўллаш шарти – IТ-парк резидентининг жами даромади таркибидаги экспорт ҳажми 50% дан ошиши керак .

Вазият
Устав фондининг кўпайишига йўналтирилган дивидендлардан солиқ ушлаб қолинади 

Корхона таъсисчилари тақсимланмаган фойданинг бир қисмини устав фондини кўпайтиришга йўналтиришга қарор қилдилар.

Фойданинг ушбу қисмидан солиқ ушлаб қолиниши лозимми?

– Ушбу ҳолатда муассислар жисмоний жиҳатдан ҳеч нарсага эга бўлмайдилар, бироқ бу қарорлари билан бошланғич капиталларини тақсимланмаган фойданинг бир қисмига кўпайтирадилар. Устав фондини кўпайтиришга йўналтирилган сумма – бу солиқ ушлаш керак бўлган дивидендлардир.

Фоизлар – бу ҳар қандай турдаги қарз мажбуриятлари, шу жумладан пул омонатлари бўйича олинган илгари билдирилган (белгиланган) ҳар қандай даромад .

Мисол учун, корхонангиз йиллик 18% шарт билан бошқа корхонадан қарз олди. Фоизлар – бу қарздор корхонангиз қарз берувчи корхонанинг пулларидан фойдалангани учун унга тўлайдиган даромаддир.

Қарзга ёки вақтинчалик фойдаланишга нафақат пул, балки ҳар қандай бошқа мол-мулк ҳам берилиши мумкин.

Қуйидагиларга фоиз тўлаётганда солиқ ушлаб қолишингиз керак бўлади:

  • Ўзбекистон норезидентларига (халқаро шартномалар қоидаларини ҳисобга олган ҳолда) – 10% ставка
    бўйича ;
  • депозитларда маблағларини жойлаштирганлари учун нотижорат ва бюджет ташкилотларига – 15% ставка
    бўйича .
Эътибор беринг
2022 йил 1 апрелдан 2028 йил 31 декабрга қадар резидент ва норезидент жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар кўринишидаги даромадлари солиқ солишдан озод қилинади .
Мисол
Депозитларда маблағларини жойлаштиришидан нотижорат ташкилотига тўланадиган фоизлардан солиқ қандай ушлаб қолинади

Банк депозитларида маблағларини жойлаштиришидан нотижорат ташкилотига 10 млн сўм миқдорида фоиз ҳисоблаб ёзди.

Фоизларни тўлаётганда банк 15% ставка бўйича (1,5 млн сўм) солиқ ушлаб қолади ва уни бюджетга ўтказади. Нотижорат ташкилотига солиқ чегирилган сумма – 8,5 млн сўм ўтказилади.
Маълумот учун

Дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлари бўйича солиқ ҳисоботини тўлдириш тартиби ҳақида тавсияда ўқинг.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал